“Саломатлик – 2020”: Ўзбекистон тажрибаси етакчи

“Пойтахт” бизнес-марказида “Саломатлик – 2020” мақсадларига эришиш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси томонидан инсон саломатлиги ва бўлажак насллар камолотига салбий таъсир этаётган тиббий-ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммоларнинг олдини олишга йўналтирилган “Саломатлик – 2020” стратегияси ишлаб чиқилган.

Мазкур стратегия доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, миллий ва хорижий экс­пертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам ўз аксини топган “Соғ­лом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган миллий дастур ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, жаҳон илм-фани янгиликларини амалиётга кенг жорий этиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда соғлиқни сақлаш тузилмалари билан бир қаторда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам фаол иш олиб бораётир.

– Ўзбекистон инсон саломатлиги ва камолотига йўналтирилган сармоя ва эътиборни доимий ошириб бораётган давлатлардан биридир, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси вакили, доктор Агис Цоурос. – Юртингизда касалликларнинг олдини олиш, тиббий-ижтимоий барқарорликни таъминлаш, оналик, болаликни муҳофазалаш борасида ўзига хос тажриба орттирилган. “Саломатлик – 2020” стратегиясини жорий этиш борасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги илғор тажрибани ўрганиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жамиятни янада равнақ топтириш ва инсон саломатлигини муҳофазалашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бунинг натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичини узайтириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, санитария-эпидемиология муҳитини барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволашга эришилмоқда. Тиббий-ижтимоий соҳада эришилаётган бундай ютуқлар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

Хўш, “Саломатлик – 2020” лойиҳаси қандай вазифаларни ўз ичига олади? Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақаси Минтақавий қўмитаси 63-сессиясида Ўзбекистон ҳам қатор манфаатдор давлатлар сафида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди. Мазкур стратегия қабул қилинганига деярли бир ярим йил бўлди. Айни кунларда баъзи мамлакатларда “Саломатлик – 2020” ташаббусига асосланган миллий стратегик дастурлар, айримларида эса жорий этилган соғлиқни сақлаш амалиёти натижаларига мувофиқлаштирилган алоҳида стратегиялар ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Умуман олганда, “Саломатлик – 2020” ташаббусининг сиёсий платформасидаги тамойиллар нафақат Европа минтақаси, балки қатор давлатлар соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш йўлидаги чора-тадбирлар самарасини кучайтиришга йўналтирилгани учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Яна ўқинг:  ФАРЗАНДЛАРИМИЗГА шукроналик руҳини сингдирайлик

“Саломатлик – 2020” лойиҳаси минтақаларда ноинфекцион ва инфекцион касалликларга қарши курашиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий соғломлаштириш, молиявий муаммоларни ҳамкорликда бартараф қилиш каби асосий масалаларни ўз ичига олади.

Ўзбекистонда инфекцион касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш борасида муайян тажриба тўпланган бўлиб, ноинфекцион касалликлар профилактикаси бўйича ҳам қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда. Айни вақтгача Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳамкорлар иштирокида НИКнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича концепция ва режалар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилиши кўзда тутилган.

Тадбир давомида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси (ЕМБ) ва Женевадаги Бош қароргоҳи вакилларидан иборат делегация иштирокчилари стратегиянинг асосий тамойиллари ва унинг турли мамлакатларда жорий қилиш тажрибалари билан танишди.

Бу йўналишда етарли тажриба мавжудлигини инобатга олиб, Ўзбекистон ҳам ЖССТ ЕМБнинг соғлиқни сақлаш ривожини кўзлайдиган “Саломатлик – 2020” стратегиясига мувофиқ бирлаштирувчи ягона мақсадли ҳужжатни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш таклифини қабул қилди.

– ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси “Саломатлик – 2020” ташаббусини ижро этишга бел боғлаган барча давлатларга ёрдам беришга тайёр, – дейди ЖССТ ЕМБнинг Минтақавий директори Жужанна Якаб. – Биз “Саломатлик – 2020” лойи­ҳасидаги мақсад ва вазифалар фаолиятимизнинг барча йўналишларида устувор ўрин эгаллашини таъминлашимиз керак. “Саломатлик – 2020” ташаббуси нафақат соғлиқни сақлаш секторининг, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни ўз бурчи деб билган барча давлат ва нодавлат секторларининг эзгу мақсадларини ўзида ифода этади. Ҳаммамиз бирлашсак, минтақалар бўйлаб аҳоли саломатлигини яхшилай оламиз, шунингдек, кам таъминланган қатламлар вакилларини баҳоли қудрат қўллаб-қувватлаймиз.

Амалий очиқ мулоқот тарзида ўтган хал­қаро анжуманда “Саломатлик – 2020” ташаббуси доирасидаги вазифаларни бажаришда Ўзбекистон катта ижобий тажрибага эга экани ва мамлакатимизда соғлиқни сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўплаб бошқа ривожланаётган давлатлар учун намуна бўлиши мумкин, деган хулосага келинди.

Халқаро анжуманда “Саломатлик – 2020” стратегиясининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ўзига хос натижалар, тиббий-ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлиги натижаларига бағишланган маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2014/21)

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: