Қировда кўз очган гул

Қуёшнинг нури оламни ёритади. Оиладаги тинчлик, хотиржамликнинг ҳарорати юракни нурлантиради. Агар шу нур бўлмаса қуёшнинг нури ҳеч, болам…

Бу гавҳар сўзни момомиз айтади, тоши олмосни босадиган ҳикматларни яшаб-яшаб ўз ҳаётининг хулосасига айлантирган бобомиз айтади. Ҳикматлар қуввати мақсад томон из солади… Ҳаёт шундай, одам ҳамиша кўзлаган манзили томон ошиқади. Атрофга разм соласан! Йўлда шошаётган одамлар: тунги ишдан қайтаётган, боласини мактабга кузатаётган, дарсдан, ҳордиқдан… ҳамма бир манзил томон қадам олади: – у дунёнинг ҳар чеккасидан йўлга чиқсангда энг яқин йўл, адашмайсан, яқинлашганинг сайин ҳузур беради. Кўнглинг таскин топади. У ҳар кимнинг сипогина бўлсада, кошоналарга алмашмайдиган ўз уйи, ўз оиласи. У сени кутаётганлар, сен ҳузурига ошиқаётган яқинларинг! Уларнинг бир феълидан роҳатланиб, ўнидан озорлансангда ҳеч кимга алмаштирмайсан. Уни хаёлингга ҳам келтирмайсан. Фақат ўша бир феъли учун оддийгина аёл санаганимиз умрини оилага тиккан, бутун дунёсини – илму ҳунарини шу бахтга алмашган бўлади.

Ш ундай яшаш керакки, ортингга қараганингда афсусланишга ҳожат қолмасин, дейди. Аёл умрига елкаси оша кўз қирини ташлагандаёқ хулоса чиқариб, куч олади. Бу қувват қаердан пайдо бўлганини гоҳида ўзи ҳам сезмай қолади. Билсаки – Оиласи бир тўғон бўлиб, унга мадад бўлади.

Ҳар кимнинг излагани – умрининг мазмуни бўлади. Аёл ҳаёт маъносининг тўрт деворини ҳам бекам бутлаш учун жонини тикади. Қайнота-қайнонанинг дуоси, қаттиққўл жуфтининг камёб меҳрли нигоҳи, фарзандларининг эришган кичкинагина ютуғи уни энг бахтли Аёлга айлантиради. У ўзини унутади – даволанишни режа қилиб юрган бўлсада, қаери оғриётганини эсидан чиқариб юборади.

“Кимдир бахтни яратиб яшайди, кимдир борини қадрламайди, ушлаб қололмайди”. Бундай суҳбатлар тез-тез қулоғимизга чалинади.

Бахтга биринчи қадам! Унинг вақтини Сиз биласизми?! Йўқ, дунёнинг донишманди ҳам бундан воқиф бўлмаган… Ҳар ким ҳаёт матосини ўз қаричи билан ўлчайди. Унда орзулардан қад тиклайсан. Ўйларинг қўлларингдан тутиб, сени ёш боладек айлантиради. Қиқирлаб кулаётган қизалоқ айланаётиб катталар оламига тушиб қолганга ўхшайди. Унга кутилмаганда кутгани гул тутиб, тақдири боғланганда балоғат бекатига етиб келганини англайди. Хонасидан гулга муносиб жой ахтаради. Ота-онаси, ака-укасининг гулдасталари турган гулдон ҳам кичрайиб қолгандек эди. Топди! Ётоғининг бошидаги жойни бўшатиб, чиройли гулдонга солди-да, жилмайиб қўйди. У ўзининг бахтини кутишга шундай чоғланди. Ҳамма гулдан азиз билгани ва қадрлагани кафтларида тутиб эъзозлашини ният қилди. Ўзининг эса унга муносиб бўлиши учун доимо биринчи қадам ташлаши кераклигини кўнглига тугди.

Яна ўқинг:  Болалар кутубхонаси чорлайди

* * *

Ҳаётнинг пасту баланд сўқмоқларидан, йўқ балким кескир тошлар ётқизилган йўлакларидан оёқяланг ўтишга куч топганингда оиланг пойдеворини йиқиб бўлмаслигини ҳис қиласан. Энди уни ҳеч ким нуратолмайди.

Ҳар кимнинг излагани ўз кўнглида дейди. Кимдир бахт қидиради, кимдир бойлик. Зеро, оиладан топганинг ҳар неки саодатдан улуғ неъмат! Унинг қиёси фақат хотиржамлик, ишонч! Еганинг бир тишлам бўлса ҳам тўқсан, эгнинг сипо бўлса ҳам, ойнага солинган кўнглингда ҳаммадан бадавлатсан!

* * *

Ғаввос чиғаноқдан гавҳар излайди… Чиғаноқнинг қайси биридадир бўлиши керак. Хаёл етаклаб кетади. Изланаётган чиғаноқ ўғирланган эмасми?

Уни топиш қанчалар машаққат. Аммо, оила аталмиш қўрғон ҳимояси унданда мушкулроқдир.

Бу оилага синиқ дарвозадан кириларди. Эшикнинг ёнига ёпиштирилган ойнак ҳам синиқ эди. Ўн йил ўтса ҳамки уч фарзанди улғаяётган эр-хотиннинг гап сўзи бир жойдан чиқмасди. Хотин кўп ҳолларда индамай ютар, эр эса ичкиликдан бошини кўтармас, рўзғор ташвиши бутунлай аёлнинг зиммасида эди. Яна юз-кўзларининг кўкариши, “йиқилиб тушиши” кун сайин эди. Кутилмаганда ўзга юртга кетган эрининг вафот этганини эшитган аёл эсанкираб қолди. Аёлнинг тўкилиб йиғлаётганини кўрганлар ҳайрон бўлди:

– Болаларимга отасидек меҳрибон йўқ эди, энди ҳеч ким отасидек меҳр кўрсатолмайди… – эзиларди Аёл…

* * *

Аёл… 28 ёшида бева қолди. Тўрт
ўғлини катта қилди. Уч келин олди-ю, тўшакка михланди. Ака-укалар меҳрибон, аҳил. Она уларга ишонади. Аммо ҳар куни кичик ўғлининг тўйини тезлатишни сўрайди.

– Елкамдаги шу юкдан қутулсам, тинч кетардим, – дейди. Дорилар учун ажратилган пулини ҳам тўёнага қўшиб беради.

* * *

Ёруғ оламда мендан бахтли одам йўқ эди. Болаларимнинг отаси оиласини бошида кўтарарди. Қўшиқда айтилганидек отамдан ҳам, ака-укамдан ҳам азиз билардим. Кутилмаганда бошимизга ташвиш тушди. Туҳмат тамғаси олингунча не синоатларни кўрдик, – аёлнинг кундалигидаги ёзувлар сиёҳи кўз ёшидан ёйилиб кетган эди. – Болаларнинг соғинчи, саволи эзиб ташларди. Танамни кўтаришга куч топардиму, юрагимни кўтаришга куч тополмасдим.

– Адам туғилган кунимга гул обкеладими? – қизалоқ тўртта бармоғини кенг ёйиб кўрсатади.

– Қўғирчоқ олиб келади…

– Гулниям-а?! Оқ гулларни… кўп-а, – қўлларини катта очиб, қўйни гулга тўлгандек чеҳрасига табассум югуради…

Яна ўқинг:  Хотиранинг мустаҳкамлиги тезкор фикрламоқ дегани

Отасининг маоши билан хатини олиб келишди.

– Қизимга, албатта, гул ва совға оберинг, – деб таъкидлаганди. Айтганларини қилдим.

У гулни эҳтиётлардик. Кейин эса қуриган гулдастани гулдонга аста солиб тўрдаги шкаф устига қўйдик. Битта барги ҳам тушмас, елимлаб ёпиштириб қўйганга ўхшарди.

Худди китоблардагидек, кинолардагидек гулдондаги гулни 4 йилу 4 ой 10 кун авайладик. Токи отасининг ўзи гул олиб келмагунча уни сақладик.

Менинг туғилган кунимга эса атиргулнинг баргини мактубга қўшиб жўнатди… “Гулдаста ўрнида қабул қилинг”. Бу менга дунёдаги жамики гуллардан қадрли эди. “Менинг айбим йўқ, ҳали кўрасиз! Фақат бошингизни эгманг! Бўйин эгадиган иш қилганим йўқ. Янги курткам ва этигимни сотиб болаларга қишки кийим олиб беринг”. Мен отасининг тезроқ қайтишини кутиб кун санардим ва шиппакларимизни ёнма-ён қўйиб таскин олгандек бўлардим – 4 йилу 4 ой 10 кун.

“Эркакнинг кийими устига аёлникини илиш ҳурматсизлик. Хақмисан, нохақмисан эрга тик қарама, гап қайтарма”. Онамнинг айтгани қулоғимизгамас, юрагимизга муҳрланиб қолганди. Васиятни бузиш одамийликка хиёнат эди. У ҳақда ўйламасдик ҳам.

Онамдан сўрайман: – ҳеч ажралиш ҳақида ўйлаганмисиз? Ҳаётда ҳамма нарса бўлади-ку…

– Ҳа, рост. Локин, ажралиш деган ўй хаёлимнинг четигаям келмаган. Унақа нарсани ўйлашга бекорчи вақтим бўлмаган. Одам хаёлидаги хиёнатдан ҳам озор чекса у асли одам.

Онамнинг ҳар суҳбати бир дарс!

– Қаерда бўлсанг ҳам, овқат пайтгача уйингда бўл, – улар кичиги қирқдан ошган қизига ҳам шундай уқтирарди…

– Одам фақат қорин учун яшайдими, – дейди улар. – Дунёси кўнгил деганидан ортиқми, кўнгил бўлмаса, дунёси бир пул. Эркакнинг ҳиди бор уй баракали.

Онамнинг хулосаси шу. Уни ҳеч ким ўзгартиролмайди.

– Нимага ҳамма она, она дейди. Топадиган отаю, уларни айтсин аввал!

Отам онам учун ягона одам эди! Отам яхши кўрадиган ҳар нени онам эҳтиётлаб, паналатиб қўйгиси келар… дунёни отамнинг кўзи билан, юраги билан кўрарди. Отамнинг жавоби – саёҳатлар, энг сўнгги урф матолар, тансиқ таомлар онамга эди… Энди билсам улар бир-бирини беозоргина ардоқлаб, авайлаб асраркан. Ҳақиқий оила дегани жуфтликнинг уйғунлашиб, бир бўлиб кетиши экан, дея хулосалайман.

Яна ўқинг:  Синхрон сузиш мусобақаси

* * *

Уни тақдир кўп синади. Укаларим ни ташлаб оила қурмайман, деди. Ука сингилларига бош бўлиш унинг елкасига тушди… Ҳаммаси уй-жойли бўлди… У эса қирқдан ўтиб ўзини ёлғиз сезди. Мен ҳам ёнимда бошимни қўядиган елка, юрагимга таянч, кунларимга оддий аёллик бахтини туйиш саодатини бахш этадиган Одам бўлишини шунчалар хоҳладимки… ҳозир ёнимдаги яқин дўстларим, танишларимни ҳам хоҳламайман… Тезроқ улар билан йўлимиз бўлинса-ю хаёлларим билан кетсам… Йиғлайман, нега? Билмайман, ўзимга раҳмим келмайди… Мен кўпларнинг ҳаваси келадиган одамман… Қўл телефонимга хат келади… Менга аталмаганини билсамда муҳаббат мактубларини кутаман… Ҳар сафар хат хабари эшитилганда кутганидан мактуб олган кишининг ҳаяжони босади мени.

* * *

Ёнингдаги одам – ким?! Умр йўлдошинг. У сени ё бор қилади, ё йўқ… Самандар шу гапни кўп такрорларди. Қийинчиликда ўсиб, оёққа турган йигит ўғлини уйлади. Хотинига сўз берганда ўғли ва келинини табриклаб:

– Отангдек меҳнаткаш, ростгўй, ҳалол, меҳрибон бўлгин болам, – деганида Самандарнинг кўнглидан нималар ўтганини ўзи билди.

* * *

Ҳа, аёл жасоратли, оқила, бардошли. У хўрликка, очликка, жамики азобларга чидаши мумкин, аммо ғурурининг топталишига йўл қўймайди. Бошдан оёқ кийими сабрдан. Юзта томирининг тўқсон тўққизи кесилиб, бири қолганда ҳам ҳаётга тик қарашга табассум топади. У ҳамма соҳада фаол, фидойи. Аммо билиб туриб жиноят кўчасига кирган, оналикдан, аёлликдан юз ўгирганлар борки, улар биздан эмас! Ўзлигига хиёнат қилганлар – энг яхши мерос – аёлга эъзоздан маҳрумдир.

Енгил одам енгилади. Тош оғирлиги учун жойини топади. Ёғоч тиклиги учун қарсиллаб синади. Майса бўронларда эгилиб яна ўзини тутиб олади.

Аёл эса тик қаддини майсадек эгиб, оёғи тоймасдан яна қаддини расолашга куч топади. Полвон ҳар куни майдонга тушолмайди, аёл эса уйқусида ҳам курашиб яшайди.

Аёлнинг қувончи, дарди унинг кўзида акс этади. У қировда кўз очган гулки, ҳеч бир ёвузлик уни мавҳ этолмайди.

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: