Катарактадан ҳоли олам янада равшан

Инсон кўз касалликларига учрамаслиги учун нима қилиши лозим? Кўзни асраб-авайлаш билан боғлиқ қандай маслаҳатларга муҳтожсиз? Биз шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида тиббиёт фанлари номзоди, офтольмолог Равшан Мираҳмедовга мурожаат этдик:

– Маълумотларга кўра, кўзнинг ожизлигига олиб келувчи асосий сабабларнинг 50 фоизини айнан, катаракта хасталиги ташкил этаркан…

– Катаракта касаллиги ҳам кўз касалликларидан бири бўлиб, хасталик ривожланиш жараёни кўз гавҳарининг хиралашиши ва кўриш қобилиятининг пасайиши орқали кузатилади. Дунёда катаракта касаллигига аҳолининг 3 фоизи, асосан, ёши қирқ-эллик ёшдан ўтган инсонлар учрайди.

Ҳозирги кунда юртимизнинг чекка ҳудудларидаги тиббиёт масканлари ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланаётганлиги туфайли ушбу хасталик лазер жарроҳлик йўли билан осонгина бартараф этилмоқда. Бу касалликнинг бошланғич даврида ультратовуш билан даволаш усули қўлланилмоқда. Катаракта олиб ташлангандан сўнг, кўз нурини тиклаш мақсадида сунъий гавҳар-интроокуляр линза қўйилади. Бу юмшоқ линзалар кўзга бутун умрга ўрнатилади. Линзалар зарарсиз бўлиб, улар инсонга табиий гавҳар каби яқин ва узоқ масофани кўзойнаксиз кўра олиш имконини беради.

– Катаракта хасталигини қандай аниқлаш мумкин ва ушбу касалликнинг белгилари қандай кузатилади?

– Агар биз кўзни фотоаппарат деб тасаввур қилсак, кўз гавҳари объектив вазифасини ўтайди. Қачонки, кўз гавҳари соғлом бўлиб, яхши ишласа, атрофдаги нарсаларни яққол, аниқ-тиниқ кўра оламиз. Агар у хиралашиб қолса, кўриш қобилияти ёмонлашади. Бу ҳолат катаракта дейилади.

Катаракта қарилик белгиси ва у оддий жараён ҳисобланади. Бу касаллик кўз хасталикларининг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, қирқ ва ундан ортиқ ёшга кирган кишиларда табиий равишдаги кўриш қобилиятининг пасайиши билан кечади. Бундан ташқари, ёшга боғлиқ катарактадан ташқари, гавҳарга бирор шикаст етганлик натижасида ҳам кўз хиралашиши мумкин.

Катаракта хасталигида беморнинг кўз гавҳари ўз шаффофлигини йўқотиб, ёруғлик нурларининг бир қисми тўрпардага етиб келмайди. Натижада кўз хиралаша бошлайди. Катарактада кўриш қобилиятининг пасайиши ёки умуман йўқолиши, кўз ўнгида оқ парда ёки тўқ доғлар пайдо бўлиши, кўриш шаклининг бузилиши, битта нарсанинг кўп бўлиб кўриниши, ёруғликка ўта сезувчанликнинг (миопия) пайдо бўлиши ёки кучайиши, кўз босимининг ортиши, оғриқлар пайдо бўлиши ҳолатлари кузатилади. Хасталикка чалиниш хавфини оширувчи омилларга генетик мойиллик, организмда моддалар алмашинувининг бузилиши, қандли диабет, авитаминоз, ультрабинафша нурлардан таъсирланиш, ноқулай экологик муҳит ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  ЎСПИРИНЛИК – НОЗИК ДАВР

– Катарактани даволашнинг консерватив усуллари ҳам борми ва у қайси даврда операция қилинади?

– Бу хасталикни олдини олувчи ва уни даволовчи самарали дори воситалари ҳали мавжуд эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари катаракта хасталигини даволашнинг ягона ва самарали усули – бу жарроҳлик амалиёти эканлигини тасдиқлайдилар. Шу боис беморнинг жарроҳлик йўли билан тўлиқ тузалиб кетишига эришилмоқда.

Баъзи кўз мутахассисларида “кўз бутунлай кўрмай қолганда, яъни катаракта етилганида операция қилиш керак”, деган янглиш фикрлар учрайди. Бизнинг клиникамизда эса тажрибаларга асосланиб, қўлланиладиган илғор усул яъни, уни етилгунича кутмасдан, катарактанинг дастлабки босқичидаёқ кўриш қобилиятини қайта тиклаш имконияти қўлланилмоқда. Шунингдек, иккиламчи глаукома (кўз босими) билан мураккаблашган катаракта ҳолатларида ҳам тезкор операция қўлланилиши касалликни бартараф этишда яхши натижаларни бермоқда.

– Даволашни қандай усуллари мавжуд?

– Катарактани даволашнинг турли усуллари мавжуд. Улар, кўз томчилари каби махсус дори воситалари билан даволаш ва жарроҳлик йўли билан даволаш усулидир. Жарроҳлик амалиётининг мақсади битта – хиралашган кўз гавҳарини олиб ташлаш ва ўрнига сунъий гавҳар қўйишдир.

Консерватив даволаш усули одатда касаллик ривожланишини вақтинча тўхтатиб туриши мумкин, аммо бутунлай даволай олмайди. Шу боис консерватив даволаш катарактанинг бошланғич даврида қўлланилинади. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, баъзан жарроҳлик амалиётини ҳам қўллаб бўлмайди. Бунда лазер даволашнинг асосий усулига айланади. Катаракта узоқ давом этувчи касаллик ҳисобланганлиги боис, томчилар билан даволаш мунтазам қўлланилиши керак. Катарактадаги кўз томчилари фақат офтольмолог томонидан тавсия этилади.

– Қандай омиллар катарактани етилишига сабаб бўлади?

– Даволаш жараёнидаги танаффуслар катаракта етилишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда замонавий усуллардан бири ҳисобланган – ультратовуш факоэмульсифакациясидан фойдаланилади. Унда сунъий гавҳар ҳеч қандай чораларсиз кичик кесиш орқали қўйилади.

Катаракта хасталигининг ривожланиши гавҳарнинг сувсизланиши билан боғлиқ. Сувсизланиш натижасида гавҳар керакли озуқани ололмайди. Бошқа хасталиклар каби катарактанинг келиб чиқиши ҳам овқатланиш тартиби ва маҳсулотлар сифатига боғлиқ эканлигини унутмаслик лозим. Кўз нури учун С витамини жуда фойдали. Ундаги эркин радикаллар шикастланишнинг олдини олади.

– Кўз хиралашишидан нолийдиган катта ёшдаги кишилар неча ёшдан бошлаб кўзойнак тақишлари мумкин?

– Инсон қирқ ёшдан сўнг яқиндан кўриш учун кўзойнак тақиши табиий ҳол. Чунки бу гавҳарда юзага келадиган ёшга хос ўзгаришларга боғлиқ бўлади. Шу боис, бу ёшдагилар кўз шифокори кўригидан ўтиб туришлари, кўзни асраш ва зўриқтирмаслик учун шифокор тавсия этган кўзойнакларни тақишлари лозим.

Яна ўқинг:  Ультрабинафша нурининг ижобий таъсири

– Кўзни равшанлаштириш учун қандай машқларни тавсия этасиз?

– Бунда кўз соққасини ўйнатувчи машқлар тавсия этилади. Масалан, стол тенниси ўйнашга одатланиш ёки теннис коптокчасини кузатиш кўз учун яхши гимнастика ҳисобланади. Дераза ойнасига бирор нарсани қўйиб, унга яқиндан ва узоқдан қараш, яшил майсазорга тикилиш ҳам кўзга дам беради. Шунингдек, ҳар куни ўртадаги учта бармоқлар билан қовоқни секин босиб, кўзларни юмиш кўздаги микроциркуляцияни (қон айланиши) яхшилайди.

Марям АҲМЕДОВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: