СУЯК ВА АСАБ: боғлиқлик борми?

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандар ХЎЖАНОВ билан болалар травматологияси бўйича суҳбатлашдик.

– Бугунги кунда болалар ўртасида тирсак бўғин жароҳатлари кўп учраяпти. Ушбу жароҳатларни даволаш борасида тиббиётимиз қандай салоҳиятга эга?


– Тўғри, тирсак бўғин жароҳати болалар ўртасида бошқа жароҳатларга қараганда кўп учрамоқда. Бундай бемор зудлик билан болалар травматологи кўригидан ўтиб, тиббий стандартлар бўйича муолажа олиши керак. Акс ҳолда, бемор ногирон бўлиб қолиши мумкин. Ҳозирги кунда бундай жароҳатлар босқичма-босқич даволанади. Бу жараёнда Илизаров аппаратидан фойдаланиб, жароҳат жойи кесилмай, тортиб тўғриланади. Бу бемор вужудида деярли оғир асорат қолдирмайди.

– Болаларда шифохона шароитида бундай даволаниш курси тугагач, уни уй шароитида патронаж қилишда нималарга асосий эътибор қаратилиши лозим?


– Патронаж ҳамшира бемор боланинг жароҳат жойини кўздан кечириб, йирингли ҳолат бор-йўқлигини кузатиб бориши керак. Агар жароҳатдан қон ёки йиринг чиқаётган бўлса, зудлик билан маҳаллий шифокор кўригига йўллаш лозим.

– Болаларда остеопороз касаллигини келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида маълумот берсангиз?


– Бола организмида минераллар камайиши, туғма диспластик касаллик­лар, баъзи суяк бўғим касалликларнинг нотўғри даволаниши кейинчалик боланинг суяги мўртлашишига олиб келади. Шу ўринда яна бир муаммони ҳам айтиб ўтишни истардим. Ҳамшираларимиз яхши билади, илгари тиббиётда суякдаги кичик синишлар уч ҳафтада битади, деган қараш бор эди. Бугунги тиббий кузатувлар бу қараш у қадар тўғри эмаслигини кўрсатаяпти. Аксарият шундай жароҳат олган беморларнинг тузалиши анча чўзилаяпти. Жароҳатланган аъзони кўпроқ вақт гипсда сақлашга зарурат туғилаяпти..
Узоқ вақт гипсда туриб ҳаракатланишдан қолган аъзода модда алмашинув ва бошқа жараёнларга зарар етади. Натижада иккиламчи касалликлар келиб чиқиши мумкин. Бу муаммо тиббиётимиз олдига янги вазифа қўймоқда. ­Яъни, жароҳатни кам муддатга гипслаш ва даволашни такомиллаштириш вазифасини. Албатта, илм-фанимиз бу борада муайян натижаларга эришмоқда. Тиббиётимизнинг бу ютуқларидан барчани баҳраманд этишда ҳамширалар ҳам фаол бўлиши бугунги куннинг муҳим талабидир.

– Суяги жароҳатланган беморларда асаб толаларига ҳам шикаст етиши мумкинми?


– Инсон вужуди шундай мукаммал яратилганки, ҳар бир аъзонинг ўз ўрни, ўз вазифаси бор. Жумладан, суякларимиз бизга узоқ йиллар хизмат қилиши учун бутун вужудимиздаги, айниқса, суякларга туташган асаб толалари ҳам соғлом бўлиши керак. Агар суякка жароҳат етса, жароҳат жойига яқин жойлашган асаб толалари ҳам бундан зарар кўрмай қолмайди. Шу боис суяк жароҳатларини тўлақонли даволаш ишлари кўп ҳолатларда нейрожарроҳ, невропатолог шифокорлар билан ҳамкорликда олиб борилади. Ҳозирги кунда тиббиётимизда бу йўналишда электронейромиография усули кириб келиши касалликка аниқ ташхис қўйиш ва беморни соғлом ҳаётга қайтаришда катта имконият бўлмоқда.

– Суяк чиққан ёки синган ҳолатларда табибларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Бу тўғрими?


– Бу нотўғри, чунки суяк жароҳатлари жуда мураккаб хусусиятларга эга. Бундай ҳолатда жароҳат организмнинг қайси аъзоларига қай даражада зарар етказганига аниқ ташхис қўймасдан бирор натижага эришиш қийин. Ҳозир кўпгина табибларимиз бу масалага анча жиддий ёндашади. Яъни, беморга шифохонага боришни тавсия этадилар. Бироқ, кўпгина ота-оналар бу тавсияларга риоя қилмайди. Натижада боланинг суяги чиққан жойида кучли оғриқ бошланади. Баъзида жиддий касалликлар ҳам ривожланган бўлади. Бундай вазиятда беморни даволаш узоқ чўзилиши мумкин. Оилаларга борганингизда бу ҳақда ота-оналарга такрор-такрор тушунча беришингиз фойдадан холи бўлмайди.

– Кўкрак деформациялари қандай касаллик?


– Бу генетик касаллик саналади. Унинг бир неча турлари бор. Бизда асосан гирдобсимон деформация кўп учрайди. Бунда кўкрак ичкарига кирган бўлади.

– Чақалоқлар кўригида бу касалликнинг илк белгиларини аниқлаш мумкинми?


– Бу касаллик бола ўсиши билан ривожлана боради. Агар боланинг кўкрагини пайпаслаб кўрсангиз, у ичкарига кириб кетаётгани аён бўлади. Бундай ҳолатда дарҳол болани ортопед кўригига йўлланг. Касаллик қанча эрта аниқланса, самарали даволанади.

– Кўкрак қафасида операция ўтказган бемор болалар билан уй шароитида қандай соғломлаштириш муолажаларини ўтказиш мумкин?


– Аввало, уларнинг тўғри овқатланиши, тоза ҳавода сайр қилиши, юк кўтармаслигини назорат қилиш керак. Улар билан нафас машқларини ўтказишингиз мумкин. Бир кунда 3-4, ҳатто, олти мартагача 15-40 дақиқа давомида нафас машқи ўтказиш тавсия этилади. Чуқур нафас олиниб чиқарилади.

– Болалар кўпроқ қаерда жароҳат олади?


– Маиший, яъни уйда, кўчаларда, болалар майдончаларида болалар кўп жароҳат олади. Айниқса, ёз мавсумида бундай муаммолар кўпаяди. Бунга болаларнинг ёзда уйда ота-она томонидан қаровсиз қолдирилиши ҳам сабаб бўлади. Доимий равишда аҳоли орасида, хонадонларда тиббий тарғибот юритувчи патронаж ҳамширалар оилаларга борганда ота-оналарни бу масалада огоҳликка чорлаб, болалар ўртасида жароҳатланиш­ларнинг камайишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

– Кўп ҳолларда бола жароҳатланса, қисқа вақтда оғриқ ўтиб кетади ва ота-­она бундан хабарсиз қолиши мумкин. Қандай ўзгариш­лар бола вужуди жароҳат туфайли қийналаётганини анг­латади.


– Шикастланган аъзони қимирлатиб бўлмайди. Суяги синган аъзо, қўл-­оёқнинг шакли ва узунлиги ўзгаради. Кўпинча, тўлиқ бўлмаган суяк синишлари дарҳол сезилмайди, унинг белгилари аста-секин намоён бўлади. Шу сабабли суяк синишини лат ейиш, эт узилишидан ажратиш қийин. Буни фақат махсус текширувдан кейин билиш мумкин.

– Суяк синганда биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби қандай?


– Суяк синишида кўрсатиладиган биринчи ёрдам синган жойни тахтакачлаб қўйишдан иборат. Биринчи ёрдам берилаётганда шикастланган аъзони бутунлай тўғрилаш учун ҳаракат қилиш ярамайди. Бундай уринишлар қаттиқ оғриққа сабаб бўлиши, асаб ва томирларни жароҳатлаши мумкин. Ҳар қандай очиқ ёки ёпиқ синишлар касалхонада даволанади.

– Суяклар соғлом ва бақувват бўлиши ҳамда инсонга узоқ хизмат қилиши учун нималарга эътибор қаратишни тавсия этасиз?


– Аввало инсон ўзини ҳам, яқинларини ҳам, айниқса, фарзандларни шикастланишдан эҳтиётлаш керак. Уйда болалар бемалол ҳаракатланиши, кексалар уйга кириб чиқиши учун қулай шароитлар яратиш лозим. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи юритиш, зарарли одатлардан узоқ бўлиш, сурункали касалликларни ўз вақтида даволаш ва яхши ҳазм бўладиган, калорияли ва витаминларга бой овқатлар истеъмол қилиш саломатликнинг муҳим омилидир.

Яна ўқинг:  Кимга қанча йод зарур?

Дурдона МУРОТАЛИЕВА

суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: