Бола ва телереклама

Катта ёшли одам турли мавзудаги реклама ва эълонларни кўриб, унинг қай бири рост ва қай бири ёлғон эканлигини ажрата олади. Болаларни эса, жуда ишонувчан бўлганликлари боис мусиқали, ранг-баранг ва айниқса ҳайвонлар иштирокидаги рекламалар батамом мафтун қилиб қўяди.

Ташқаридан қараганда, гўдак вояга етгунча ҳар бир ишни унинг ўрнига ота-онаси ҳал қилади. Аслида эса болалар, айтайлик бирон ўйинчоқ ёки ширинликни айнан ўзлари танлашади, ҳатто ўз истаклари билан катталарга ҳам таъсир ўтказишади. Табиийки, уларнинг ҳохиш-истаги кўпинча реклама роликларини кўриш орқали ҳосил бўлади. Буни аллақачон тушуниб етган маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, болаларни энг қулай томошабин сифатида тан олиб, бундан унумли фойдаланишади. Кўп вақтини телевизор қаршисида ўтказадиган болалар бошқа, кўпроқ жисмоний ўйинлар билан шуғулланадиган тенгдошларига нисбатан ўта таъсирчан ва ишонувчан бўлиши илмий жиҳатдан исботланган.

Реклама болалар ва ўсмирлар руҳиятига қандай таъсир ўтказади?

Рекламани кўп кўриш натижасида болада янги талаб ва истаклар пайдо бўлади. Масалан, авваллари нонушта ва тушлик ўртасида ҳеч нарса емаган бола энди орада шоколад ёки бошқа ширинликларни “тамадди”қилиш лозимлигини талаб қилади.

Авваллари бола велосипед учишни хуш кўрарди, турли ўйинчоқларни соатлаб, зўр қизиқиш билан ўйнаб ўтирарди. Энди эса у янги-янги видео ўйинлар олиб беришни талаб қила бошлади. Организм учун фойдали бўлган қуруқ ҳамда хўл мевалар ўрнини катта пуфак қилиб шиширса бўладиган, ичидан “мўжизали” суратлар чиқадиган сақичлар, янги сиқилган мева шарбатининг ўрнини эса “кола” ва “фанта”лар эгаллайди.

Хўш, нима қилиш керак?

Бола қизиқарли кўрсатув ёки мультфильм кўраётган бўлса, реклама танаффуси пайтида телевизорни ўчириб туриш ёки товушини пасайтириб қўйиш керак. Аста-секин унинг ўзида шундай кўникма ҳосил бўлади.

Бола руҳиятида рекламага нисбатан танқидий муносабат билдира олиш қобилияти шаклланишига ёрдам бериш керак. У билан бирга реклама қаҳрамонлари устидан ҳазил қилиб туриш лозимки, бола рекламани жиддий қабул қилмасликка ўргансин;

Болани реклама тасвири ва реал ҳаёт ўртасидаги фарқни солиштира билишга ўргатинг. Агарда фарзандингиз бир зумда тайёр бўладиган таомларга ҳаваси келиб, ейишни истаб қолса, ушбу таомнинг тайёрланиши, таркибини ўқиб беринг ва ойнаи жаҳонда намойиш этилган “иштаҳали” рекламалар актёрлар ёрдамида саҳналаштирилишини тушунтиринг.

Яна ўқинг:  Ёш оилалар учун турар жой олишга имтиёзлар

Хуллас, қандай қилиб бўлмасин, фарзандингизнинг реклама “қулига” айланиб қолишига йўл қўйманг! У билан кўпроқ онгни ўстирувчи, нутқни ривожлантирувчи ҳамда хотирани мустаҳкамловчи турли ўйинлар ўйнанг. Бундан ташқари, бола истеъмол қилаётган таом ва ичимликлар реклама қилинган бўлиши шарт эмас, энг асосийси у табиий ва фойдали маҳсулотлардан ташкил топсин!

Наталья ГУДКОВА,

психолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: