Мақсад йўлларида толиб бўлмайди

Буюклардан бири айтган экан: “Ёшлик, бу – орзу, ишонч. Бу жасоратга интилиш. Бу келажакка тузилган улкан режалар ва истиқболнинг бошланишидир”.

Дарҳақиқат, ёшлик эзгу мақсадларнинг дебочаси ҳисобланади. Инсон бор экан, шу даврдан ўз ҳаётий режаларига тамал тошини қўяди. Ҳаёт йўлларида ўзига ҳамроҳ бўлган қизиқиш, меҳнат ва сабр-қаноат ортидан, албатта, орзулар ижобати бўй чўзади.

Болалигидан тиббиёт соҳасига қизиққан Мақсадбек ҳам келажакда етук шифокор бўлиш орзуси билан вояга етди. Шу истак уни Андижон давлат тиббиёт институтига етаклайди.

2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳиби бўлган Мақсадбек шу йилнинг ўзидаёқ “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Давлатимизнинг бир қатор нуфузли мукофотларини қабул қилиш баробарида зиммамда масъулият нечоғли катта эканини ҳис этдим, – дейди у ўзининг муваффақиятлари ҳақида сўзлар экан. – Аммо, яқинларимнинг кўмаги ва танлаган касбимга меҳр ҳамда қизиқиш менинг кейинги фаолиятимга куч бағишлади.

2011 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини имтиёзли тамомлаган Мақсадбек Тошкент тиббиёт академиясининг магистратура бўлими Акушерлик ва гинекология йўналишида ўқишни давом эттирди. У бугунги кунда академияда таълим олиш билан бирга мураккаб акушерлик ва гинекологик ташхисларда ассистентлик вазифасини ўташ билан бир қаторда “Антенатал депрессияга учраган аёлларда ҳомиладорлик ва туғруқ натижалари” мавзусидаги магистрлик диссертациясини ёзиш билан банд.

Назариянинг амалиёт билан уйғунлиги мустаҳкам билим асосидир. Айниқса, бу шифокорлик соҳасида жуда муҳим ва зарур ҳисобланади. Шунинг учун Мақсадбек Зоҳидов ўз билимини мустаҳкамлаш ва ўз илмий иши борасида тажриба тўплаш мақсадида Тошкент шаҳар И.Эргашев номидаги шаҳар клиник шифохонасининг туғруқ-гинекология, жонлантириш ва жарроҳлик бўлимларида илмий иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Ёш шифокорнинг фаолияти билан чуқурроқ танишар эканмиз санъат, таржимонлик соҳаларида ҳам юксак қобилият эгаси экани намоён бўлади. У қатор йиллардан буён вилоят ва республика миқёсидаги турли миллий байрам ва оммавий тадбирлар, кўрик-танловлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ва ёшлар фестиваллари каби акцияларда мунтазам иштирок этиб келаётир. Шунингдек, Мақсадбек “Камолот” ЁИҲ “Ёш лидерлар ассоцияциаси”нинг фаол аъзоси бўлиш билан бирга республикада фаолият юритаётган “Дилхирож”, “Андижон полькаси” ва “Мерос” йигитлар рақс ансамблларининг яккахон ижрочиси ҳамдир.

Яна ўқинг:  Sport, san’at va iroda

Қаҳрамонимиз магистратура талабалари орасида ўтказилган “Ёш олимлар кунлари” илмий анжуманида “Антенатал депрессияга учраган аёлларда ҳомиладорлик ва туғруқ натижалари” номли маърузаси билан иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади.

2013 йил Обод турмуш йилига бағишланган “Тиббиёт, биология, биофизика ва биохимиянинг долзарб муаммолари” мавзусидаги “Он-лайн” илмий-амалий видеоконференциясида диссертация иши натижаларидан иборат инглиз тилидаги маърузаси, “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилган “Назарий ва амалий тиббиётнинг долзарб муаммолари” инглиз тилидаги халқаро илмий-амалий анжуманда “Outcomes of pregnancy and childbirth on women with antenatal depression” маърузаси билан иштирок этди. Бу ўз соҳасига тааллуқли нафақат ўзбек тили, балки чет тилидаги адабиётларни ҳам мутолаа қилиб боришга ундади. Мазкур саъй-ҳаракатлар илмий ишининг айнан инглиз тилида ҳимоя қилинишига замин ҳозирлади.

Юрт келажаги ва ривожи ёшларининг ўй-фикрлари ва кўзлаган мақсадларидан белгиланади, дейишади. Зеро, Мақсадбек каби интилувчан ва иқтидорли ёшларнинг сафи кундан-кун ортиб бораётгани қувонарлидир.

Гулноза ҚУВОНДИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: