Миннатдорлик мактублари
Инсон табиатан ширин сўз ва эътиборнинг шайдоси ҳисобланади. Эҳтимол шунинг учундир, меҳр-муҳаббат қанчалар кўп кўрсатилмасин унга ҳамиша эҳтиёж сезаверасан. Айниқса, қалби хасталанганлар шифо топиб кетишлари учун эътибор ва ғамхўрлик осмон қадар чексиз, уммон қадар тубсиз бўлмоғи даркор.
Мен шифо топган Тошкент шаҳридаги Республика руҳий касалликлар клиник шифохонасида хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари шундай инсонлар сирасига киради десам, муболаға бўлмайди. Тақдир тақозоси билан мазкур даргоҳга шифо топиш мақсадида келдим. Гулжон Макенова, Ирина Николаевна каби кўплаб ширинсўз, дилкаш шифокорларнинг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли тезда шифо топиб оиламга қайтдим.
Мен шу ерда даволаниб, инсон кўнглидан-да қадрлироқ, азизроқ неъмат йўқ эканлигини яна бир бор ҳис этдим. Бунинг учун киши қалбини ҳамиша эъзозда тутган шифокорлар доимо бор бўлсин!
Нигина НИЗОМОВА,
Тошкент вилояти
Соғлик инсоннинг энг катта бойлигидир. Шу сабабдан биз соғлигимиз посбонлари бўлмиш шифокорларга ўзгача ҳурмат билан қараймиз. Уларнинг ширин сўзи, билими, касбига бўлган муҳаббати ўзингга, яшашга бўлган ишончинг янада ортади. Ана шундай қўли енгил шифокорлардан бир гуруҳи Республика Перенатал марказида фаолият олиб боришда уларнинг жонкуярлиги, ширинсўз ва меҳрибонлиги ҳамда ўз ишининг устаси эканини кўриб яна бир карра шифокорларга нисбатан ҳурматим ошди.
Яқинда қизим Умида Қорабоева перенатал марказда даволанди. Муассаса ходимлари врач-гинеколог Жаҳонгир Ғофуров, Ҳожия Миразимова, анестизеолог шифокорлар Сергей Тараян, ҳамширалар М. Зокирова, Ж. Кенжабоева, С. Алимова, Д. Умарованинг ўз ишига фидойилик билан ёндашишлари, ҳар бир беморга чин кўнгилдан ёрдам беришларидан бошим осмонга етди. Шундай жонкуяр инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Малоҳат Назарова,
Тошкент шаҳри