Ноанъанавий дарс

математикани ўрганишда муҳим ўрин тутади

Азал-азалдан комил инсон ғояси халқимизнинг эзгу орзуси бўлиб келган. Шу сабабли бугунги кунда ҳам жамиятимизда соғлом авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Таьлим тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг ижроси сифат босқичига кўтарилиб, самарадорлик асосий ўрин эгаллаяпти. Шу жиҳатдан мустақил фикрли шахсни камолга етказиш миллий мафкурамизнинг бош ғояларидан биридир. Жамият тараққиёти, комил инсон тарбияси тизимдаги ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир.

Маълумки, инсоннинг имконияти ҳар бир фанни маълум даражада ўзлаштиришга етарли. Фақат унга тизимли равишда билим бериш ва ўзлаштириши учун яхши раҳнамолик қилиш лозим.

Ана шу талаблардан келиб чиқиб, биз дарс жараёнларида математика ва информатикани танлаган ўқувчилар учун алоҳида эътибор ва қўшимча адабиётлар кераклигини англаб, уларни янада рағбатлантаришга ҳаракат қиляпмиз. Бунда математика, информатика тўгараклари, фан олимпиадалари ҳамда турли мусобақалар муҳим ўрин тутади.

Ўқувчида ҳар қанча иқтидор бўлмасин, у ўқитувчи томонидан рағбатлантирилмас экан, ундан бирон ижобий натижани кутиш амри маҳол. Шунингдек, ўқувчилар ҳам ўзи қизиққан фан билан ҳар куни шуғулланиши, изланиши зарур. Шу сабабли, болаларнинг ёшига, фикрлашига, иқтидорига қараб мисол, масалалар берамиз ва болалар билан янада яқинроқ ва яхшироқ муносабатларни ўрнатишга ҳаракат қиляпмиз.

Дарс мазмуни ва самарадорлигини оширишда ноанъанавий дарс услублари яхши натижа беряпти. Бу билан сифат самарадорлиги 70 – 75 фоизга ошмоқда. Масалан, “Ақлий ҳужум” усули ўқувчиларда қўлланилганда яхши самара беради. Бу усул бирор муаммони ечишда гуруҳ қатнашчилари томонидан билдирилган эркин фикр ва мулоҳазаларни тўплаб, улар орқали маълум бир ечимга келинадиган самарали усулдир. Айниқса, мантиқий масалаларни ечишда жуда яхши самара беряпти.

5-6 синф ўқувчиларида қизиқарли мисол-масалалар ва шеърий топишмоқлардан фойдаланилса, дарс мавзуси янада яхши ўзлаштирилади.

Мисол учун: Илдизи бор ўсмайди,

Кўплар уни излайди.

Билими йўқ билмайди,

Номи унинг нима эди? (тенглама)

Яна мисол: “Дадам мендан 30 та тухумни тоқ сондан, тоқ кунда еб тугатишимни талаб қилдилар. “Мен бу ишни уддалай оламанми?” каби мисоллар ўқувчиларни эркин фикрлашга ва математика фанини ҳаёт билан боғлашга ўргатади.

Ҳа, математика, информатика ана шундай жуда қизиқарли эканлигини шу тарзда болаларга етказиш ўқитувчининг катта ютуғи бўлиши мумкин. Математика ва информатика бир-бири билан қанчалик узвий бўлса, бу фанлар бошқа фанлар билан ҳам шу даражада боғлиқдир. Масалан, 5-синф ўқувчиларга “Paint” дастури ўргатилади. Бу дастурда ўқувчилар турли расмлар, шакллар чизишни ўрганишади. Бу билан уларнинг расм, меҳнат фанларига бўлган қизиқишларини янада ошириш мумкин. 7-синф ўқувчиларига 7 рақамининг фанлараро боғлиқлигини тушунтиришда қуйидагилардан фойдаланса бўлади: “Дунёнинг 7 мўъжизаси: 1. Миср эҳромлари, 2. Бобил осма боғлари, 3. Артемида ибодатхонаси, 4.Гиликарносдаги даҳма,

Яна ўқинг:  Ёш истеъмолчи – зийрак, билимдон, интилувчан

5. Зевс ҳайкали, 6. Колас ҳайкали, 7. Искандария маёқи.

Яна: Модданинг 7 ҳолати; 1. Қаттиқ, 2. Суюқ, 3. Газ, 4. Плазма, 5.Нейтрон моддаси, 6.Эпиплазма ҳолати, 7. Визик вакуум ҳолати.

Яна: Инсоннинг 7 авлоди; 1. Фарзанд. 2. Невара, 3. Эвара, 4. Чевара, 5. Дувара, 6. Оввора, 7. Бегона.

Яна: Дунёнинг 7 хазинаси; Сигир, асалари, ипак қурти, обжувоз, тегирмон, ўрмон, товуқ.

Яна: Табиатнинг 7 мўъжизаси: 1. Холонг қўлтиғи, 2. Игуаси шаршараси, 3. Амазонка дарёси ва ўрмони, 4. Чежудо ороли, 5. Курсисимон тоғ, 6. Комодо миллий боғи, 7. Пуерто Принцесса боғи.

Мусиқадаги 7 нота, ҳафта кунлар, камалакнинг 7 ранги жилоси шулар жумласидан. Бу рўйхатни давом эттириш ўқувчиларнинг ўзларига вазифа қилиб берилса, нафақат математика фанига қизиқиши, балки бошқа фанларга бўлган меҳри яна ортади ва ўқувчи ўз устида ишлашга ҳаракат қилади. Ана шундай машқли ўйинлар орқали ҳар сафар сифат самарадорлигига эришаверамиз.

Юртимизда ёш истеьдодлар кўп. Биз педагогларнинг асосий вазифаси уларни кашф қилиб, эл-юртга нафи тегадиган баркамол авлод қилиб тарбиялашдир. Зеро, болаларни изланишга ўргатсак, бу иштиёқ уларни комилликка етаклайди.

Озода ХАЖИЕВА,

Зарафшон САЛАЕВА,

Урганч шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби фани ўқитувчилари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: