Болаларнинг соғлиғини асранг

Сил касаллиги қадимдан одамлар ва ҳайвонларда учрайдиган хасталик эканлиги маълум эди. Ушбу хасталикнинг юқумлилиги Абу Али ибн Сино асарларида ҳам қайд этилган. 1882 йил 24 мартда немис олими Кох сил касаллигини қўзғатувчи микроорганизмни биринчи бор микроскопда кўриб кашф этган Кейинги текширишлар ушбу микробнинг ташқи муҳит ва кимёвий моддалар таъсирига чидамли ва шу туфайли атроф-муҳитга тарқалиш хавфи кучли эканини тасдиқлади.

Кўпинча сил хасталигига чалинган беморнинг ажралмалари чиқиндилари (балғам, ахлат, пешоб, йиринг ва ҳоказо) чанг заррачаларига ёпишиб ҳавога кўтарилади ва соғлом одамлар нафас йўлларига ҳаво орқали ўрнашади. Организмида сил таёқчалари бор кишиларнинг ҳаммасида ҳам касаллик ривожланмайди. Кўпинча организмининг иммунитети паст одамлардагина касаллик қўзғалади. Бола ва гўдак организми марказий асаб тизими, иммун жараёнида иштирок этувчи аъзолари мукаммал такомиллашмагани ва нафас олиш тизими аъзоларининг анатомик жиҳатдан тўлиқ ривожланмагани туфайли ёш организмга сил таёқчасининг кириши касаллик ривожланиш хавфини орттиради. Ушбу ҳолатни ҳисобга олиб мамлакатимизда болаларни силдан сақлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Туғруқхонада гўдак туғилгандан кейин 3-4 кун ўтгач силга қарши эмлаш ўтказилади. БЦЖ вакцинаси одатда соғлом чақалоқнинг чап елкасига врач кўрсатмаси асосида тери ичига юборилади. Агар туғилган чақалоқда эмлаш мумкин бўлмаган монеликлар бўлса вақтинча тиббий кўрсатмалар асосида эмлаш ўтказилмайди ва ота-оналарга ушбу эмлашни турар жойга қарашли поликлиникада ўтказиш зарурлиги тушунтирилади.

Одатда соғлом болаларда вакцина юборилгандан кейин 1,5-3 ой давомида чап елкасида ҳажми 10 мм­дан ошмайдиган пушти рангли инфильтрат кузатилади. Кейинчалик ушбу инфильтрат қотиб, пўст ташлайди. Баъзан эса бу жараёндан олдин йиринг чиқиши кузатилади. Эмлашдан кейин (кўкимтир пигментация, чандиқ) ҳосил бўлиши билан туганлланади. Мабодо боланинг елкасида бир ёшга тўлгунча ушбу ўзгаришлар кузатилмаса, иммун жараён ривожланмаган деб ҳисобланади ва бола икки ёшга тўлганда қайта БЦЖ вакцинаси чап елкасига тери ичига юборилади.

Юқоридаги силга қарши иммунитет ҳосил бўлиш аломатларини ҳисобга олиб фарзандингиздаги ушбу ўзгаришларни кузатинг ва оилавий шифокорингиз билан маслаҳатлашиб туринг.

Фарзандларимизни силдан асрашда уларни тўғри овқатлантириши, соғлом турмуш тарзига амал қилиб вояга етишини таъминлаши, атрофимизни ораста тутиш ҳам муҳим роль ўйнайди. Айниқса, чанг кўтариб ҳовли супуриш, умумий йўлакларни тоза сақламаслик, сил билан хас­таланган бемор одам ва ҳайвонлар билан мулоқотда яшаш касаллик ривожланишига олиб келувчи хавфли омиллардир.

Яна ўқинг:  ҲАЁТИЙ ЭҲТИЁЖ

Ҳурматли ота-оналар! Шифокор маслаҳатларига тўла амал қилиш фарзандингизда сил ривожланмаслигининг асосий гаровидир.

ХАСТАЛИКНИНГ КЕЧИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Сурункали кечувчи сил беморлардан соғлом одамга ҳаво-томчи йўли билан ўтади. Касаллик ривожланишида касал одам ва ҳайвонларнинг роли катталиги тасдиқланган. Сил касаллигининг қўзғатувчиси бўлмиш сил микобактерияси ўзининг ташқи муҳит таъсирларига, юқори ёки паст ҳароратга чидамлилиги билан бошқа микроорганизмлардан ажралиб туради.

Бола организмидаги анатомо-физиологик хусусиятлар сил касаллиги ривожланишига мойиллик яратади. Шу туфайли ҳар бир ота-она ўз фарзандларини силдан асраш йўлларини ва унинг дастлаб ривожланиш аломатларини билиши зарур.

Кўпинча болалар оилада сил касаллигига чалинган бемор билан бир ҳавода нафас олганда касалланиш хавфи кучаяди. Бола организмига тушган сил микобактериялари 6-8 ҳафта давомида клиник белгисиз кечади. Ҳатто, профилактик ўтказилган Манту синамасига организм жавоб реакциясини бермайди.

Ушбу латент (яширин) даврдан кейин сил қўзғатувчиси бола организмига тарқалиб, иммунологик сил шишлари ривожланади. Бу эса фақат Манту синамаси мусбат натижа бериши билан аниқланади. Кейинчалик болада чарчаш, асабийлашиш, инжиқлик, дарсларни яхши ўзлаштирмаслик, периферик лимфа тугунлар ҳажми катталашиши, баъзан эса вақти-вақти билан кечқурун ҳароратининг 37-38°С (даража)гача ошиши, бош оғриши кузатилади. Кўпинча ота-оналар касалликнинг ушбу белгилари кучли ривожланмагани туфайли боланинг соғлиғига эътибор бермайди.

Ушбу хасталик белгилари ойлар давомида кучайиб бола ҳолсизликдан ётиб қолиши, йўтал пайдо бўлиши, бош оғриғи ва тана ҳароратининг, кўтарилиши кучаяди. Бу эса ота-оналарни шифокор кўригига олиб боришга мажбур этади.

Сил касаллигига қанчалик барвақт ташхис қўйилса, уни даволаш тез ва осон кечади.

Бола эмлангандан кейин ҳосил бўлган иммунитет унинг организмига тушган сил қўзғатувчиси касалликнинг оғир тури – сил менингити, тарқоқ сил кабиларнинг ривожланишидан сақлайди.

Фарида АБСОДИҚОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

Гулноза ШАРАПОВА,

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази “Болалар ўпка сили” бўлими мудири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: