Асли бу сўз танда жон эрур…

Бодомнинг оппоқ гуллари узра боларилар ғужғон ўйнаган бир пайтда ўрик куртак очади. Борлиқ ўзининг яшил елканини кўтариб, ўлкамизга баҳорни бошлаб келади. Табиат уйғониб, яшариш ва янгиланиш фасли қалбимизга ўзгача руҳ ва бир дунё завқларни бахш этади. Шундай пайтда инсоний туйғулар – меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик янги поғонага кўтарилади. Кўнгилда денгиздек мавжланаётган кечинмалар қоғозга туша бошлайди. Ҳа, баҳор нафақат гўзаллик, янгиланиш ва яшариш, балки илҳом фаслидир. Халқимизнинг севимли шоираси Шарифа Салимова баҳор ҳақида гапирар экан, бу давр инсондаги ёшлик шижоати, яратувчанлик ва ободончилик ҳиссини юксалтириши билан ўзгача тароват касб этишини таъкидлайди.

Дарҳақиқат, баҳорнинг ўзгача хислатлари талайгина. У ўзбек аёли сиймосидан ўзига оро бергандек, гўё. Жонажон Ватанимиз узра баҳорнинг ҳушҳавоси кезиб юрган оромбахш лаҳзаларда шоира билан замонавий адабиётнинг бугунги мақсад ва вазифалари, унинг ёшлар маънавиятидаги аҳамияти, айни пайтда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеи, уларнинг юрт тақдири, унинг келажагида тутган ўрни ҳақида суҳбатлашдик.

– Адабиёт қанчалик кенг қамровли бўлмасин, унинг илдизи истеъдоддан иборат. Сиз ҳам ўзбек шеъриятининг таниқли вакиласига айланиб улгурдингиз. Бизни кўпроқ 20-25 ёшли Шарифа Салимова ва у билан тенгқур ижодкорлар ҳамда бугунги 20-25 ёшли авлод ўртасидаги тафовут, ютуқ ва камчиликлар қизиқтиради.

– Замон ривожланишда экан, инсонларнинг онги, дунёқараши ҳам ўзгариб боради. Бу эса ўз навбатида ижодкорнинг ўз устида ишлашини талаб қилади. Ёшлик давримни эсласам руҳим зирқирайди. У пайтлар истиқлол деган сўз йўқ эди. Кишилар ҳам бир хил ҳаёт тарзига ўрганиб бўлган, умри бир хил, ўзгаришсиз давом этарди. Лекин ўша пайтда қўлига қалам олган ёш борки, кўксида аждодларимизнинг мунаввар орзу ва мақсадлари жўш урарди. Ўша давр адабиёти, шеъриятининг мавзуси ҳам озодликка эришиш умиди билан чамбарчас эди. Энди бугунги ёшларни кўринг. Улар мустақил юрт фарзандлари, тинч-осойишта замонда эркин ижод қилишмоқда. Уларда қарамлик кайфияти йўқ. Дунёқараши теран, дадил, фикрида собит турадиган, мустақиллик қон-қонига сингиб кетган бир авлод-да. Энг муҳими, улар сони анчайин кўп. Бундан қувонмай бўладими?! Ижодий фаолиятимни бошлаган кезларда “Ёшлик” журналида ҳам ишлаганман. Шу сабаб бўлиб, кўпгина устозларнинг йўл-йўриқлари, маслаҳатларидан баҳраманд бўлганман. Бу имкониятни ҳам ўзим яратганман. Бугун ёш ижодкорларга давлат сиёсати даражасига эътибор қаратиляпти. Биргина Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши қанча иқтидорли қизларимизни кашф этиб берди. Бу ғамхўрлик, албатта, ўзининг мевасини беради. Шунингдек, бугун ёш ижодкорларнинг кўзгуси ҳисобланган “Ёшлик” журналининг салоҳияти ҳам, аудиторияси ҳам кенгайган. Чунки давр талаби, яратилган имкониятлар туфайли чуқур тафаккурли, билимли, изланувчан ёшлар етишиб келяпти. Уларга ҳавасим келади. Ҳозирги дориломон даврда инсон қанча фикрласа, қандай жанрда қалам тебратса, ижод қилса, куйласа, майдон етарли. Фақат бугунги ёшлар рангларни ажратиб, танлаб олсалар кифоя. Бир шоира ёзганидек, “Ёзаман деганга озми, бу ранглар…”

Яна ўқинг:  Sport – sog‘lom turmush asosi

– Ҳозирги навқирон авлоднинг салоҳияти, китобхонлик, уларнинг адабиётимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси сизни қониқтирадими?

Мамлакатимизда ёш авлоднинг билим олиши, изланиши, ижод қилиши учун барча имконият ва шарт-шароитларнинг яратилгани, айниқса, Миллий кутубхонамизнинг янгидан бунёд этилгани бугунги ёш авлоднинг китобхонликка, мутолаа маданиятига бўлган талаб ва истак ҳамда иштиёқларини оширгани, шубҳасиз.

Ёшлар зукко, изланувчан ва тиришқоқ. Буни гўзал ва бетакрор ижодлари билан ўзини намоён этаётган шоиралар Хосият Рустамова, Гўзалбегим, Ойдиннисо ва бошқалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Улуғ ижодкор устозлар, адабиётшуносларнинг сабоқларию ўгитлари билан адабиёт оламига кириб келаётган, бўйлаётган, қўлига қалам олиб, мумтоз адабиётимиз сарчашмаларидан баҳрамад бўлаётган умидли ёшларнинг ёруғ келажак сари тетик одимлашларида мутолаа маданиятининг ўрни жуда катта.

Чунки китоб нафақат маънавиятни, руҳиятни бойитади, тарихимизни чуқур билишга, ўрганишга имкониятлар очади, эзгулик ва яхшиликка етаклайди. Инсоннинг маънавияти бой бўлсагина, у моддий бойликка ҳам эришади.

– Баҳор ва аёл бир-бирига уйғун. Ушбу нафис фасл 8 март – Хотин-қизлар байрами билан бошланишида ҳам ажиб ҳикмат бор. Демак, тириклик аёллардан бошланади. Ана шундай дамларда кўнглингизда нималар туғён уради?

– Энг асосийси, истиқлол туфайли миллатимизнинг ўзлиги, дини ва тили ўз инъикосини топди. Айниқса, аёлларимизнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий мавқеи ошди. Хотин-қизлар жамиятнинг фаол аъзосига, оиланинг чироғига, фарзандларни келажакка йўлловчи тарбиячиcига, турмуш ва ҳаётимизнинг ҳақиқий яратувчисига айланди.

Ана шундай дамларда онаизоримнинг (раҳматли)мукаррам чеҳраси, унинг она Ватанимга менгзалган сиймоси, қабариқ қўлларидаги бўртиб турган томирлар дарахт илдизлари каби Ватанга туташиб кетганини кўраман ва ҳис қиламан.

Ўзбекнинг баҳоридай баҳор қайда бор,

Ялпизидай содда, ўзидай содда.

Ўзбек аёлидай аёл қайда бор,

Кўзга тик боқолмай бурилиб кетган.

У ҳеч қачон “севдим” деб айтолмайди,

Асли бу сўз танда жон эрур зотан,

Тарс ёрилган қадоқ қўлларида

Аёл муҳаббатин ўқийди Ватан!

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: