Кўклам мушоираси

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

Аёлнинг шириндир дийдори, васли,

У – вафо тимсоли, илоҳий хаёл.

Меҳру садоқатнинг рамзидир асли,

Меҳру муҳаббатга муносиб аёл.

Бир гуландом бирла

Лола фаслида ҳавою соҳилу қир яхшидир,

Нозланиб эсган насиму эрка ёмғир яхшидир.

Бўлса гар юз минг фироқу бўлса гар юз минг алам,

Келса гар шундай баҳор бир бўлса ҳам бир яхшидир.

Ер қабо киймиш бинафшу осмон киймиш бинафш,

Бир бинафш тўнлиғ дилоро бирла тадбир яхшидир.

Сен бинафша дастасин кўксингга босу ғамза қил,

Қўлларинг силжитма, эй ёр, ушбу тасвир яхшидир.

Шодланиб занжир узар кўнглим аро юз минг асир,

Арзигай бўлсанг асир – ул зулфи занжир яхшидир.

Эй умр, бор ғурбатингдин жилмайиб кечдим бу он,

Бори ғам олдида бу зангори тақдир яхшидир.

Ўртага тушгай қуёш кўкдан ўзи соқий бўлиб,

Бир гуландом бирла суҳбат, қўлда чоғир яхшидир.


Иқбол Мирзо,

Ўзбекистон халқ шоири

Кўклам қўшиғи

Баҳорни билмаган элларни кўрдим,

Бир чечак кулмаган ерларни кўрдим.

Ўзингни соғиниб келади Наврўз,

Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,

Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Чучмома чайқалиб, чалар қўнғироқ,

Ҳаёт ҳидин сочар уйғонган тупроқ,

Илдиз сувратини чизади чақмоқ,

Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,

Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Меҳмонни чорлайди сумалакларинг,

Қизларинг боғлайди жамалакларин.

Саодатга кўприк камалакларинг,

Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,

Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Эй, кафти қадоғу кўнгли юмшоқ эл,

Қуёшда қорайган, юраги оқ эл,

Дуога қўл очган, тилаги оқ эл,

Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,

Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Муқаддас еринг бор, қутлуғ осмон бор,

Суянган тоғинг бор, дилда иймон бор.

Улуғ боғистонга буюк боғбон бор,

Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,

Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.


Икром ОТАМУРОД

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан

Қуёш юз кўрсатар ҳар кун бошқача,

Куну тун ўзгарар: қисқа ё узун.

Ҳатто сархуш босиб ётган тошгача

Тусланар ейланиб, эйланиб, тўзиб.

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Ҳавонинг авзойи турланар дамда,

Лаҳзада ўзгариб боради иқлим.

Ёғин адо, ёғин пайдо қадамда,

Дарёлар гоҳ қайранг, гоҳ сувга лим-лим,

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Тоғлар баландлайди, тоғлар пасаяр,

Суянч қояларин қурби мўрт тортиб.

Ой нури тўлғин, ой нури сусаяр,

Кўк зеби-юлдузлар жилваси ёрти.

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Ростлар ёлғонларга ён босар гоҳи,

Гоҳида ёлғон ҳам ростдай чоғланар.

Вақт арқоғин йўриб, йигириб, эҳ-ҳе,

Қувончга боғланар, ғамга боғланар.

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Бўйига, энига маҳлиё, сахтли,

Не қалъа, қўрғонлар мункаяр нураб.

Давронлар, бойликлар чанг, ғубор тахлит

Шамоллар измида учар чирпираб.

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Манзиллар, маконлар ҳаддини йўниб,

Бетоқат югурар қўнимсиз йўллар.

Ортда қолаверар армонга дўниб,

Умр косасидан тўкилган йиллар.

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!

Ўзгарар ихлослар, қарашлар пай-пай,

Узилар метиндай ришталар…

Фақат…

Мўғжалари бўлўғ собит дарахтдай

Руҳда томир отган улуғ Ҳақиқат –

Вужуд ила жони абадий бир тан,

Бу дунёда фақат ўзгармас Ватан!


Азим СУЮН

Яна ўқинг:  Мушарраф аянинг шукронаси

* * *

Йўқ, ҳаётга тўймадим ҳали.

Пушкин

Йўқ, ҳаётга тўймадим ҳали,

Боғлар ҳамон чиройли, гўзал.

Кўкламойим юз очган маҳал,

Мафтун этар шафтоли гули.

Йўқ, ҳаётга тўймадим ҳали,

Ҳамон чорлар шарқироқ сойлар,

Арғумоқлар кўнглимни бойлар,

Ҳилпирайди ойларда ёли.

Йўқ, ҳаётга тўймадим ҳали,

Бинафшалар бўйин ислайман,

Какликларнинг куйин истайман,

Чорлар ул тоғ маликалари.

Йўқ, ҳаётга тўймадим ҳали,

Сархуш этар гулобгул жамол,

Ҳамон сулув мен севган аёл,

Ҳамон-ҳамон ҳаётим гули.


Рустам МУСУРМОН

Соғлом бола

Боғимдаги гулим дейди, лолам дейди,

Қизалоғин эркалатиб онам дейди,

Ўғилчасин ғурурланиб отам дейди,

Ўзбек фақат болам дейди, болам дейди.

Тингланг она дардин, аёл қўшиғини,

Алла айтиб тебратади бешигини,

Келажакка очар ҳаёт эшигини,

Ўзбек фақат болам дейди, болам дейди.

Онадан ор этганни ким одам дейди,

Болани хор этганни ким одам дейди,

Меҳрга зор этганни ким одам дейди,

Ўзбек фақат болам дейди, болам дейди.

Эсли-хушли болам, мўмин-қобил болам,

Истеъдодли болам, илми комил болам,

Полвон болам, эл юкига ҳомил болам,

Ўзбек фақат болам дейди, болам дейди.

Ота-онанг пайвандисан, соғлом болам,

Паҳлавон эл фарзандисан, соғлом болам,

Қудратли юрт дилбандисан, соғлом болам,

Ўзбек фақат болам дейди, болам дейди.


Жамила ҲАЙДАРОВА

Онажонимга

Турналарнинг арғумчоғи самода,

Йиллар атрин димоғ сезар сабода.

Юрак чўғи таскин топар навода,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Шафтолизор пушти рўмол ўради,

Шаббодалар аҳволимни сўради,

Ҳар тонг қуёш сиздай кулиб туради,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Райҳонларим бўйни маржонли бўлди,

Айвонимга яна қалдирғоч тўлди,

Остонамда кўнглим пойингиз билди,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Қувончлардан яшнаб кетар нигоҳим,

Ёнимдасиз мени қўллаган моҳим,

Ўнгимми ё тушимми дейман гоҳим,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Наволардан дилга даво топарман,

Сўқмоқларда оёқяланг чопарман,

Бинафшада нимчангиз бор нафармон,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Қўмсагандим бағрингизнинг тафтини,

Ўша қадоқ қўлларингиз кафтини,

Кулча тутган болаликнинг бахтини,

Баҳор бўлиб келдингизми Онажон?

Келтирдингиз баҳорларга бўйлайин,

Қалбингизнинг софлигини сўйлайин,

Сиз ўргатган эзгуликни куйлайин,

Баҳор бўлиб келибсиз-а Онажон!


Баҳодир БАҲРОМ

Чорлов

Уйғондинг телефон қўнғироғидан,

– Ало… ало… ким бу? –

Титради юрак.

Титраган овозда қишнинг боғидан

Ҳузуринга елдим, – баҳор муборак!

Гулим, овозимни танидинг чоғи,

Ташаккур туғилди бир зум лолликдан.

Севгилим, баҳор бу ғамнинг адоғи,

Севгилим, халос эт телбаҳолликдан.

Ҳарир пардани йиғ, деразангни оч,

Шамол ҳовурига чўмил тўйгунча.

Истасанг, меҳрингдан гуллайди оғоч,

Бўйингдан маст бўлиб очилар ғунча.

Қуёшни елкада кўтарар тоғлар,

Тил чиқара бошлар табиат сайраб.

Яшаб қол кетмасдан бахтиёр чоғлар,

Баҳорнинг бағрида баҳордай яйраб.


Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Яна ўқинг:  Бола ҳам ниҳолга ўхшайди

Шафтоли гули

Боғимизнинг гўзали

гуллабди-ку шафтоли.

Ял-ял ёниб турибди,

ёқут шафақ мисоли.

Қаранг, жуда мафтункор

новдада қизил шабнам.

Унинг бу гўзаллигин

ҳеч нарсага алишмам.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: