Балоғат ёшидаги қизлар саломатлиги

оналардан доимо эътиборли бўлишни талаб этади

Болаликдан ўсмирлик ёшига қадам қўйган ҳар бир ўғил-қиз организмида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади. Айниқса, бу паллада қиз бола саломатлигига алоҳида эътибор бериш лозим. Тобора ташқи кўринишнинг ўзгариши қиз боланинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бу паллада фарзандингиз билан яқиндан сирдош бўлишингиз, унга бундай ҳолатларда нима қилиш зарурлигини ўргатишингиз лозим. Балоғат ёшига етгач, ўcмирнинг феъл-атвори, ташқи кўринишида сезиларли даражада ўзгаришлар юз беради. Аввало, ота-оналар бу даврда ўз фарзандлари билан яқиндан дўст бўлишлари, келажакда келиб чиқувчи жиддий муаммоларнинг олдини олган бўлади.

Ҳайз кўриш цикли ҳар бир қиз бола организмида турлича кечади. Баъзиларда бу 11-12 ёшдан бошланса, баъзи қизларда эса 15 ёшга етганида ҳам ҳайз кўриш кечикиши мумкин. Шундай ҳолларда дарҳол шифокор-гинеколог ҳузурига бориш лозим. Ҳайз циклининг бузилиши, эндокрин хасталиклар, анемия (камқонлик), жинсий аъзоларда турли яллиғланишлар келгусида жиддий касалликларни юзага келтириши мумкин. Ўсмир ёшдаги қиз бола организмида гормонал бузилишлар рўй бериши ҳайз кўриш давридан бошланади.

Инсон организмидаги ҳар бир гормоннинг ўз вазифаси бор. Булардан фарқли равишда, аёлларда учрайдиган гормон (эстроген) ўз навбатида фарзанд кўриш қобилиятини юзага келтиради ва аёл жинсига монанд қомат, ҳулқ-атвор ва нафосатни белгилайди. Эстроген гормонининг камайиб кетиши асосан, қалқонсимон без хасталиги билан боғлиқ муаммолардан биридир. Чунки ушбу аъзо орқали бутун тана бошқарилади ва гормонлар фаолиятига ҳам масъул. Бу гормоннинг камайиб кетиши нафақат қирқ ёшдан ошган аёлларда кўп учрайди, балки балоғат ёшидаги қиз болалар организмида ҳам рўй бериши кузатилади.

Гормонал бузилишлар ўз навбатида организм учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Бунинг учун аввало, гормонал балансни меъёрга келтириш билан бир қанча касалликларнинг олдини олиш мумкин.

Эстроген гормони аёл бачадони тухумдонида ишлаб чиқарилади ва ҳайз циклини бир маромда ушлаб туради. Ҳайз циклининг бузилиши эса ушбу гормон билан боғлиқ муаммолардан дарак беради. Шундай ҳолларда дарҳол шифокорга учрашиш ва керакли анализларни топшириб, ўз вақтида муолажаларни олиш зарур.

Баъзан анализлар ҳам гормонал ҳолатни тўғри баҳолайвермайди. Аёл организмида эстроген гормонининг камайиб кетиши оқибатида танада сув балансининг бузилиши, семиришга мойиллик, терининг қуруқлашиши натижасида эса ажинларнинг кўпайиши юзага келади. Шу билан бирга, эстроген гормонининг камайиб кетиши қондаги холестерин миқдорини кўпайишига сабаб бўлади. Ушбу гормоннинг яна бир муҳим вазифаларидан бири, организмда кальцийнинг сақланиб қолинишида хизмат қилади.

Яна ўқинг:  Организмимизни совуққа мослаштирамиз

 

ЭСТРОГЕН ГОРМОНИ КАМАЙИБ КЕТИШИНИНГ АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ ҚУЙИДАГИЛАРДАН ИБОРАТ:

 

Хотиранинг пасайиши;

ҳаддан ортиқ кўп асабийлашиш;

депрессияга (тушкунлик) берилувчанлик;

уйқунинг бузилиши, тунда ухлай олмаслик;

кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши;

асабийлашганда қизиб кетиш;

тухумдон фаолиятининг бузилиши;

терининг қуруқлашиши;

белда оғриқнинг бўлиши;

вазннинг ошиши, семириш (целлюлит);

мигрень (бошнинг ярми оғриши), доимий бош оғриғи;

диққатни жамлай олмаслик;

мушакларда оғриқ;

соч тўкилиши ва бошқа бир қанча белгилардан иборат.

Қиз бола организмида эстроген гормонининг камайиб кетиши оқибатида тухумдон фаолияти сусаяди. Бу эса фолликуланинг ўз вақтида етилмаслиги натижасида ҳайз циклининг бузилиши, кўкрак бези ва бачадоннинг қисқаришига олиб келади. Ўз вақтида даволанмаса келажакда бу бепуштликка ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳайз циклининг 25-28 кундан ошиб кетиши, ҳайз кунларининг узайиши ва оғриқли кечиши, қовуқ остида оғриқ бўлиши организмда гормонал бузилишлар рўй бераётганидан дарак беради. Шундай ҳолларда зудлик билан эндокринолог ва гинеколог шифокорга бориб керакли муолажаларни олиш талаб этилади.

Аёлларда эстроген гормонининг камайиб кетиши ва тестостерон (прогестерон) гормонининг ошиб кетиши ўз навбатида эркак кишига хос бўлган белгилар билан аниқланади:

Юз ва бўйин, даҳан қисмида, кўкракда, қовуқ остида ва қориннинг ўрта қисмида, баъзан эса эркакларга хос баданда майда тукларнинг пайдо бўлиши билан белгиланади. Умуман олганда, эстроген гормонининг камайиб, прогестерон гормонининг кўпайиши натижасида баданда ортиқча туклар кўпаяди.

Прогестерон (тестостерон) гормонининг кўпайиши натижасида тери безлари ортиқча ёғ ишлаб чиқаради, тез-тез ҳуснбузар тошади. Ҳуснбузар нафақат юзга, балки эркакларга хос бадан атрофида йирик ҳуснбузар ва тошмалар кузатилади.

Семириш асосан бўкса, қорин қисмида ёғнинг кўпайиши билан характерланади. Ташқи кўринишда ҳам бу сезиларли даражада кўзга ташланади. Қиз болаларда йигитларга хос феъл-атвор, хатти-ҳаракат ва қадам ташлаш, овознинг йўғонлашиши ҳамда жинсий хоҳишнинг кўтарилиши (гиперсексуализм) кузатилади. Бундай ҳолатда ўз вақтида даволаниш зарур. Бу нафақат қиз бола организми учун жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин, балки косметик жиҳатдан ҳам муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

 

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ

Касалликни ўз вақтида даволаш беморнинг тезда тузалишига туртки бўлади. Ўз навбатида керакли дори-дармонларни шифокор белгилайди ҳамда овқатланиш рационига қўшимча равишда керакли маҳсулотларни қўшишни буюради.

Яна ўқинг:  Тиббий ёрдам такомиллашмоқда

Яъни:

Дуккакли ўсимликлар таркибида эстроген гормонига ўхшаш модда фитоэстроген кўп миқдорда бўлиб, организмда гормонал балансни бир маромда ушлашда ёрдам беради. Жумладан, мош, ловия, нўхат, гречиха, соя, гуруч, ўрик, кунжут, брокколи карами ва кўкатлар гормонал балансни мўътадиллаштиради. Беморнинг даволаниши билан биргаликда парҳез қилиши, сут маҳсулотлари тухум, помидор, қовоқ ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши зарур. Ушбу маҳсулотлар таркибида фолий кислотаси, витамин С, К кўп миқдорда бўлиб, гормонал ўзгаришларни бир маромда сақлашда ёрдам беради.

Қаҳва таркибидаги баъзи моддалар организмдан кальцийни чиқариб юборади. Шу сабабли, гормонал бузилишлар пайтида қаҳва ичиш мумкин эмас.

 

ГОРМОНАЛ МУВОЗАНАТИ МЕЪЁРЛАШТИРУВЧИ МАҲСУЛОТЛАР:

Таркибида фитоэстроген кўп бўлган маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Лавлаги, сабзи, қовоқ, бодринг, помидор, папайя, анор, ёнғоқ, саримсоқпиёз, қўзиқорин, бақлажон, балиқ (скумбрия таркибида кўпроқ) ва парранда гўштида бу модда кўпроқ учрайди. Фитоэстроген ўз навбатида организмдаги эстроген гормони билан уйғунлашади ва гормонал бузилишларнинг олдини олади. Ушбу маҳсулотлар эндокрин тизими фаолияти яхшиланишига ёрдам беради. Асосий даволашни эса шифокор эндокринолог ва гинеколог билан олиб борилади.

Ҳурматли ота-оналар! Юқоридаги ҳолатлар юз бермаслиги учун фарзандингиз саломатлигига беэътибор бўлманг. Ўз вақтида қалқонсимон без хасталиклари (шунингдек, бўқоқ), фарзандингизда рўй бераётган жинсий касалликларни ўз вақтида даволашга ҳаракат қилинг.

Мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, спиртли ичимликлар ва бошқа зарарли одатларни тарк этиш, очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш руҳий ва жисмоний соғлиқни сақлашда ёрдам беради. Зеро, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.

Олий тоифали шифокор гинеколог Дурдона Ҳошимова тавсиялари асосида Наргиза Угламова тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: