Фарзандингиз таълим муассасасида тўғри овқатланиш дарсидан сабоқ олади

Мамлакатимизда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Зеро, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур. Республикамизда кўплаб қонун ва қарорларнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, соҳа ривожи йўлида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг -2010 йил 20 августдаги “Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам шулар жумласидандир.

Хусусан, қарор ижросини таъминлаш мақсадида умумтаълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқувчиларининг гигиеник талаблар асосида овқатланишини таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария бош врачининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, “Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ҳудудларда ушбу йўналишда фаолият юритадиган ходимлар белгиланди. “Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳамда муассаса раҳбарларининг шахсий масъулиятини белгилаш” юзасидан идоравий ҳужжатлар қабул қилиш бўйича Халқ таълими вазирлигининг буйруғи қабул қилиниб, жойларга ижро учун юборилди.

Таълим муассасаларида инсон организми учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатларини “Саломатлик сабоқлари”, “Соғ-лом авлод асослари” дарслари орқали ўқувчилар онгига етказиш, мазкур йўналишда ота-оналар йиғилишларида тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилди.

Лекин айни пайтда мактаб ёшидаги болалар овқатланишининг ҳолати бир қатор сабабларга кўра тўлиқ талаб даражасида, деб айта олмаймиз.

Биринчидан, болаларнинг маълум бир қисми овқат рационининг тўйимли эмаслиги, биологик жиҳатдан бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, шунингдек, ёғ-углевод компонентининг керагидан ортиқча истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган жисмоний ва ҳаракат ривожланишининг секинлашишидан азият чекадилар. Бундай болалар сони унчалик кўп бўлмасада, уларнинг ҳар бири таълимни бошқариш, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоялаш органлари томонидан алоҳида эътиборни талаб этадиган ҳолатдир.

Иккинчидан, баъзи болалар ва уларнинг ота-оналари овқатланиш тартибига қатъий муносабатда бўлмайдилар. Тартибли овқатланиш тамойилларига риоя этмаслик – турли шаклдаги меъда-ичак тизими касалликларининг ривожланишига сабаб бўлади.

Учинчидан, аксарият болалар муассаса ошхонаси хизматидан фойдаланишни истамайдилар. Бу ҳам боланинг ов-қатланиш тартибининг бузилишига олиб келади. Айниқса, юқори синф ўқувчиларининг мактабда ҳар куни 7-9 соат бўлишларини ҳисобга олганда юқорида келтирилган барча омиллар меъда-ичак тизими касалликларининг ривожланиш хавфи бўлган гуруҳга кирувчи фуқаролар сонини кўпайтиради. Ўсиб келаётган ёш авлод соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Яна ўқинг:  Бир гап бор

Парҳезшунослар фикрича ҳозирги давр-да ўқувчи кунига тўрт маротаба, шу жумладан нонушта, тушлик ва кечки овқатда, албатта, иссиқ таом истеъмол қилиши шарт. Ўсаётган организм учун зарур бўлган сут маҳсулотлари – сут, творог, пишлоқ, қатиқ кальций ва оқсил манбаидир. Оқсил ва кальций етишмовчилигини, шунингдек, балиқ ҳам тўлдириши мумкин. Яна гарнир сифатида картошка ёки макарон эмас, балки димланган ва қайнатилган сабзавотлар (карам, лавлаги, пиёз, сабзи, дуккаклилар, саримсоқ, шолғом, ошқовоқ ва ҳоказолар)дан фойдаланган маъқул. Мактаб ёшидаги бола бир кунда 1-1,5 литр газланмаган, балки мева ёки сабзавотдан тайёрланган суюқлик истеъмол қилиши шарт.

Ота-оналар одатда нонушта жараёнига катта аҳамият қаратадилар. Чунки, бу вақтда болалари нима итсеъмол қилаётганини назорат қилиш имкониятига эга бўладилар. Бироқ, ҳамма ота-она ҳам нонуштанинг ўқувчи учун қанчалик аҳамияти катта эканини хаёлига ҳам келтирмайдилар.

Ширин чой, мураббо ва қандолат маҳсулотларидан ташқари ўқувчининг нонуштаси таркибига, албатта, нон маҳсулотлари ва сутли бўтқалар, сабзавот ва мевалар киритилиши мақсадга мувофиқдир. Ушбу маҳсулотлар мураккаб шаклдаги углеводларга бой бўлиб, бола ўз организмида уларнинг заҳирасини ҳосил қилиши лозим. Бошқа турдаги углеводларга бўлган талабни эса кун давомидаги оралиқ таом истеъмол қилиш вақтида мева шарбати, чой, қаҳва, булочкалар истеъмол қилиш билан қондириш мумкин.

Бошланғич таълим – умумий таълимнинг жиддий таркибий қисми – дастлабки билимлар, кўникмалар, малакалар шакллантириладиган босқич. Боланинг келгусида ҳар томонлама ривожланиши учун таълимнинг илк босқичларидан бошлаб унда соғлом ҳаёт тарзи ва овқатланиш маданияти асослари тўғрисидаги тушунчаларни шакллантириш жиддий аҳамиятга эга. “Тўғри овқатланиш дарслари” дастури шу мақсадларни амалга ошириш учун ёрдам беришга қаратилган.

“Тўғри овқатланиш дарслари” умумтаълим мактабларининг 1-2-синфлари ўқувчилари, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари ва мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳлари учун мўлжалланган.

“Тўғри овқатланиш дарслари”нинг асосий вазифалари қаторига болаларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш, соғ-лом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништириш, болаларнинг ўз соғлигига ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ хулқ-атвор шаклларини ўзлаштиришлари, уларни миллий ва маданий анъаналар билан таништириш киради.

“Тўғри овқатланиш дарслари” дастурини болаларда соғлом ҳаёт тарзи асосларини шакллантириш билан боғлиқ бўлган дарс соатлари доирасидаги тадбирлар, тўгарак ишлари, факультатив машғулотлар ҳисобидан амалга оширилади. “Тўғри овқатланиш дарслари”ни синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари, тарбиячилар ўтказишлари мумкин. Маш-ғулотларни самарали уюштириш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан болалар учун иш дафтари ва ўқитувчилар учун методик қўлланмалардан ташкил топган ўқув методик мажмуалар тайёрланган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: