Қулайлик иш самарадорлигини оширади
Юртимизда инсон саломатлигини асраш устувор мақсад саналади. Айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш бугунги кунда тиббиёт ходимлари олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимида ушбу йўналишда кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги марказининг тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган янги бинога кўчирилиши ҳам ушбу эзгу ишларнинг узвий давомидир.
– Тўлиқ таъмирланган, замонавий шарт-шароитларга эга бинога кўчиб ўтишимиз ишимизга масъуллик ҳиссини ошириш билан бирга фаолиятимизда кўпгина қулайликлар яратади, – дейди марказ директорининг ўринбосари Рўзиқул Фозилбеков. – Хусусан, замонавий технологиялар билан таъминлангани, зарур кўргазмали қуроллар билан жиҳозлангани, маънавият хоналари ташкил этилгани шулар жумласидандир. Бу эса аҳоли орасида тар-ғибот ишларининг самарали ўтишига хизмат қилади.
Маълумки, юртимизда она ва бола саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу мақсадда ҳудудий марказларимиз томонидан эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, ҳомиладор аёлларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтказиш, аҳоли орасида тиббий маданиятни шакллантириш, болаларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда бир неча йилдан буён ҳудудларда тиббий кўриклар ташкил этиш, давлат бюджети томонидан ҳомиладор аёллар учун поливитаминлар ва туғруқ ёшидагиларга контрацептив воситалар тарқатилиши йўлга қўйилган. Бу йил ҳам шундай ишларни изчил давом эттириш, фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишни режалаштиряпмиз.
Таъкидлаш жоиз, Республика Аҳоли репродуктив саломатлиги марказининг ташаббуси билан мамлакатимиздаги даволаш-профилактика муассасаларида репродуктив саломатлик масалалари бўйича аҳолига замонавий усул ва технологиялар ёрдамида маслаҳат ва тиббий кўмак берилмоқда. Шунингдек, инсон соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида замонавий контрацептив воситалардан самарали фойдаланиш амалиётини татбиқ этишда жонбозлик кўрсатилмоқда.
Айни пайтда марказда акушер-гинеколог, болалар гинекологи, педиатр, эндокринолог, уролог, дерматолог, онкогинеколог, психоневролог каби йўналишларда малакали мутахассислар фаолият юритмоқда. Бу эса она ва бола саломатлиги ишончли қўлларда эканидан далолатдир.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Соғлом авлод” мухбири