Танганинг икки томони

ёки бешикдан фойдаланишнинг тиббий жиҳатлари хусусида

Бешик қадимдан халқимиз орасида кенг қўлланиб келинадиган анжом ҳисобланади. Бироқ, танганинг икки томони бўлганидек бешикдан нотўғри фойдаланиш бола ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эканлиги шифокорлар томонидан тасдиқланди.

Уларнинг фикрига кўра, бола бешикда бир кеча-кундузда узоғи билан 3 соат, кечаси эса 7-8 соатдан ортиқ ётмаслиги керак. Бешикда кўп ётган болаларда калий, кальций ва фосфор алмашинуви бузилади. Бунинг натижасида уларнинг суяклари мўртлашади. Яъни, бола қайси томонга қараб ётса, ўша томони қийшайиб қолади. Хуллас, калла суягининг ­нотўғри ривожланиши (деформацияси) юзага келади. Бундай нуқсонларни тузатиш жудаям қийин бўлгани боис уни ўз вақтида олдини олиш лозим.

Агар гўдак соғлом бўлса, бешик у учун зарарли эмас, балки фойдалидир. Чунки, гигиена нуқтаи назаридан бола тоза ётади, яъни таги қуруқ бўлади. Турли ташқи таъсирлардан ҳимояланади. Бироқ, болани бешикка ўргатишдан аввал, албатта, шифокорлар кўригидан ўтказиш зарур. Ҳозирги кунда кўп болалар туғилиш жараёнида жароҳатлар олиши, асфиксия (кислород етишмаслиги натижасида бўғилиш, киндикнинг ҳомила бўйнига ўралиб қолиши ҳам асфиксияга сабаб бўлади, нафас сиқиши) оқибатида баъзи касалликларни орттириб оляпти.

Болани бешикка белашда ниҳоятда эҳтиёткорлик зарур. Чунки, биргина эҳтиётсизлик оқибатида болада турли хил нуқсонлар келиб чиқиши мумкин. Масалан, бола оёғини қаттиқ ва силтаб боғлаш оқибатида кўп ҳолларда чаноқ-сон бўғими дисплазияси кузатиляпти. Аммо гўдагини шифокор кўригига олиб чиқмаган оналар бу ҳолатни кеч билишади ва мумкин эмаслигини билмаган ҳолда боласини бешикка белаб қўйишади. Аслида бундай болаларни бешикка ётқизиш мумкин эмас. Улар эркин йўргакланиши керак. Бундан ташқари бош мия ички босими меъёридан ошиб турадиган болаларни ҳам бешикка боғлаш таъқиқланади. Чунки, бешик тебранганда мия ичидаги босим яна ошади ва бола бошида қаттиқ оғриққа сабаб бўлиши мумкин.

Миллий урф-одатларимизда бешикни безатишга, унинг анжомларига алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, келиннинг онаси бешик анжомларини духобадан ва турли ялтироқ, сунъий матолардан қилишга қаттиқ бел боғлайди.Шунингдек, ёстиқ, кўрпача, боғичлар, ёпинғичлар, хуллас, ҳамма анжомлари духобадан бўлади. Ёш, оналар фарзандларини мавсумга қарамасдан “жимжимадор” бешикка белаб қўйишади. Натижада бола эркин нафас ололмайди. Аслида бешик анжомлари мавсумга қараб алмаштириб турилиши лозим. Унинг устига ёпиладиган ёпинғич ҳаво ва ёруғлик ўтказадиган табиий толали матодан тикилган бўлиши керак. Бешикни ва унинг анжомларини тез-тез офтобда шамоллатиб туриш ҳам бола учун фойдали. Aйниқса, сунъий духобанинг чанг тортиш хусусияти кучли. Унинг ўрнига табиий толали матолар ишлатган маъқул. Сунъий духобага йиғиладиган чанглар болада аллергик таъсирчанликни юзага келтириши мумкин.

Яна ўқинг:  Кичкинтойнинг кун тартиби қандай бўлиши керак?

Шунингдек, болани бешикда узоқ вақт қолдириш ҳам нотўғри. Бу вазиятда унинг ҳаракатлари чекланиб қолади. Болалар серҳаракат бўлишади. Уларнинг ҳаракати бирорта мақсадга йўналтирилмаганлиги учун тартибсиз ҳаракатлар қилишади. Чунки, мурғак гўдакларда бош мия пўстлоқ ости қаватининг фаоллиги кучлироқ бўлади. Мия пўстлоғи ҳаракатларни назорат қилмайди. Узоқ вақт болани қимирлатмасдан боғлаб қўйиш қон айланишини секинлаштиради. Мушаклардаги ҳаракатлар чегаралангани боис бу ўз навбатида ўсиш ва ривожланишга оз бўлса-да таъсир қилади.

Бироқ, неча асрлардики, бешик болаларнинг муносиб ором маскани сифатида Марказий Осиёда яшовчи оналарга беминнат ёрдамчи бўлиб келмоқда. Шундай экан ундан тўғри ва болага озор етказмайдиган ҳолда фойдалансак, фарзандимизнинг тинч-осойишта, тиниқиб ором олишини таъминлаган бўламиз.

Саида ИБОДИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: