Бола руҳияти соғлом бўлса…

Болалик беғуборлик. Уни ёш ниҳолга қиёслашади. Боланинг улғайиш даврида тана аъзоларининг фаолияти унинг асаб ва руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Шундай экан аввало, оилада ота-онанинг, мактабгача таълим муассасасида психолог ва тарбиячи-педагогларнинг роли бола руҳиятининг соғлом шаклланишида муҳим ҳисобланади.

Биз бу борада 2-7 ёшгача бўлган болаларнинг руҳиятида кузатиладиган баъзи камчилик ва муаммолар, нуқсонлар, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳақида пойтахтдаги Юнусобод туман 486-МТМ психологи Камола Файзуллаевани суҳбатга тортдик:

– Мактабгача таълим муассасасида психологнинг вазифаси нималардан иборат?

– Фарзанд тарбияси қийин ва мураккаб иш. Болани севган, унинг ҳар қандай инжиқлик, эркалик, шўхликларини кўтара оладиган сабр-тоқатли инсонгина болалар билан ишлай олади. Психологнинг вазифаси болаларни ижтимоий томондан ҳимоя қилиш билан бирга, унинг руҳий ва жисмоний ривожланишида, мактабга тайёрлашда, унинг орттирилган нуқсон ва камчиликларининг (одамовилик, қўрқоқлик, шафқатсизлик(агрессивлик), қизғанчилик, жанжалкашлик, аразчилик) олдини олиш ва бартараф этишда кўмаклашишдан иборат.

– Агар болада ўз ўртоқларига нисбатан ана шундай нуқсонлар бўлса, бундай болалар билан қандай иш олиб борилади?

– Аввало, бола тарбияси унинг қандай муҳитда вояга етаётганига боғлиқ. Ҳар қандай бола шўҳ, тиниб-тинчимас, катталар хатти-ҳаракатларини тез ўзлаштириб оладиган ва ўз «мен»ига эга бўлади. Агар мактабгача таълим муассасасига келадиган болада нуқсонлар кузатилса, биринчи навбатда, унинг ота-онаси билан, сўнг тарбиячи-педагоглар билан иш олиб борилади. Бундай ҳолда ота-она кўмаклашмаса, бу нуқсонни бартараф этиб бўлмайди. Шунинг учун боладаги айрим ёмон одат ёки нуқсонларни бартараф этиш учун бола билан қандай муносабатда бўлиш, қайси тарбия усулларини қўллаш лозимлиги ота-онага тушунтирилиш баробарида уни психолог кўригига ҳам олиб бориш тавсия этилади. Болалар муассасаларида бундай бола билан тарбиячи ва педагог алоҳида шуғулланган ҳолда уни ўртоқлари билан тотувликка, ҳамжиҳатликка ундаш яхши фойда беради.

– Қаттиққўллик билан ундаги нуқсонларни бартараф этиш мумкинми?

– Йўқ. Бола кўнгли жуда нозик. Уни бир оғиз ширин сўз, ширинлик ёки ўйинчоқлар бериш билан кўнглини олиш мумкин. Демак, болани яхши сўз, ўйинларга чал­ғитиш, эртак ва ибратли мақоллар айтиш билан ҳам тарбиялаш, унинг руҳиятини соғломлаштиришга эришиш зарур. Болага нисбатан ножоиз ғазаб ва қўрқитиш, аксинча, салбий оқибатларга олиб келади. Баъзи болалар бошқаларга нисбатан журъатсиз, бўш, қўрқоқ ёки индамас бўлиб қоладилар. Уларнинг руҳиятини тарбиялаш, ўйинлар, машғулот ва меҳнатга, спорт кабиларга жалб этиш анча қийин кечади. Бу каби нуқсонларни бартараф этиш учун бола психологиясини яхши ўрганиш, индивидуал тарзда шуғулланиш ундаги фаолликни оширишда яхши омил бўлади. Болага талабчанлик, оғир вазифалар юклаш, меъёрдан ортиқ талаб қилиш ҳам журъатсизлик, ҳадиксираш, ёлғон гапириш каби одатларни келтириб чиқариши мумкин.

Яна ўқинг:  Устоз ибрати касб камолотидир

– Бола руҳияти ва психологиясини ўрганиш учун қандай янги усулларни қўллаш лозим?

– Бола руҳияти мураккаб ва ўзгарувчан. Уни билиш ва ўрганиш учун боланинг дунёқараши, истак ва интилиши, нимани ёқтириши, қизиқиши, жажжи дунёсидаги кичик жиҳатларгача илғаш лозим бўлади. Агар биз бола қалбига кира олсаккина, зукко, кенг тафаккурли, қобилиятли, интилувчан ёш авлодни шаклланишига ёрдам берган бўламиз. Шу боис ўқув масканида аввало боланинг интилиш ва қизиқиши, қобилиятига қараб, унинг тарбиясига ёндошиш лозим. Масалан, серҳаракат болаларни кўпроқ ҳаракатли ўйинларга, спортга жалб этиш, уларнинг ички энергиясини фойдали машғулотларга сарф этиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкин.

Мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга эътиборли равишда психологик ёндошиш талаб этилса, катта ёшдаги болалар тарбиясига эса янада масъулият билан ёндошиш зарур бўлади. Чунки, бу даврда болада қизиқиш, зеҳн ва тафаккур, қобилият, изланувчанлик ва психологик ривожланиш юқори чўққида бўлади. Бу даврда улар ўртасида психологик тестлар, танлов ва мусобақалар ўтказиш, бола руҳиятини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади. Болага «мана буни қил!» деб уни қолипга солиб қўймай, кўпроқ эркинлик бериш, ўзи истаган нарсани қилиши ёки бажаришга имконият яратиш, улардаги мустақил фикрлашни янада шакллантиради.

Айни вақтда таълим ва тарбия масканларида иш олиб бораётган «Ёш оналар мактаби» даги оила билан ҳамкорлик, «Очиқ эшиклар куни» даги савол-жавобларни ўтказилиши, ота-она ҳамда болалар ўртасида тренинг машғулотларнинг ўтиши ҳам бола руҳиятини шаклланиши, уни англашда самарали хизмат қилмоқда.

Ана шундай ақлан етук, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш вазифаси зиммамизга юклатилган экан, бундай масъулиятли ишга ўз муносиб ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: