Ҳар қаричи тарих, ҳар зарраси маданият

Самарқанд – рўйи замин сайқали. Тарих ва бугунни ўзида акс эттирган қадимий шаҳар. Тунлари миноралар узра ой шуъласи жилоланса, кундузлари қуёш манглайига лаб босади. Неча минг йиллардан буён Шарқнинг дурдонаси сифатида қадрини йўқотмаган муаззам гўша истиқлол йилларида янада сайқал топди. Замонавий қиёфа касб этди.

Соҳибқирон Амир Темур барпо этган қудратли салтанат пойтахти, “Буюк ипак йўли”нинг марказида жойлашган, йирик савдо маркази бўлган Самарқанд ҳақида эшитган киши борки, уни бир кўриш орзусида яшайди. Тарихдан маълумки, бу муқаддас замин илм-фан, санъат ва маданият ўчоғи сифатида ҳам дунёга машҳур. Улуғ бобомиз Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада олиб борилган кашфиётлар ҳали-ҳамон дунё олимларини лол қолдириб келмоқда. Ўзининг улкан тарихий хазинаси билан бу кўҳна шаҳар тобора сайёҳлар диққатини ўзига жалб этаётир.

Шу боис, Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташаббуси билан республикамиздаги Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Тиббий-ижтимоий маркази ҳамда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани болалар шифохонасида бўлган Корея Республикаси “Ewha Womans University” госпитали малакали шифокорларининг тарихимизга бўлган ҳурмат-эҳтироми, қадимий ва навқирон шаҳарларимизни кўриш орзусида эканини инобатга олиб, жамғарма Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирди.

АФСОНАЛАР ШАҲРИГА ЙЎЛ

Эрта тонг. Кўксимизни тонги насим билан тўлдириб, замонавий автобусда йўлга отланарканмиз, қалбимиз ўзгача ҳаяжон ва завқдан энтикар эди.

Бир маромда одимлаётган автобус атрофдаги ғира-шираликни ёриб борар экан, кўзимизни табиатнинг мўъжизалари қувонтира бошлайди. Ҳали қиш бўлишига қарамай, тупроқ ёриб чиққан ям-яшил майсалар, баҳорни умидвор куртаклари билан кутиб олишга шайланаётган дов-дарахтлар руҳимизга кўтаринкилик улашади. Автобус ойнасидан ёнидагиларга нималарнидир завқ-шавққа тўлиб кўрсатаётган сайёҳ нигоҳларидаги бахтиёрликни кўриб, шундай юртда туғилганингдан севиниб кетасан, киши. Йўл-йўлакай Ватанимиз чиро­йига чирой қўшаётган намунавий турар жойлар меҳмонлар диққатини тортади. Мус­тақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари уларда катта таассурот қолдиради.

Дарҳақиқат, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кун мафтункор бўлиб бормоқда. Олис қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, тиббиёт муассасалари қад ростламоқда. Чинакам маънода инсон қадри, унинг тақдири, келажагига бўлган масъуллик ҳисси ошиб бораётир. Бу каби саъй-ҳаракатлар сайёҳларнинг жонажон Ватанимиз ҳақидаги таассуротларини бойитмоқда.

Яна ўқинг:  Тупроқдан зар топган олим

– Юртингиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун хизмат қилиши бизни бениҳоя қувонтирди, – дейди Сунг Сее Жунг – Бундай давлатнинг эртаси порлоқдир. Қаранг, қишлоқлар қиёфаси шаҳарникидан асло кам эмас. Давлат томонидан ёш оилаларга намунавий турар-жойлар қуриб берилиши, узоқ муддатга кредитлар ажратилишини эшитиб, ҳайратимни яширолмадим. Қолаверса, инсон саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, тиббиёт муассасалари сўнгги русумдаги технология ва зарур асбоб-ускуналар билан таъминланганини таъкидламай иложим йўқ. Ҳеч бир мамлакатда халқнинг саломатлиги учун бу даражада қайғурилмайди. Хорижлик тиббиёт мутахассислари билан тажриба алмашиниши йўлга қўйилгани ҳам Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари учун хизмат қилади.

Дарҳақиқат, 2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам. Юрт­бошимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси фикримиз тасдиғидир. Хусусан, жорий йилда соғ­лиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 407 миллиард сўмлик маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Қолаверса, МДҲ мамлакатларида ўхшаши бўлмаган, хал­қаро стандартлар бўйича энг юқори, яъни тўртинчи даражали ҳисобланган махсус болалар шифохонаси қурилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа Корея Республикасининг 103 миллион доллар миқдоридаги маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Таъкидлаш жоиз, ушбу шифохона 250 ўринга мўлжалланиб, 200 нафар болани қабул қила оладиган поликлиникага ҳам эга бўлади. Шундай улкан режалар, ислоҳотлар ҳақида ўйларканмиз, Ўзбекистон келажакка дадил одимлаётганига яна бир бор амин бўламиз. Йўл-йўлакай шулар ҳақида сайёҳлар билан суҳбатлашиб борамиз.

ҚАНЧА КЎҲНА БЎЛСА, ШУНЧА НАВҚИРОН

“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, дейди Юртбошимиз. Зеро, ҳар бир халққа таърифу тасниф берилар экан, энг аввало, унинг бой маданий мероси, тарихи, улуғ олиму фузалолари ҳақида сўз боради. Шу нуқтаи назардан Самарқанд, нафақат биз учун балки, жаҳон афкор оммаси учун ҳам аҳамиятли. 2750 йилдан зиёд давр мобайнида Сўғдиёна, Афросиёб, Мароқанд каби номлар билан тарихда алоҳида ўрин тутган қадимий шаҳар не-не улуғ қаҳрамонларга бешик бўлган. Улар ҳақидаги тилдан-тилга кўчган афсона ва ривоятларни тинглаб шаклланган халқнинг мард ўғлони Амир Темур эса ўзининг ақл-заковати билан Чингизхон босқини оқибатида харобага айланган шаҳарда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Ҳали-ҳамон салобатини йўқотмаган тарихий обидалар буюк бобомизнинг бунёдкорлик иш­қида яшаганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кун мафтункор бўлиб бормоқда. Олис қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, тиббиёт муассасалари қад ростламоқда. Чинакам маънода инсон қадри, унинг тақдири, келажагига бўлган масъуллик ошиб бораётир. Бу каби саъй-ҳаракатлар сайёҳларнинг жонажон Ватанимиз ҳақидаги таассуротларини бойитмоқда.

Олисдан бўй чўзиб турган муаззам миноралар сайёҳлар диққатини тортади. Текис ва равон йўллар бўйлаб борарканмиз, қалбимиз ўзгача шукуҳга тўлади. Дастлаб Самарқанднинг дурдонаси ҳисобланмиш Регистон майдонини айланар эканмиз, сайёҳлар миллий бунёдкорлик санъатимизга лол қолишади. Деворлардаги наққошлик ва ўймакорлик, қадимий архитектуранинг миллий руҳ билан уйғунлигига тасаннолар айтишади. Гўри Амир мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Хожа Дониёр зиёратгоҳида бўлган кореялик меҳмонлар юртимиз тарихи, маданияти билан янада яқиндан танишишди. Шунингдек, саёҳат давомида улар Хожа Дониёр зиёратгоҳи ёнида, анҳор бўйида жойлашган кулолчилик устахонасида ҳам бўлиб, у ердаги кулолчилик намуналарини кўздан кечиришди. Айниқса, миллий либосларимиз сайёҳлар диққатини ўзига жалб этди. Хусусан, дўппи, миллий зардўз­лик намунаси акс этган ҳунармандчилик маҳсулотларига катта қизиқиш билдириб, уларни харид қилишди.

Яна ўқинг:  Фаровонлик асоси саломатликда

– Самарқанд ҳақида жуда кўп эшитган эдим, – дейди Канг Ву Гунг – Бу ердаги обидаларни бир кўришни орзу қилардим. Ниятимга етдим. Ўзбекистондан бир дунё таассуротлар билан қайтадиган бўлдик. Айниқса, қадимий архитектуранинг ёрқин ифодаси бўлмиш Самарқанд обидаларида асрлардан ошиб келаётган ўзбек халқининг қадриятлари ва анъаналари, миллий менталитетингизга хос хусусиятлар акс этгани мени ҳайратлантирди. Бежиз бу юрт даҳоларга бешик бўлмаганига амин бўлдим. Айниқса, шаҳарнинг бугунги қиёфаси замонавийлик касб этгани бу диёрни янада мафтункор қилган.

ЯНАДА САЙҚАЛЛАНАЁТГАН ШАРҚ ГАВҲАРИ

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлиги ва раҳнамолигида Самарқандда мисли кўрилмаган даражада ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар, муҳташам иншоотлар, турар жойлар, янги таълим ва шифо масканлари, спорт мажмуалари, меҳмонхоналар, магистрал ва ҳалқа йўллари, кенг кўча ва шохкўчалар, маҳобатли кўприклар, ям-яшил ва сўлим хиёбону майдонлар, истироҳат боғлари-ю, жаҳон андозасидаги бозорлар, кўкка отилаётган биллур фавворалар Самарқанднинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозликнинг энг юксак талаблари асосида қурилган Даҳбед, Мирзо Улуғбек, Панжакент, Муқимий кўчалари, шаҳар иклимидан келиб чиқиб барпо этилган икки-уч қаватли кўркам бинолар, кўплаб объектлар мазкур йўналишдаги меъморчиликнинг замонавий андозаларидир. Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари асосан инсон, унинг манфаатлари учун хизмат қилаётир. Яъни, одамларнинг яшаши, меҳнат қилиши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар яратилган. Биноларнинг олд ва ён томонидаги майдончалар фарзандларимиз дам оладиган масканга айланган. Қисқа вақтда кўчалар, майдонлар ва хиёбонлар, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Каштан, эман, арча, қайин, қарағай каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойи­тувчи дарахтлар шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартирди. Кўчаларнинг тоза ва озодалиги эса халқимизнинг азалдан ободлик ва яратувчанлик ҳисси билан яшаганидан даракдир.

* * *

Ҳа, бу кўҳна ва навқирон Самарқанд. Буларнинг барчаси мустақиллигимизнинг ўтган йигирма икки йили мобайнида халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш борасида ўз кучимиз ҳамда ақлимиз билан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларнинг, одамларимиз онгу тафаккурида рўй бераётган улкан ўзгаришларнинг амалдаги намоёни сифатида бизга ғурур-ифтихор бағишлаб, хорижлик сайёҳларда ҳайрат уйғотмоқда.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

Яна ўқинг:  Ажойиб қуритгич

Тошкент – Самарқанд – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: