Фаровонлик асоси саломатликда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қайд этганидек: “… 2013 йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини жиҳозлаш даражаси 1,8 баробар ортди ва 91,7 фоизга етди, жумладан, юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозлаш даражаси 82,6 фоизни ташкил этмоқда”.
Хусусан, Чироқчи туман Тиббиёт бирлашмасида жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Яъни, туманда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитларга эга бўлган тиббий мажмуа шакллантирилди.
– 2013 йил туман тиббиёт тизимида улкан ўзгаришлар йили бўлди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Холиёр Қодиров. – Йил охирига келиб умумий қиймати 8 миллиард 439 миллион сўмлик 160 ўринли даволаш мажмуаси ва 150 қатновга эга бўлган кўп тармоқли марказий поликлиника биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, туманимиздаги чекка қишлоқларда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ҳар бири 75 қатновга мўлжалланган “Араббанди” ва “Уймавут” қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди. “Дурсун” қишлоқ врачлик пунктида тўлиқ таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Замонавий тиббий жиҳозлар ва ускуналар таъминоти йўлга қўйилди. Кадрлар салоҳияти ошиб, халқимизга намунали тиббий хизмат кўрсатишга эришилмоқда.
– Бўлимимизнинг асосий ва таркибий қисмларидан бири беморни қабул қилиш ва ташхис қўйишдир, – дейди Шошилинч тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Шоназар Рўзиқулов. – Биринчи тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари, жарроҳлик, травматологик, нейрожарроҳлик, кардиологик, гинекология, жонлантириш ва бошқа даволаш-ташхис қўйиш муолажаларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратилган. Замонавий рентген, ультратовуш тўлқинли тиббий ускунаси лапороскоп, гастрофеброскоп, бронхоскоп аппаратлари беморларга ташхис қўйишда қўл келмоқда.
Дарҳақиқат, бўлим туманнинг 400 минг нафарга яқин аҳолисига намунали тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу ерда беморлар 3 кундан 5 кунгача даволанишади. Сўнг касалликнинг ҳолатига кўра тегишли бўлимларга ўтказилади.
* * *
Мустақиллик боис Марказий касалхона тасарруфидаги туғруқхона бўлими тўлиқ қайта таъмирланди. Барча хоналар замон талабига мослаштирилди. Айни вақтда бу муассаса замонавий туғруқ мажмуасига айланди.
– “Саломатлик-2”, “Саломатлик-3” лойиҳалари бўйича замонавий асбоб-ускуналарнинг соҳага кириб келиши беморга ташхис қўйиш ва уларни даволаш ишларини бирмунча осонлаштирди, – дейди туғруқ мажмуаси бошлиғи Собирхон Пўлатов. – Наркоз берадиган “Драгер Фабюс” ҳамда жарроҳлик пайти ва жарроҳликдан кейин беморда кузатиладиган қон босими, томир уриши ва тўқималарнинг кислород билан таъминланишини кўрсатадиган кардиомонитор ускуналари шулар жумласидандир. Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли, аниқ мақсадга йўналтирилган изчил ислоҳотлар ўзининг юксак самарасини бераётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Бу Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун хизмат қилиши керак, деган ҳаётий тамойилнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодасидир.
Шоҳиста БОЗОРОВА,
Қашқадарё вилояти