«Ёшариб» бораётган муаммо: нега барвақт соч тўкилиши ва оқариши кузатилмоқда?

Ҳозир ёшлар орасида сочлари барвақт оқараётган ва ҳатто сочларнинг тўкилиши билан боғлиқ бўлган «алопеция» деб номланувчи касалликка чалинганлар кўп учрамоқда. Хўш, нима учун бу муаммолар борган сари «ёшаряпти», бунинг сабаби нимада?
Биз айни мавзуга батафсил тўхталиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг трихолог шифокори Одила Ташматовага мурожаат қилдик.

– Ҳозир кўп ёшларни, ҳатто кичик ёшдаги болаларни ҳам соч тўкилиши қийнамоқда, – дейди шифокор. – Уларда «алопеция» касаллигининг энг кенг тарқалган тури – «ўчоқли алопеция» аниқланяпти. Бунда бошнинг ҳар ерида айлана шаклларни ҳосил қилган сочларнинг тўкилиши кузатилади.


Болалардаги соч тўкилишига иммунитетнинг шаклланаётган даври, эндокрин, асаб тизимларидаги ўзгаришлар, гижжа касалликлари, рахит, терининг инфекцияли касаллиги кабиларни келтириш мумкин. Баъзи ота-оналарнинг болани ўзбошимчалик билан даволашга тутиниши, унинг оқибатида касалликни баттар кучайтириш ва ўтказиб юбориш, қошлар, танадаги туклар ҳам тўкилишни бошлаганида мурожаат қилишлари ишимизни бироз қийинлаштиради. Сўнг, муолажалар натижаси тезда кўринавермагач, тушкунликка тушишади.

Эътибор бериш зарур: агар боланинг тирноқлари синувчан бўлса, соч толалари ингичкалашса, ялтираши камайса, агар у «бошим қичияпти» деб такрорлайверса, зудлик билан трихолог шифокорга кўрсатиш зарур. Шунинг­дек, боланинг соч илдизларида кичкина яралар пайдо бўлиши ёки сочининг ранги бироз ўзгариши ҳам мумкин.

Ёш йигит ва қизларда ушбу касаллик кўпроқ гормонал ўзгаришлар, турли стресслар, уйқу сифатининг бузилиши, кимёвий қўшимчаларга эга бўлган ҳар хил ичимлик ва егуликларни истеъмол қилиш каби бир нечта сабаблар туфайли келиб чиқмоқда. Ташқи кўринишига алоҳида эътибор берадиган ёшлар бундан қаттиқ тушкунликка тушишлари табиий. Бироқ, тушкун руҳий ҳолат касалликнинг янада авж олишига сабаб бўлади. Шунинг учун тезда мутахассис шифокорга учрашиш, текширувлардан ўтиб, даволаш чораларини эртароқ бошлаш лозим.
Марказга «андроген алопеция»(тепакаллик) муаммоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳам жуда кўпайган. Аввал бу касаллик 40-50 ёшли эркакларда учраган бўлса, ҳозир 18-25 ёшли, ҳали оила қуришга улгурмаган йигитларда кузатилаётгани ачинарли.


Шунингдек, ёшлар орасида сочларнинг эрта оқариши ҳолатлари ҳам кўп. Аввало, бу насл суришини ҳам ҳисобга олиш керак. Масалан, ота-она, бобо-бувиларнинг ёшлик пайтларида шундай ҳолат бўлган бўлса, албатта кейинги авлодларда ҳам учрайди. Мабодо, наслда бўлмаса, бунга организмда баъзи моддаларнинг етишмовчилиги, хусусан, анемия, гормонал ўзгаришлар, қаттиқ тушкунлик, зарарли одатлар ва нотўғри овқатланиш каби омиллар сабаб бўлаётганлигини келтириш мумкин.

Ўзбекистонда тиббиётнинг бу йўналиши ҳозир анча ривожланиб боряпти. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази юқоридаги муаммоларни бартараф этиш учун барча замонавий ускуналар билан таъминланган. Марказдаги мутахассисларнинг чет давлатларда малака оширишлари ҳам йўлга қўйилган.
Биз, шифокорлар, шундай муаммоларга учраган ҳар бир бемордан кимдир ўргатган ёки ижтимоий тармоқлардаги даво усулларини қўлламаслигини, ўз вақтида мутахассисга учрашишини сўраб қоламиз.
Ҳозирги кунда нотўғри овқатланишни одат қилган, турли кимёвий қўшимчалари мавжуд ичимлик ва егуликларни тановвул қиладиган, уйқу сифати бузилган ва зарарли одатларга эга бўлган ёшларимиз йўқ эмас.

Юқорида келтирилган касалликлар наслда кузатилмаган бўлса, саломатликка жиддий ­эътибор берган ҳолда, юртдошларимизнинг ўз вақтида шифокор кўригидан ўтишларини тавсия қиламиз.

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА,
журналист

Яна ўқинг:  ЮРТИМИЗДА ТИШ ПРОТЕЗЛАРИНИНГ МАҲАЛЛИЙ АНДОЗАСИ ТАЙЁРЛАНАДИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: