Компьютер ва телефон саломатликка қандай таъсир этади?

Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига инсон тафаккурининг маҳсули бўлган замонавий технологияларнинг шиддат билан кириб келиши, янгидан-янги имконият ва қулайликларни яратмоқда, жамият тараққиёти юксалиши халқ фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Илм-фан соҳаси тез суръатларда ривожланаётган XXI аср – ахборот технологиялари ва интеллектуал салоҳият асри сифатида эътироф этилаётгани ҳам бежиз эмас. Табиийки, ана шундай ўзгариш ва янгиланишлар даврида кишиларнинг атрофда юз бераётган воқеа – ҳодисаларни билиш, ўрганиш ва тадқиқ этиш ҳамда хулоса чиқаришга бўлган эҳтиёжи ҳам ортади. Ахборот алмашуви жараёнларининг такомиллашуви натижасида телевидение, радио ва матбуотдан ташқари яна бир мукаммал тизим – интернет ҳаётимизга кириб келди. Телекоммуникация соҳасидаги қулай тезкор ва замонавий усуллардан бири бўлган бу тармоқ имкониятларни янада оширди. Ундан исталган маълумотни қисқа фурсатда олишимиз, фойдаланишимиз, билимларимизни мустаҳкамлашимиз ва янгиликлардан хабардор бўлишимиз мумкин. Чегара билмас ахборот манбаидан фойдаланишда маълум меъёрларга амал қилиш эса инсонларни турли оммавий ахборот «хуруж»лари, норасмий манбаларнинг салбий таъсиридан сақлашда муҳим ўрин тутади.

Тармоқ орқали миллий менталитетимизга хос ва мос бўлмаган ғарбона ҳаёт тарзини тарғиб этувчи турли саёз ва жангари фильм, мультфильм, шоу дастур ҳамда видеороликларни томоша қилиш, зўравонлик акс этган компьютер ўйинларини ўйнаш айрим ёшларнинг таълим-тарбияси, турмуш тарзи ва маданиятига салбий таъсир қилаётгани сир эмас. Бу каби жамиятимизга хос бўлмаган иллатларнинг олдини олишда фарзандларимизни ташқи таъсирлар, айниқса, интернет ва хорижий телеканаллар орқали намойиш этилаётган ғаразгўйликни тарғиб этувчи воситалардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Олимлар берган маълумотга кўра, жангари компьютер ўйинлари, айниқса, болаларда қизиққонлик ва муросасизлик, атрофдагиларга нисбатан бефарқ, шафқатсиз муносабатда бўлиш, ўз ҳиссиётларини устун қўйиш, ўйиндаги ҳолатларни реал ҳаётда такрорлашга бўлган иштиёқ каби салбий ҳолатлар шаклланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, кундалик турмушда кутилмаган муаммо ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан бири ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказиш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборат экан, бу борада ҳаммамиз фарзандларимиз тарбияси учун бирдек масъул бўлишимиз лозим. Шундай экан компьютердан фойдаланаётганингизда қуйидагиларга амал қилинг:

Яна ўқинг:  Кичкинтой нега дудуқланади?

– олдида бир соатдан ортиқ ўтирманг;
– кўз билан монитор орасидаги оралиқ масофа 50 сантиметрдан кам бўлмасин;
– компьютер турган хонани тез-тез шамоллатиб туринг;
– ишлаб бўлганингиздан сўнг жисмоний машқлар билан шуғулланинг;
– кўз чарчашининг олдини олиш учун кўзни юмиб-очиш машқларини бажаринг;
– кўзларингиз дам олиши учун чой шамасини халтачаларга солиб ярим соат давомида кўзларингизга қўйиб ётинг;
– ноутбукдан фақатгина стол устига қўйиб фойдаланинг;
Телефон ўзидан электромагнит тўлқинларини тарқатишини ҳисобга олиб, ўсиб келаётган ёш авлод саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида қуйидаги тавсияларга эътибор қаратиш лозим:
– 7 ёшгача бўлган болаларга бериш мумкин эмас;
– юрак атрофида олиб юрманг;
– ётоқхоналарда бошга яқин сақлаш мумкин эмас;
– узоқ муддат гаплашиш мумкин эмас, гаплашишлар орасидаги танаффус камида 15-20 дақиқа бўлиши тавсия этилади;
– телефондан чиқаётган нурлар мия фаолияти, эшитиш ва сезиш қобилиятига салбий зарар етказади.

Умумий алоқа телефонлари бўлган тақдирда, албатта, ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот-технологиялари даврида техник воситалардан оқилона ва тўғри фойдалансак, ўз соғлигимизга зарар етказмаган бўламиз.

Бобур ДАВРОНБЕКОВ,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси

Тошкент шаҳар бошқармаси
Шайхонтоҳур туман бўлими санитария врачи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: