Юрагим симиллаяпти…

Юракдаги оғриқлар ички аъзоларнинг зарарланиши оқибатида келиб чиқади. Кўкрак қафасининг суяк-тоғай тизими, мушак-фассия синдромлари, умуртқа поғонаси касалликлари ва периферик нерв тизими ёки психоген ҳолатларида кузатилади. Юрак оғриқлари қуйидаги касалликларда келиб чиқиши мумкин: стенокардия, миокард инфаркти, митрал клапан пролапс, ҳилпилловчи аорта аневризмаси, ўпка артериялари тромбоемболияси, плеврит, пневмония, ўпканинг ёмон сифатли ўсмалари, ҳазм қилиш тизимидаги касалликлар (ошқозон, ўн икки бармоқ ичак яра касалликлари, панкреатит, холецистит), диафрагма абсессларида.

Қайси касалликларда юрак соҳасида оғриқ бўлади?


Юракнинг коронар зарарланишлари. Миокард ишемияси (ангина пеcторис) – тўш ортида босим ҳис қилиш, жисмоний машқ қилганда чап қўл соҳасига оғриқ тарқалиши, айниқса, овқатланганда ёки эмоцианал ҳолатларда. Диагностикани аниқлаштириш учун нитроглицерин ёки дам олиш билан ойдинлаштирса бўлади.
Миокард инфаркти – белгилар миокард ишемияси каби юзага келади, лекин давом этиш вақти узоқроқ (30 дақиқага яқин). Дам олиш ёки нитроглицерин бунда ёрдам бермайди. Бундай ҳолатда ИИИ ва ИВ юрак тонлари эшитилади.
Юракнинг нокоронар зарарланишлари. Миокардит – миокардит билан касалланганларнинг 75-90 фоизида оғриқ кузатилади. Юрак соҳасида босимли, симилловчи оғриқлар кузатилади. Жисмоний машқ билан боғлиқ бўлмайди, куннинг иккинчи ярмида оғриқ кучайиши мумкин. Нитратлар оғриқни қолдирмайди. Юрак ЭКГси ўзгаришлари ва оғриқ орасида аниқ бир боғлиқлик бўлмайди.
Перикардит – перикардитда юрак соҳасидаги оғриқлар одатий ҳол ҳисобланиб, оғриқнинг ўзига хос жиҳатлари борлиги билан ажралиб туради. Кўпинча оғриқ касаллик бошланиш даврларида кузатилади. Перикард бўшлиғида маълум миқдордаги суюқлик йиғилганда оғриқ симптоми кузатилмайди, шунинг учун перикардитда оғриқ давомли эмас.
Ўткир қуруқ перикардитда оғриқ кўпроқ юрак чўққиси турткиси соҳасида кузатилса-да, оғриқ вақт ўтиши билан бутун перикардга, яъни юракнинг бутун қисмига тарқалиши мумкин. Кам ҳолатларда оғриқ эпигас­тра ва қовурға ости соҳаларида кузатилади. Оғриқнинг чап қўл, елка ва курак ости соҳасига кўчиши бу касаллик учун характерли эмас. Бунда оғриқ кучсиз, сиқиб ушлаб турганга ўхшаш ёки ўткир, кесувчи характерга эга бўлади. Перикардитда оғриқнинг ўзига хос характеридан бири унинг нафас олиш ва тананинг ҳолатига боғлиқлигидир. Нафас олиш кўпинча юзаки, чуқур нафас олганда оғриқ бўлганлиги сабабли. Баъзида беморлар мажбурий ҳолатда бўлишади (ўтирган, олдинга бироз эгилган).
Кардиомиопатия – оғриқ синдроми кардиомиопатия билан касалланганларнинг барчасида кузатилади, айниқса гипертрофик кардиомиопатияларда кўпроқ учрайди. Оғриқ характери касалликнинг кечишига боғлиқ бўлади. Кўпинча оғриқ атипик бўлиб, жисмоний ҳаракат, нитроглицериндан кейин ўтиб кетмайдиган, давомли бўлади. Оғриқнинг локализацияси кенг вариантларда юзага келади. Кўп ҳолларда оғриқ «эпизодли» келади, яъни спонтан равишда исталган пайтда пайдо бўлади.

Юракнинг орттирилган пороклари. Миокард гипертрофияси коронар қон томирлар етишмовчилигига олиб келади ва миокарддаги моддалар алмашинувини бузади. Кўпинча миокард гипертрофиясига сабаб аортал клапан порокларида кузатилади. Бунда оғриқ перикардиал соҳаларда кузатилади.
Миокардиодистрофия – миокардиодистрофиянинг клиник юзага чиқиши кам характерли ва ҳар хил кўринишда бўлади. Оғриқ перикардиал соҳада кузатилади ва турли хил вариантларда келади.

Артериал гипертония – гипертоник касаллик ва артериал гипертония симптомлари перикардиал соҳадаги тур хилдаги оғриқлар билан юзага чиқади. Оғриқнинг турли хил вариантлари фарқланади. Артериал қон босимнинг ортишида аорта деворларининг зўриқиши ва чап қоринча миокард қаватининг механорецепторлари натижасида оғриқ келиб чиқади. Одатда оғриқ давомли, симилловчи ва юрак соҳасида оғирлик ҳиссини чақирувчи бўлади.
Нейроциркуляр дистония (НСД) – НСДда юракдаги оғриқ характерли белгидир. 4 хил типдаги оғриқ ҳисси фарқланади:
• Оддий кардиалгия – симилловчи, кучсиз, давомли, бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этувчи , юрак чўққисида ёки перикардиал соҳада кузатилувчи оғриқлар бўлади, бундай оғриқлар 95 фоиз касалларда юзага чиқади. Ангионевротик кардиалгия (25 фоиз беморларда учрайди) – хуружсимон, қисқа муддатли лекин сутка давомида кўп маротаба такрорланувчи, босимли ва сиқувчи, ўз-ўзидан ўтиб кетувчи, одатда валидол, нитроглицерин қабул қилинганда ўтиб кетувчи оғриқлар кузатилади. Бемор хавотирланади, нафас етишмаслиги, пулснинг кўпайишини сезади. ЭКГ да ишемик ўзгаришлар бўлмайди. Бу касаллик асосида коронар артериялар тонуси пасайиши ва гипервентиляция ётади.
• Хуружли давомли кардиалгия (вегетатив криз кардиалгияси) – давомли босимли, симилловчи, нитроглицерин ва валидол қабул қилганда йўқолмайдиган, қўрқув, қалтираш, юрак уриши кучайиши, ҳансираш, АБ ошиши билан келадиган оғриқлар кузатилади. Кўпинча седатив воситалар (β-блокаторлар) қабул қилганда ўтиб кетади. 32 фоиз беморларда касаллик оғир кечади. Уларда гиперкатехоламинемия кузатилади, психоген криз ёки гипоталамус дисфункцияси туфайли.
• Симпатик кардиалгия – сиқувчи ёки «куйдирувчи» оғриқлар перикардиал, тўш ёни бўйлаб кузатилади. Оғриқ қўл билан шу соҳалар палпация қилинганда кучаяди (гипералгезия). Валидол ва нитроглицерин қабул қилганда ўтиб кетмайди. Оғриқ пайтида хантал қоғоз (горчичник) қўйилганда ўтиб кетади. Оғриқ сабаби юракнинг симпатик тугунларнинг зарарланишидан келиб чиқади.
• Псевдостенокардия (сохта стенокардия) – босимли, симилловчи, сиқувчи юрак оғриқлари тўш ортида келиб чиқади. Жисмоний ҳаракат ва юрганда кучаяди. 20 фоиз беморларда кузатилади. Бунга сабаб асосан стресс натижасида келиб чиққан гипервентиляция, миокард метоболизми бузилишидир.

Яна ўқинг:  ТИШЛАР ҲАҚИДА БАҲСЛИ ФИКРЛАР

Асаб тизими касалликлари билан боғлиқ бўлганда


Оғриқ синдроми турли хилдаги неврологик касалликлар натижасида ҳам келиб чиқади. Биринчи навбатда умуртқа поғонаси касалликлари, кўкрак қафаси олд девори ва елка мушаклари зарарланишлари (остеохондроз, мушак-фассия синдромлари)да оғриқ бўлади. Бундан ташқари, психовегетатив синдромларда ҳам оғриқ пайдо бўлади.
Умуртқа поғонаси ва турли хил мушакларда кузатиладиган касалликлар натижасида келиб чиқадиган оғриқ характеристикаси:

Мушак-фассия ёки умуртқа-қовурға ­синдромларидаги оғриқлар:
• доимий локализацияланган оғриқлар;
• тана ҳолатига ва шу мушакларни ҳаракатлантирганда кузатиладиган кучли оғриқлар;
• палпацияда аниқ диагноз қўйиш имкони бўлади: маҳаллий зарарланишларда палпация қилинганда ўша жойнинг ўзида оғриқ бўлиши;
• оғриқларнинг маҳаллий муолажалар қилинганда камайиши (хантал қоғоз, массаж, электрофизотерапия, новакаин билан блокада қилинганда).
Радикуляр оғриқ синдроми (қовурғалараро невралгия):
• касалликнинг ўткир тез бошланиши;
• оғриқнинг аниқ жойда эканлиги, чунки шу жойдаги нерв охирлари зарарланган бўлади;
• бўйин ва тўш соҳаси радикулитларида оғриқнинг айнан шу соҳадалиги;
• умуртқа поғонаси ҳаракатга келганда оғриқ кучайиши.

Умуртқа поғонаси остеохондрози. Бу умуртқа поғонаси оралиғидаги дискларнинг дистрофик-дегенератив зарарланишидир. Кўпинча пулпоз ядродан бошланиб, бутун дисклар бўйлаб тарқалади. Дискнинг дегенератив ўзгаришлари нерв охирларининг иккиламчи зарарланиши кўкрак қафасида оғриқлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Оғриқ механизми дискларнинг нерв толаларини босиши натижасида, бўйин радикулитларида, нерв толаларининг яллиғланишларида, вегетатив ўзгаришларида юзага келади.
Оғриқ характери бўйин умуртқалари остеохондрозида турли хилда ва турли хил жойларда пайдо бўлади. Бунда оғриқ санчувчи, ўткир, кесувчи бўлади. Оғриқ йўталганда, бўйинни ҳаракатлантирганда кучаяди. C6 сегментидаги нерв толалари зарарланганда оғриқ қўл соҳасида, елка бўгимида, бармоқларда кузатилади, бунда оғриқ билан бирга уларнинг сезувчанлиги ҳам ортади ва мушак рефлекслари ҳам сусаяди. Кўкрак соҳаси радикулитларида оғриқ кўкрак соҳасида пайдо бўлади, ҳаракатланганда, чуқур нафас олганда кучаяди.
Кўкрак қафаси олд девори синдроми кўпинча миокард инфаркти ўтказгандан кейин юзага келади. Бундан ташқари, нокороноген юрак зарарланишларида ҳам. Унинг асосида юракнинг патологик импулслари вегетатив нерв занжирига таъсир қилиши ётади. Шу билан бирга, бу синдром кўкрак қафаси миозитларида ҳам кузатилади. Палпацияда кўкрак қафаси олд деворида оғриқ аниқласа бўлади, айниқса, триггер нуқтасида (2-5– кўкрак қовурғалари ораси). Елка-курак бўгимидаги периартритда оғриқ ушбу бўгимни ҳаракатлантирганда юзага чиқади. Кураклараро оғриқ синдромида оғриқ статик ва динамик зўриқишда келиб чиқади. Кўкракнинг кичик мушаги синдромларида оғриқ III-V қовурғалар орасида тўш суяги ёнида ҳосил бўлиб, елка соҳасига тарқалади.
Титс синдромида тўшга бириккан II-IV қовурғалар тоғайида оғриқ бўлади. Оғриқ асосида ушбу қовурғалар тоғайининг асептик яллиғланиши ётади.
Ксифоидия – тўсатдан тўш суяги асосида, ханжарсимон ўсиқ соҳасида пайдо бўладиган оғриқ билан кечадиган синдром.


Психоген кардиалгия. Бу юракдаги қандайдир патология натижасида келиб чиққан оғриқнинг, касаллик хуруж қилмаган пайтда ҳам ўз ўзидан юрак соҳасида оғриқ сезиш деганидир. Оғриқ кўпинча юрак учки турткисида, перикардиал соҳада ва чап кўкрак сўрғичи соҳасида юзага келади. Оғриқ ҳам турли хил характерга эга бўлади, симилловчи, санчувчи, кесувcи, ўткир, «куйдирувчи», сиқувчи, тўлқинсимон, нитроглицерин билан ўтиб кетмайдиган, аммо валидол ёки седатив моддалар қабул қилганда ўтиб кетадиган бўлади. Оғриқ одатда давомли бўлади, баъзида қисқа муддатда ўтиб кетади. Бунда стенокардияни инкор этиш керак бўлади.

Ҳамида РАЖАБОВА,

Яна ўқинг:  МАНЗИЛЛИ ТИББИЙ КЎРИК

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: