Жажживой нима учун йиғлайди?

Эндигина ёшига тўлган кичкинтойнинг тили яхши чиқмаганлиги, сўзларни тўлиқ, аниқ талаффуз қилолмаслиги боис нимани хоҳлаётганини тушунолмайсиз. Аммо бола йиғисининг сабабини билишга ва уни тинч­лантиришга ҳаракат қилинг. Фарзандингизнинг узоқ йиғлашига, айниқса, ёлғиз қолганда йиғлашига асло йўл қўйманг.


Бу ёшда болада ўзига нотаниш бўлган буюмлардан, ҳолатлардан қўрқув ҳисси пайдо бўлади. Дейлик, чангютгич, соч қуритгич шовқинидан, бош ювишдан чўчийди. Кийим алмаштиришга унча ҳуши бўлмайди. Иложи борича болани уни қўрқитадиган товушлардан асранг, токи гўдагингизда қўрқув ҳисси пайдо бўлмасин.


Болада кун сайин янги одатлар пайдо бўлади. Уйғонганида, ҳар доим қаршисида онасини кўришга ўрганиб қолган бўлиши мумкин. Борди-ю, олдига бошқа одам келса, у чинқириб йиғлайди. Агар болага иссиқ эмас, совуқ сут аралашмасини берсангиз ҳам, у йиғлайди. Фарзандингизнинг одатларини билишга ҳаракат қилинг. Ёқмагани учун эмас, у буни кутмагани учун йиғлайди. Болада ёт ҳолатлар билан биринчи танишув йиғисига сабаб бўлиши мумкин. Янгиликларга аста-секинлик билан ўргатинг.


Сиз болангизнинг хонасидан чиқиб кетдингиз ёки зарурият юзасидан уни нотаниш кишига қолдирдингиз. У ўз норозилигини йиғи билан ифодалайди. Норозилигининг моҳиятини тушуниб, уни бартараф қилишга урининг.


Болаларда ночорликдан йиғлаш, одатда, бир ёшга етганда қолади. Унинг ўрнини жаҳл билан йиғлаш кайфияти эгаллайди. Музлатгич эшигини беҳудага очиб-ёпаётган болангизга: «Тегма!» дея танбеҳ берасиз. Қўли етадиган буюмларни тортиб олавергани ёки идишлардаги нарсаларни тўкиб, сочавергани учун койийсиз. Бундай ҳолатда ҳам бола ер тепиб ё хархаша қилиб йиғлайди. Сиз сабр билан унга ўз тилида нима яхши-ю нима ёмонлигини уқтириб боришга ҳаракат қилинг.

Зуҳра ЭРГАШЕВА тайёрлади

Яна ўқинг:  Диареядан сақланинг!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: