Oқлиқ – мустаҳкам соғлиқ демакдир

Сутни табиат инъом этган етти хазинанинг бирига қиёс қилишади. Бунга сабаб ушбу неъмат она табиат томонидан биологик фаол моддалар билан бойитилганидир.

Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида сутнинг бир неча шифобахш хусусиятларини келтириб ўтган. Шунингдек, қадимги файласуфлар ҳам уни “соғлиқ манбаи”, “оқ қон”, “ҳаёт шарбати” дея аташган. Қадимги Юнонистон, Миср, Рим тиббиёт ходимлари эса сил касаллигини даволаш учун сутни тавсия этиб, бир қанча кўрсатмалар бериб ўтишган. Гиппократнинг асарларида сут билан боғлиқ кўпгина маълумотлар учрайди.

Атоқли олим С.Боткин эса ўз тажрибалари орқали сут юрак ва буйрак касалликларини даволашда асосий малҳам бўлишини таъкидлаб ўтган.

Илмий маълумотларга қараганда сут таркибида 200 дан ортиқ жуда қимматли ҳар хил таркибий қисмлар, қулай тарзда мувозанатлашган 20та аминокислота, 117 тадан ортиқ ёғ кислоталари, сут қанди, яъни лактоза, турли хил минерал моддалар, микроэлементлар, ҳозир маълум бўлган витаминларнинг барча турлари, пигментлар, фосфатидлар, стеринлар, ферментлар, гормонлар ва меъёрий ҳаёт фаолиятини сақлаб бориш учун организмга зарур бўлган бошқа моддалар мавжуд, – дейди Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси мутахассиси Фахриддин Калонов.

Сут оқсиллари асосан казеин, альбумин ва глобулиндан иборат бўлиб, хом сутда улар эриган ҳолда бўлади. Казеин творог ҳамда пишлоқнинг асосий таркибий қисимидир. Сутда 0,1 фоиз миқдоридаги глобулин бор. У антибиотик ва иммун хоссаларига эга. Шу боис организмни юқумли касалликлардан ҳимоя қиладиган антителелар манбаи бўлиб хизмат қилади. Сут 20 та аминокислотани ўз таркибида сақлайдиган ҳаёт учун зарур бўлган оқсиллар қаторига киради. Шу аминокислоталарнинг 8 турини инсон организми синтез қилмайди ва улар овқат билан инсон жисмига кириб туриши шарт. Буни қарангки, шулардан лоақал бир тури организмда етишмаса вужудимиздаги модда алмашинувининг бузилишига сабаб бўлар экан.

Мазкур неъматнинг таркибида учрайдиган ёғ ҳам организм учун бошқа ёғлар сингари бой энергия манбаидир. Бу ёғнинг суюқланиш ҳарорати паст 27-35оС бўлади. Шу боис сут ёғи одам организмига сингиши осон кечади. Сут ёғида А, Д, Е, К витаминлари эриган ҳолда бўлади, бошқа ёғларда эса бу витаминлар деярли учрамас экан. Бу маҳсулотда кўпгина ферментлар мавжуд. Жумладан, липаза ёғларни парчаловчи фермент. Сут қанди – лактозани глюкоза ва галактоза хосил қилади. Ўз-ўзидан глюкоза жигарнинг нормал ишлаб туриши учун зарур модда ҳисобланади. Фосфтаза қон пайдо қилиш ва суяк ҳосил қилишда мушакларнинг, жумладан, юрак мушакларининг ҳаракатланишида иштирок этади. Сут таркибидаги фойдали моддалардан яна бири бу каталазадир. У моддалар алмашинуви жараёнида ҳосил бўладиган водород периоксиднинг заҳарли таъсиридан организмни сақлаб туради. Бу эса сут ва сут маҳсулотларининг нақадар бебаҳо эканлигини исботлайди.

Яна ўқинг:  Қадрига етган қувватга тўлар

AҲОЛИНИНГ ЭҲТИЁЖИГА ҚАРАБ…

Халқимиз азалдан сутни оқлиқ дея эъзозлаган. Сутнинг фойдали ва шифобахш хусусиятлари ҳақида ота-оналаримиз, бобо-ю-бувиларимиздан кўплаб ривояту ҳикматлар эшитганмиз. Шу сабабдан бизда доимо соғин сигир оила бойлиги ҳисобланиб, унга қут-барака тимсоли сифатида қаралган.

Хорижлик мутахассисларнинг сўнгги изланишларига кўра шу маълум бўлдики, табиий сут маҳсулоти организм учун зарурий бўлган кўплаб витамин ва минералларни бериш билан биргаликда остеопороз хасталигининг келиб чиқиш хавфини кескин камайтирар экан. Йўғон ичак саратони, юқори қон босими ва қандли диабет хасталикларининг олдини олишда ҳам ёрдам беради. Шунинг учун кейинги пайтларда Европа минтақаларида табиий сутни истеъмол қилиш ҳар қачонгидан ҳам оммалашган.

Истиқлол йилларида юртимизда соҳага бўлган эътибор янада кучайди. Аҳоли сонининг ўсиши ва бу маҳсулотга бўлган талабнинг узлуксиз ортиб бориши республикада сут маҳсулотларининг истеъмолини ташкил этиш бўйича қатор масалаларни ҳал этиш лозимлигини талаб этади. Шулардан бири аҳолининг сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда унинг турфа хиллигини ошириш, зотли молларнинг сонини ва сифатли хом сут олиш ҳажмини кўпайтиришдир.

Саъй-ҳаракатлар натижасида йилига 7,2 млн. тоннадан ортиқ сут олинмоқда. Бу кўрсаткичга эришишда эса республикамизда фаолият олиб бораётган олти юздан ортиқ сутни қайта ишлаш корхоналарининг ўрни катта. 2013 йилнинг ўзида ички ва ташқи инвестициялар жалб этган ҳолда мазкур соҳада умумий қиймати 16,6млн. АҚШ долларига тенг бўлган 126 та лойиҳа амалга оширилди. 95та корхона янгидан барпо қилинди.

Аҳамиятлиси, бу лойиҳалар республикамизнинг чекка туман ва қишлоқларида амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида жойларда янги иш ўринларининг яратилишига туртки бўлади, аҳоли бандлиги таъминланади. Масалан Амударё туманидаги йилига 1 минг 435 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга “Атамурот ҳожи бобо” фермер хўжалиги, Ғаллаорол туманидаги 300 тонна сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб, истеъмолчиларга етказиб бериш имкониятига эга бўлган “Ташаббускор” фермер хўжалиги, Паст Дарғом туманидаги йилига 400 тонна сутни қайта ишлаш имкониятига эга бўлган “Чортут чорва насл” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилаётгани шулар жумласидандир. Натижада шу ҳудудда яшовчи аҳоли сифатли ва замонавий қадоқланган сут ва сут маҳсулотлари билан таъминланади.

Яна ўқинг:  BARKAMOL AVLOD

Тизим равнақида чет эл инвестицияларининг ҳам сезиларли ўрни бор. Жумладан, “Нестле – Ўзбекистон” қўшма корхонаси асептик шароитда тетра пак ва тетра финна идишларига қадоқланган стеризацияланган сут, сутли ичимлик ва сарёғ, қуруқ сутли болалар бўтқаси ва қуруқ сут ишлаб чиқармоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги “Пахтачи сут”, “Агар браво”, Андиждон вилоятидаги “Раш Милк”, Қашқадарё вилоятидаги “Тева боши”, Тошкент вилоятидаги “Янгийўл сут”, Хоразм вилоятидаги “Тилло Домар”, ва бошқа корхоналарнинг фаолияти ҳам соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилишига туртки бўлаётир. Давлатимиз томонидан сут ишлаб чиқариш тармоғини янада ривожантириш учун инвесторларга имтиёзлар яртилиб, сутни қайта ишлашга ихтисослашган микрофирма ва кичик корхоналарни ривожлантириш мақсадида ягона солиқ тўлаш 50 фоизга камайтирилди. Мазкур корхона ва микрофирмалар маблағларини замонавий лабораториялар қуриш ва мавжудларини керакли технологиялар билан таъминлаш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни яхшилаш ҳамда хом ашё базасини ривожлантиришга мақсадли йўналтириш белгиланган. Шунингдек, хом сутни қайта ишлашда керакли бўладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва ёрдамчи материаллар божхона тўловидан озод этилгани ҳам соҳага қаратилаётган эътибордан далолатдир.

ХОРИЖНИКИДАН ҚОЛИШМАЙДИ

Махсус корхоналарнинг барпо этилиши аҳоли томонидан уй шароитида сут маҳсулотларини тайёрлаш ҳажми камайишига сабаб бўлмоқда. Боиси ҳозирги кунда бежирим, бир марта ишлатиладиган полимер идишларда қадоқланган сақланиш муддати узайтирилган сут маҳсулотларининг турлари ва миқдори ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Дўкон пештахталаридаги турли кўринишдаги сут маҳсулотлари бунга яққол мисолдир. Бу маҳсулот Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ДСНМлари қошидаги Сертификатлаш идоралари ва “Ўзстандарт” агентлигининг сертификатлаш ташкилотлари томонидан тегишли тартибда мувофиқлик сертификати билан кафолатланади. Хориждан келтирилаётган маҳсулотлар ҳам мазкур босқичларни босиб ўтиб, белгиланган талабларга жавоб бергандан сўнггина мувофиқлик сертификати билан савдога чиқарилади.

Уй шароитида тайёрланган сут ва сут маҳсулотларини эса савдо расталарига чиқаришдан олдин амалдаги ветиренария ва санитария-гигиена қонун-қоидаларига биноан кўрикдан ўтказилади. Жойлардаги санитария-эпидемиология станциялари томонидан маҳсулот истеъмолга яроқлилиги аниқланганидан сўнггина сотувга рухсат берилади.

CУТ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

Япониялик олим С.Хигуши қатиқ-йогурт маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали атом нурланишидан зарарланган кишиларни тузалиб кетишганини (радиактив нурланиш таъсиридаги кишилар ҳар куни 1 литрдан йогурт ичиб турган) ўз тажрибаларида исботлаган. Хигушининг фикрича, бу сут таркибида цистин, лизин, глутамин моддалари организмни атом нурланишдан халос этар экан.

Яна ўқинг:  БОЛАЛАР ОЁҚ КИЙИМИ

Мутахассисларнинг кузатувларига кўра одам ўз умри давомида 10 минг литр сут ичар экан.

Сут маҳсулотининг баҳоси Америка Қўшма Штатлари ҳамда Европанинг баъзи бир ҳудудларида ёқилғидан ҳам қимматроқ турар экан.

Сут таркибидаги оқсил туфайли кўпириш хусусиятига эга.

250 мл сут таркибида 300 мг кальций мавжуд. Кальцийнинг бундай миқдори 3 стакан ёнғоқда ёки 4 стакан қора ловияда учрар экан.

Бир килограмм пишлоқ ишлаб чиқариш учун 10 фунт сут, 0,5кг сарёғ ишлаб чиқариш учун 21 фунт сут, 4 литр музқаймоқ учун 12 фунт (1 фунт – 409,5 грамга тенг) сут даркор бўлади.

Сут таркибини 90-95 фоиз сув ташкил этиб, қолган қисмини витаминлар, оқсиллар, углеводлар, ёғлар ташкил этади.

Болаларнинг организми тез ўсганлиги боис уларга озуқавий витаминлар, керакли ҳажмда кальций зарур. Сут таркибида эса бу моддалар етарли даражада мавжуд экан.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: