Ёз фаслида ўткир ичак касалликлари нега кўпаяди?

Ҳозир юртимизда айни пишиқчилик мавсуми. Ёзнинг жазирама кунлари бошланди. Бу давр­да аҳоли, айниқса болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлар бор. Шулардан бири – ўткир диарея. У халқ орасида ичбуруғ ҳам деб аталади. Хўш, ушбу хасталик қандай келиб чиқади? Унинг ўзига хос белгилари нималардан иборат? Қандай хавфли асоратлари мавжуд?

Ёз кунларида очиқда қолган ­таом ва егуликлар сифати жуда тез бузилади. Айниқса, сут ва сут маҳсулотлари қисқа муддатда айниб қолиши мумкин. Бундан ташқари, касаллик келиб чиқишига асосан гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Масалан, болалар баъзан кўчадан уйга киргач ва овқатланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади.
Ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам кичкинтойларнинг доимо хаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, сальмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларни қўзғатади.
Яъни организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион давр­да диареянинг илк белгилари намоён бўлади.

Беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриши, дам бўлиши каби симптомлар кузатилади.


Ўткир диарея бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.
Касалликни даволашда ҳар бир дақиқанинг аҳамияти катта. Яъни беморга қанча эрта ташхис қўйилиб, муолажа қанча тезроқ бош­ланса, натижа шу қадар самарали бўлади.
Айтиш лозимки, ўткир диарея хавфли касаллик. Бу дардни енгишда, аввало, организмдаги сув балансини таъминлаш муҳим! ­Яъни бемор зарур миқдорда суюқлик қабул қилмаса, ҳатто дақиқалар ичида аҳволи оғирлашиши мумкин.
Бироқ сув балансини баъзан фақат суюқлик ичиш билангина тиклаш мушкул. Айниқса, хасталикка чалинган болаларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, уларда фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз, ичаклар буралиб қолиши каби оғир асоратлар юзага келиши хавфи катта.
Чунки кичкинтойлар организми жуда нозик бўлади. Қусиш, ич кетиши, юқори ҳарорат туфайли тананинг сувсизланиши жуда тез содир бўлади.
Оқибатда беморларда пешоб ажралиши тўхтаб, буйрак етишмовчилиги жараёни бошланади. Қолаверса, сув баланси камайиши туфайли қон босими кескин тушиб кетади.

Айни сабабдан, болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокор қатъий назорати остида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қопланса, организм яна нормал ҳолатига қайтади.
Негаки, хасталикнинг эрта босқичида ҳеч қандай томчи дориларсиз вазиятни ўнглаш мумкин. Агар ҳам қусиш, ҳам ич кетиши кузатилса, томчи муолажаларини қўллашга тўғри келади.
Бироқ қусиш тўхтамай, кучли оғриқ кузатилса, уни бартараф этиш учун дезинтоксикацон ва симпоматик муолажалар талаб этилади.

Аммо ичбуруғни даволашда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллаш вазиятни янада оғирлаштиришини эслатиб ўтмоқчимиз. Чунки бундай ҳолатда ўткир диареяга дисбактериоз хасталиги ҳам қўшилиши эҳтимоли катта.
Шундай экан, ота-оналар ёз мавсумида болаларининг овқатланиш рациони, улар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, яроқлилиги, хавфли бактерия ва вируслардан холилигига ҳамда фарзандлари озодалилигига ниҳоятда эътиборли бўлишлари керак.

Яна ўқинг:  ГРИПП АСОРАТИ БИЛАН ХАВФЛИ

Дилором ТУРСУНОВА,
Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: