Оёқларингиз шишяптими?

Оёқларда шиш пайдо бўлиши айрим инсонлар учун одатий ҳол. Бундай зарарсиз ўзгариш оёқларга бироз дам берилгач, ўз-ўзидан йўқолади. Бироқ аксарият ҳолларда у саломатлигимизда жиддий салбий ўзгаришлар кузатилаётгани, бунга беэътибор бўлмасликдан дарак беради. Бу муаммонинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади? Унинг олдини олиш мумкинми? Шу каби саволларга қуйида жавоб излаймиз.

Оёқларда шиш кўпроқ тана тўқималарида сув йиғилганда юзага келади. Бунга эса бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Хусусан:
– бўғим касалликлари;
– шикастланиш;
– буйрак ва жигар хасталиклари;
– ўтказилган ўткир респиратор инфекциялар;
– юрак етишмовчилиги;
– қалқонсимон без касалликлари;
– гормонал дори воситалари билан узоқ вақт даволаниш;
– ҳомиладорлик;
– томирлар ва қон томирлари хасталиклари (тромбофлебит, тромбоз, варикоз ва бошқалар);
– артроз, ревматизм ва яссиоёқлик.


Масалан, юрак етишмовчилигида мазкур тана аъзоси ўз фаолиятини тўлиқ бажара олмаслиги ва қонни етарли даражада ҳайдаб бера олмаслиги натижасида оёқ қон томирларида димланиш содир бўлади.
Шунингдек, ҳаддан ортиқ алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш ва бунинг оқибатида сурункали гепатит ҳисобига жигар фильтрлаш функциясини бажаролмай қолиши оқибатида ҳам танада сув йиғилади.
Яна бир мисол. Маълумки, инсон ёши ўтгани сари томирларда қон айланиши бузилади. Натижада веноз томирларнинг қонни бир томонга йўналтирувчи клапан аппаратидаги етишмовчилик қоннинг димланиши ва шишларга сабаб бўлиши мумкин.


Бундан ташқари, оёқ томирлари тромбозида шиш бирданига ва тез содир бўлади. Бу ҳолат жуда хавфли ҳисобланиб, зудлик билан даволанишни талаб қилади. Буйрак касаллик­ларида эса шиш тўпиқ ва болдир қисмида юзага келади. Шу билан бирга, кўз остида шиш, пешобнинг ранги ўзгариши кузатилади.
Агар оёқ шишиб, нафас олиш қийинлашса, кўкрак соҳасида оғриқ ва оғирлик ҳисси пайдо бўлса, шишган оёқ териси таранглашиб, ёрилиш даражасига етса ёки кунлик сийиш миқдори истеъмол қилинаётган суюқликка нисбатан камайса, бундай ҳолатларда асло ўзбошимчалик билан даволаниш керак эмас.
Аксинча шифокор қабулига боришни кечиктирмаслик бу салбий ҳолатдан имкон қадар тезроқ халос бўлишга ёрдам беради.

Шунингдек, оёқ шишганда туз истеъмолини камайтириш, алкоголь ичимликлар ичмаслик, кўпроқ ҳаракат қилиш, малина, мош, ловия, сули ёрмаси, банан, бодом ва лавлаги каби таркибида магний элементи мавжуд маҳсулотларни тановул қилиш мақсадга мувофиқ.

Яна ўқинг:  МАНЗИЛЛИ ТИББИЙ КЎРИК

Ҳилола ЖАМИЛОВА,
олий тоифали шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: