Туғилажак боланинг жинсини олдиндан режалаштириш мумкинми?

Aёллар саломатлиги кўп жиҳатдан эркаклар соғлиғидан фарқ қилади. Чунки аёлларнинг соғлиғи – бу аҳоли соғлиғининг бир қисмидир, бунда соғлиқни сақлаш ЖССТ томонидан «касаллик ёки касалликнинг йўқлиги эмас, балки тўлиқ жисмоний, руҳий ва ижтимоий фаровонлик ҳолати» сифатида белгиланади.

Шу боис, аёл унинг саломатлиги бутун ҳаёти, ҳатто келажак авлодининг тақдирига таъсир қилишини ҳеч қачон унутмаслиги керак. Соғлиқни таъминлаш учун нафақат ўз вақтида даволаниш, балки гинекологик касалликлар ривожланишига йўл қўймаслик учун профилактика чораларини кўриши лозим.
Аёллар саломатлиги, унга эътибор қаратишни қачондан бошлаш лозимлиги тўғрисида батафсил маълумот олиш учун ССВ Матбуот хизмати Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Шахноза Зуфаровага мурожаат қилди.

– Гинекологлар аёллар саломатлиги тўғрисида қайғуришни қизлик давриданоқ бошлаш лозимлиги ҳақида кўп бора таъкид­лашади. Ҳозирги вақтда оналаримизнинг ўз қизлари саломатлигига эътиборини қандай баҳолайсиз?


– Болаликдан ўсмирлик ёшига қадам қўйган ҳар бир ўғил-қиз организмида ўзига хос ўзгаришлар кузатилади. Айниқса, қиз бола саломатлигига алоҳида эътибор бериш лозим.
Балоғат ёшига етгач, ўcмирнинг феъл-атвори, ташқи кўринишида сезиларли даражада ўзгаришлар юз беради. Ота-оналар бу давр­да ўз фарзандлари билан яқиндан дўст бўлишлари келажакда келиб чиқувчи жиддий муаммолар юзага келишининг олдини олади.
Ҳозирги кунда турмушга чиқмаган қизларини гинеколог қабулига олиб бориш зарурлигини ота-оналаримиз тушуниб етишмоқда, деб ўйлайман.
Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ходимлари томонидан бу борада бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла фаоллари, мактаб ва коллеж ўқувчи қизлари, шунингдек олийгоҳ ёшлари ўртасида маъруза ва очиқ дарслар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида «Қизлар хонаси», кўп тармоқли марказий поликлиникаларда эса «Қизлар саломатлик марказлари» фаолият юритмоқда. «Қизлар саломатлик марказлари»да болалар гинекологлари хонаси алоҳида ажратилган бўлиб, қиз болалар ҳеч қандай уялиш, қўрқиш, навбатда узоқ кутиш каби ҳолатлардан ҳоли тарзда мутахассис тавсияларини олишмоқда.
Ўрта мактаб ўсмир қизлари ўртасида тор мутахассислар: болалар гинекологи, эндокринолог, дерматолог, педиатр томонидан диспансеризация ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича қизларни ҳудудий поликлиникаларнинг қизлар саломатлик марказлари мутахассисига юборилиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

– Қиз ўстираётган оналарга мутахассис сифатида тавсияларингиз?


– Она ўз қизи учун биринчи устоз ва асосий ўрнак бўладиган шахсдир. У ўзи ва қизининг саломатлиги учун масъул. Шунинг учун ҳам қуйидаги амалларни ўзи бажариши ва қизини ҳам шунга ўргатиб бориши лозим:

  • шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш;
  • оғиз бўшлиғи (тишларни, томоқни) ўз вақтида даволаш;
  • рационал овқатланишига эътибор бериш;
  • гинеколог, эндокринолог каби тор соҳа мутахассислари тиббий кўригидан ҳамда УТТ текширувидан ўз вақтида ўтиш;
  • мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланиш;
  • соғлом турмуш тарзига риоя этиш;
  • зарарли одатларни тарк этиш.
    Очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш руҳий ва жисмоний саломатликни асраш учун катта ёрдам беради. Зеро, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади.

– Афсуски, бугунги кунда бепуштлик дардидан азият чекаётган жуфтликларимиз ҳам бор. Тажрибали мутахассис сифатида бунинг сабаблари ҳақида нималар дея оласиз?

– Албатта, бепуштликдан азият чекаётган жуфтликларнинг борлиги ачинарли ҳолат. Бу муаммонинг илдизини нафақат қиз болалардан, балки ўғил болалардан ҳам қидиришимиз мумкин. Чунки ёшликда ўтказган касалликлар ва уларнинг асоратлари, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик кейинчалик бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, ўғил болаларда ўтказилган эпид паротит (халқ тилида тепки) касаллиги бўлса, қиз болаларда эндокрин ва соматик ҳамда турли яллиғланиш касалликлари ҳам бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.
Инсон организмидаги ҳар бир гормоннинг ўз вазифаси бор. Булардан фарқли равишда, аёлларда учрайдиган гормон (эстроген) ўз навбатида фарзанд кўриш қобилиятини юзага келтиради ва аёл жинсига монанд қомат, хулқ-атвор ва нафосатни белгилайди.
Қиз бола организмида эстроген гормонининг камайиб кетиши оқибатида тухумдон фаолияти сусаяди. Бу эса фолликуланинг ўз вақтида етилмаслиги натижасида ҳайз циклининг бузилиши, кўкрак бези ва бачадоннинг қисқаришига олиб келади. Ўз вақтида даволанмаслик келажакда бепуштликка сабаб бўлиши мумкин.
Эстроген гормонининг камайиб кетиши қалқонсимон без хасталиги билан ҳам боғлиқ муаммолардан биридир. Чунки ушбу ­аъзо орқали бутун тана бошқарилади ва у гормонлар фаолиятига ҳам масъул.
Бу гормоннинг камайиб кетиши нафақат аёлларда, балки балоғат ёшидаги қиз болалар организмида ҳам рўй бериши кузатилади.
Ўсмир ёшдаги қиз бола организмида гормонал бузилишлар рўй бериши ҳайз кўриш давридан бошланади. Ҳайз цикли ҳар бир қиз бола организмида турлича кечади.
Баъзиларда бу 11-12 ёшдан бошланса, баъзи қизларда эса 15 ёшга етганида ҳам ҳайз кўриш кечикиши мумкин. Ҳайз циклининг 25-28 кундан ошиб кетиши, ҳайз кунларининг узайиши ва оғриқли кечиши, қовуқ остида оғриқ бўлиши организмда гормонал бузилишлар рўй бераётганидан дарак беради.
Қиз болаларда учрайдиган эндокрин, соматик хасталиклар, жинсий аъзоларда турли яллиғланишлар келгусида жиддий касаллик­лар, жумладан бепуштликни ҳам юзага келтириши мумкин.
Аммо бир нарсани таъкидлашни истардимки, кўпчилик бепуштлик тўғрисидаги хулосани жуда эрта чиқаришади. Масалан, атиги 5-6 ой яшаган жуфтликлар ҳам фарзанд кўролмаяпмиз деб келишади.
Аслида бир йил давомида ҳеч қандай контрацептив воситаларини қўлламасдан яшагандан сўнг ҳомиладорлик рўй бермасагина, даво чораларини кўришни бошлаш мумкин.
– Шундай жуфтликларга қандай тавсия­лар берасиз? Улар дастлаб қандай текширувлардан ўтиши лозим?
– Касалликни ўз вақтида даволаш беморнинг тезда тузалишига туртки бўлади.

Шундай экан:

  • шифокор-гинеколог ҳузурига ўз вақтида бориш;
  • қалқонсимон без хасталиклари (шунинг­дек, бўқоқ) касалликларини ўз вақтида даволаш;
  • жинсий касалликларни ўз вақтида даволаш лозим;
  • беморнинг даволаниши билан биргаликда тўлақонлик овқатланиши, сут маҳсулотлари, тухум, помидор, қовоқ ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиши зарур. Ушбу маҳсулотлар таркибида фолий кислотаси, жумладан, витамин C кўп миқдорда бўлиб, гормонал ўзгаришларни бир маромда сақлашда ёрдам беради.
    Жумладан, мош, ловия, нўхат, соя, гуруч, ўрик, кунжут, брокколи карами ва кўкатлар гормонал балансни мўътадиллаштиради.

Дастлабки текширувлар:

  • профилактик тиббий кўрик;
  • гинеколог кўриги;
  • эндокринолог кўриги;
  • терапевт кўриги;
  • ультратовуш текширувини ташкил қилади.
Яна ўқинг:  Банан ҳақида нималарни биласиз?

– Ҳозирда аёлларда қандай касаллик­лар кўпроқ учрамоқда, бунинг сабаблари нимада?
– Аёллар орасида кўкрак бези ва бачадон бўйни касалликлари, кичик чаноқ яллиғланиш касалликлари, камқонлик, бўқоқ бези, буйрак ва пешоб йўллари хасталиклари кўп учрамоқда.
Сабаби, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик, тиббий кўрикдан мунтазам ўз вақтида ўтмаслик, рационал овқатланмаслик (витаминларга ва микроэлементларга бой маҳсулотларни истеъмол қилмаслик), шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, болалик ва ўсмирлик даврида ўтказган касаллик­ларга эътибор бермасликдир.

– Аёллар доим саломат бўлишлари учун қанча вақт оралиғида гинеколог қабулида бўлиб туриши лозим?


– Ҳар 6 ойда бир марта, албатта, гинеколог қабулида бўлиш шарт! Бу ўз навбатида, аёллар ўртасида кўп учрайдиган кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони каби касалликларнинг ҳам ўз вақтида олдини олиш ва даволашда ёрдам беради. Айниқса, оила аъзоларида ирсий гинекологик патология бўлган аёллар профилактик текширувларга беэътибор бўлишлари мумкин эмас.

– Ҳомиладорликни режалаштириш олдидан гинекологдан ташқари яна қайси шифокорлар кўригидан ўтиш лозим?


– Бу даврда барча касалликларни, айниқса сурункали яллиғланиш ўчоқларини даволаш зарур. Aгар аёлда сурункали тонзиллит, сурункали холецистит, тиш кариози бўлса, ҳомиладорлик пайтида асоратлар пайдо бўлмаслиги учун ҳаммасини даволатиб олиш керак. Пешоб тизими аъзоларидаги сурункали жараёнларни ҳам даволаш жуда муҳимдир.
Кейинчалик кутилмаган касалликларнинг олдини олиш учун оилавий шифокор қабулида бўлиб, қорин бўшлиғи органларининг ултратовуш текширувига йўлланма олиш керак. Қалқонсимон безни скрининг қилиш ҳам тавсия этилади.

– Халқимиз болажон, баъзи оилалар эса ўғил ёки қиз туғилмагунча кетма-кет фарзанд кўришга ҳам тайёр. Бу вазиятни қандай изоҳлайсиз, бу аёл саломатлиги учун қанчалик зарарли?


– Соғлом бола дунёга келиши учун, албатта, она ҳам соғлом бўлиши шарт. Шунинг учун биз, шифокорлар туғруқлар оралиғига эътибор берилиши ҳақида қайғурамиз.
Чунки ҳали аввалги туғруқдан кейин ўзини тиклашга улгурмаган бачадонда туғилажак боланинг соғлом ривожланиши учун шароит етарли бўлмайди. Бу эса ҳомиланинг ўз-ўзидан тушиши, вақтидан олдинги туғруққа олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, оғир токсикозлар, камқонлик, сурункали касалликларнинг авж олиши каби нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради. Ҳомиладорлик ва туғруқ вақтида қон кетиш, сепсис, эклампсия каби ҳолатлар ривожланиши натижасида ҳомиладор аёлнинг ногиронликка, ҳатто нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.

– Умуман замонавий тиббиётда туғилажак боланинг жинсини олдиндан режалаштириш тажрибаси қай тарзда ривожланмоқда ва бу қанчалик ўзини оқламоқда?

– Фарзанд жинсини режалаштириш мавзуси доим қизиқишларга сабаб бўлиб келган. Бўлажак ота-оналарнинг баъзилари оиласида ўғил дунёга келишини истаса, бошқаси қиз туғилишини интиқлик билан кутади.
Тиббиёт нуқтаи назаридан ва илмий тилда тушунтирганда, фарзанднинг жинси эркак кишига, аниқроғи, тухум ҳужайрани айнан қандай сперматозоид уруғлантиришига боғлиқ. Аёл тухум ҳужайрасида жинс учун жавоб берувчи хромосома доим битта – Х хромосома бўлади. Эркак сперматозоиди эса
Х ёки Y хромосомага эга бўлиши мумкин. Агар тухум ҳужайра Х хромосомали сперматозоид билан уруғлантирилса, қиз, Y хромосомали сперматозоид билан уруғлантирилса, ўғил дунёга келади. Демак, боланинг жинси юз фоиз ҳомиладор бўлиш вақтидаги вазият зайлига боғлиқ, дейиш мумкин.
Халқ орасида режалаштиришнинг бир неча усуллари мавжуд: парҳез усули, қон янгиланиши усули, тақвим усуллари мавжуд. Лекин замонавий тиббиёт ва илмий жиҳатдан исботланмаган ва далиллар етарли даражада эмас.
Шундай экан, фарзанд ўғил бўладими ёки қиз, у Аллоҳ томонидан инъом этилган
неъматларнинг энг улуғларидан бири.

Яна ўқинг:  Стоматолог қабулида қўрқувни қандай енгиш мумкин?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: