Трансёғлардан нега воз кечиш керак?

Кўпчилик фаст-фуд, чипс, картошка фри ва турли ширинлик маҳсулотларини севиб истеъмол қилади. Бироқ ушбу егуликларни тайёрлашда ишлатиладиган трансёғлар туфайли бугун дунё бўйлаб ҳар йили ярим миллион инсон ҳаётдан кўз юммоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари огоҳлантирмоқда.
Хўш, трансёғлар ўзи нима? Нега бугун мутахассислар мазкур турдаги ёғлардан бутунлай воз кечиш ёки унинг миқдорини минимал миқдорда камайтиришни тавсия қилмоқда?


Трансёғлар – махсус усуллар ёрдамида ишлов берилган тўйинмаган ёғ кислотаси ҳисобланади. Шунингдек, у сигир ва қўй каби ҳайвонларнинг сут ва гўшт маҳсулотларида ҳам табиий ҳолда учрайди.
Дастлаб сунъий трансёғлар моддий томондан фойдали ҳисобланган. Сабаби, улар табиий сариёғларга нисбатан арзон бўлиб, узоқ муддат сақланган. Қолаверса, у маҳсулотларни бир неча марта қовуриш имконини берган.
Айнан трансёғлар туфайли ҳам бугун дунёда фастфуд индустрияси гуллаб-яшнамоқда. Бироқ, афсуски, бундай егулик­лар сабабли жаҳонда йилдан йилга турли хавфли касалликлар авж оляпти.
Нега? Чунки инсон танаси учун ёғ кислотлари қандай кўринишда тушаётгани муҳим аҳамиятга эга. Ёғлар ҳужайра мембраналари ва бошқа биологик структураларнинг ҳосил бўлиши учун «қурилиш материали» ҳисобланади. Агар улар сунъий синтезланган транс шаклга эга бўлса, организмда моддалар алмашинуви жараёнига салбий таъсир этади.


Хусусан, танада зарарли холестерин миқдорини оширади. Яъни паст зичликдаги липопротеинлар қон томирлар деворида тиқин ҳосил қилиб, уларни торайтиради. Натижада, организмда қон айланиши ва ҳаётий муҳим органларни қон билан таъминлаш бузилади.


Оқибатда инфаркт, инсульт ва ўпка артерияси тромбоэмболияси каби турли хавфли касалликлар келиб чиқади. Шунингдек, трансёғлар яллиғланиш жараёнларининг тезлашиши, иккинчи тоифа қандли диабет ва онкологик хасталикларнинг ривожланиш хавфини ҳам оширади.
Шу боис ЖССТ ушбу турдаги ёғларни тақиқлаш ёки уни кунлик энергия миқдорининг 1 фоизигача камайтиришни тавсия қилмоқда. Яъни, кунлик рационда 2000 калория бўлса, трансёғлар 2,2 граммга тўғри келиши лозим. Бироқ бугун айрим егулик­лар таркибида ушбу турдаги ёғлар миқдори кунлик нормадан 200 баравар ортиқни ташкил қилмоқда.

Шундай экан бундай вазиятда энг тўғри йўл – потенциал хавфли егуликлар тановулидан бутунлай воз кечиш ёки улар миқдорини минимал даражада камайтиришдир.

Гули ШАЙХОВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
бош нутрициологи

Яна ўқинг:  Сервитамин маҳсулотлар қиш заҳрини кесади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: