Қорнингиз дам бўлса…

Қориндаги дам, ғулдираш каби ноқулайликлар тез-тез безовта қилиб турадими? Тиббиётда метеоризм деб аталадиган бу жараён келиб чиқишига нималар сабабчи бўлиши мумкин. Метеоризм – касаллик эмас, балки унинг белгиларидан бири. Лекин организмимиз бизни нимадан огоҳ этаётганини аниқлаш учун шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Қорин дам бўлиши (метеоризм) ичакларда ортиқча газларнинг йиғилиши билан боғлиқ. Бу газлар ютилган ҳаво, уларнинг ошқозон ва ичакдаги ҳазм бўлиш жараёнида ажралиши, шунингдек, ошқозон ширасининг меъда қайнаганда қабул қилинган сода билан нейтраллашуви ҳисобига юзага келади. Соғлом инсонларда газлар миқдори овқатланиш тартиби, ёши, ҳаёт тарзи ва бошқа кўплаб омилларга боғлиқ. Ортиқча газлар эса уларнинг кўп миқдорда юзага келиши ёки ичаклардан кўнгилдагидек чиқарилмаслиги натижасида пайдо бўлиши мумкин. Одатий вазиятларда газлар ошқозонда, йўғон ичакнинг ўнг ва чап бурилмаларида тўпланади. Уларнинг бир қисми тўғри ичак орқали чиқарилади, қолгани эса қонга сўрилади ва кейин ўпка орқали ажралади.


Маълум бўлишича, метеоризмни юзага келтирадиган сабаблар жуда кўп. Қуйида биз энг асосийлари ҳақида тўхталамиз.


Клетчатка ва крахмалга бой маҳсулотлардан тайёрланган озиқ-овқат истеъмоли. Уларни ҳазм қилиш жараёнида ҳаммада кўп газ юзага келади. Бундай маҳсулотларга қуйидагилар киради: дуккаклилар (соя, ловия, нўхат), турп, карамнинг барча турлари, картошка, узум, шовул, пиёз, шолғом, қора нон, қаймоғи олинмаган сигир сути.
Овқат ҳазм қилиш жараёнининг бузилиши (ферментлар етишмовчилиги, дисбактериоз ва ҳоказо).
Жиддий сабаблар: ичакка босим ўтказувчи ўсмалар, веналарнинг варикоз кенгайиши ёки ичакларда қон ҳаракати сусайиб (ёки тўхтаб) қолиши, ошқозон-ичак тракти фаолиятини ёмонлаштирувчи инфекциялар.
Ошқозонда хлорид кислотани кўпайтирадиган дорилар истеъмоли.
Овқат билан бирга кўп миқдорда ҳаво ютиш.
Ичак мушаклари қисилишига олиб келувчи руҳий-эмоционал босимлар ва асаб бузилишлари.
Атмосфера босими тушиб кетиши натижасида газлар кўпайиб, ичакка босим кучайган пайтда юқорига чиқиш.
Умуман олганда, метеоризм юзага келишининг икки турини ажратиш мумкин: биринчи ҳолатда асосий белги ичакларнинг шишиши ҳисобига қорин сезиларли даражада катталашади. Бунда газ тўпланиши йўғон ичакдаги сиқилиш натижасида юз беради. Мазкур ҳолатда қоринда оғриқ ва дам ҳисси сезилади.
Иккинчи вазият ичакдан доимий тарзда газ чиқиши билан характерланади. Бунда қоринда умуман оғриқ бўлмаслиги мумкин, лекин кун бўйи инсонни қорин ғулдираши безовта қилади.

Метеоризм аломатлари:
• қорин дам бўлиши ва оғирлиги ҳисси, баъзида қориннинг турли соҳаларида зирқираган оғриқ;
• кекириш;
• кўнгил айниши;
• ич қотиши ва кетиши;
• оғиздан ёқимсиз ҳид келиши;
• иштаҳа сусайиши;
• кучли метеоризмда, ҳатто тортишиб оғриш кузатилиши мумкин.

Метеоризмда нафақат қорин, балки бошқа соҳаларда ҳам безовталик кузатилиши мумкин. Масалан: юракнинг тез уриб кетиши; бош оғриғи; мушакларда оғриқ; уйқу бузилиши; нафас қисиши; умумий ҳолсизлик; кайфиятсизлик; жиззакилик ва ҳоказо.
Ундан халос бўлиш чораларини метеоризмни келтириб чиқарадиган сабабларни аниқлашдан бошлаш керак. Бунинг учун эса шифокорга мурожаат қилишга тўғри келади. Лаборатор-инструментал текширувлар ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилади. Сабаб топилган заҳоти асосий даволаш ишларини бошлаш мумкин. Бунда фермент етишмовчилиги аниқланса, ферментлар буюрилади, дисбактериозда ичакларнинг нормал микрофлораси тикланилади, оғриқларда ошқозон ва ичак мушаклари сиқилишини бартараф этишда ёрдам берадиган препаратлар берилади. Механик бузилишлар билан боғлиқ метеоризмда баъзида жарроҳлик аралашуви зарур бўлади.


Метеоризмнинг олдини олиш калити – мувозанатланган озиқланиш. Бу кундалик таомномага таркибида оқсил бўлган маҳсулотлар (гўшт, балиқ, творог каби)ни киритиш керак, дегани. Газланган ва нордон ичимликлар истеъмолини чегаралаш талаб этилади.

Ҳаракат фаоллиги ҳам метеоризмнинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Агар инсон кам ҳаракат қилса, барча мушаклар, жумладан, ички аъзолар мушаклари ҳам суст ишлайди. Бу эса тиқилмаларни ва ўз навбатида метеоризмни юзага келтиради.

Яна ўқинг:  Фақат тунда нафас қисилиши асорати нимадан?

Шоира ҚОДИРОВА,

олий тоифали терапевт

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: