Қуёшнинг хавфли ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш керак?
Қуёшнинг юқори ультрабинафша нурлари нимаси билан хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак? Бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим. Хусусан, бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин.
Қуёш нурининг ўзи эса аллерген ҳисобланмайди. Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.
Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади.
Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конъюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.
Бундай яллиғланиш зарарли нур таъсиридан бир неча соат ўтгач пайдо бўлиб, иккиси ҳам оғриқли кечади. Шу билан бирга, ультрафинафша нурлар катарактанинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади.
Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.
Шу боис бундай кунларда соат 11:00дан 16:00гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.
Илмира РАЗИКОВА,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор