Уйқусизликдан қутулиш йўли осон
Олимлар хулосасига кўра, одам сутка давомида беш соатдан кам ухласа, унда сурункали касалликлар ривожланиш хавфи 20 фоизга ошади. Уйқусизлик асоратлари, айниқса, ўрта ва кекса ёшли инсонлар саломатлигига кўпроқ хавф солади.
Носоғлом турмуш тарзи, хусусан, асабийлашиш, безовталик, ухлашдан аввал меъёридан ортиқ овқатланиш, ёруғ муҳит каби омиллар уйқусизликка сабаб бўлади. Оқибатда:
– иммунитет пасайиб, инсон турли касалликларга чалинишга мойил бўлиб қолади;
– фойдали иш коэффиценти камайиб, диққатни жамлай олмаслик, хотира сусайиши кузатилади;
– кам ухлаган инсон юрак-қон томир касалликларига чалиниши, бош оғриғи, депрессия, стрессдан азият чекиши мумкин.
Одатда бир кеча-кундузда қанча соат ухлаш керак?
– чақалоқлар – 18-19 соат;
– болалар – 11-12 соат;
– катта ёшлилар – 7-8 соат ухлаши меъёр ҳисобланади.
Жисмоний фаоллик, хусусан, спорт билан мунтазам шуғулланиш уйқусизликдан халос бўлишда катта ёрдам беради. Бироқ бундай машғулотларни ухлаш олдидан бажармаслик мақсадга мувофиқ.
Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида таркибида кофеин бўлган ҳар қандай маҳсулотни истеъмол қилиш, ухлашдан аввал эса қаҳва ёки аччиқ чой ичиш мутлақо мумкин эмас. Бунинг ўрнига, ётишдан 5-10 дақиқа олдин тинчлантирувчи машқлар бажариш, сокин мусиқа тинглаш ва илиқ ванна қабул қилиш ухлашга ёрдам беради. Бироқ шифокор кўрсатмаси бўлмаса, зинҳор ухлатувчи дориларни қабул қилиш керак эмас.
Энг муҳими, бир вақтда уйқуга ётиб, бир вақтда уйғонишга ҳаракат қилиш лозим.
Ёқутхон МАЖИДОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор