Алопеция: соч тўкилишига нима сабаб бўлади?

ССВ Матбуот хизматининг соч касалликлари ва уларни даволашдаги замонавий ёндашувлар ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматология венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Илҳом РАҲИМОВ жавоб берди.

– Сочларнинг меъёрда ўсиши нимага боғлиқ? Соч касалликлари кимларда кўпроқ учрайди?


– ЖССТ маълумотларига кўра, дунё миқёсида ушбу касалликнинг у ёки бу шакли билан касалланганларнинг 65 фоизи эркаклар ва 35 фоизи аёллардир.
Касалликнинг кўпайиши, бир томондан, организмдаги сурункали касалликлар, стресс, узоқ вақт қўлланилаётган дори-дармонларнинг салбий таъсирига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, экологик омиллар, истеъмол қилинаётган озиқ-овқатлар таркибида фойдали моддаларнинг етишмовчилигига ҳам боғлиқ.
Бу масалаларни ўрганувчи тиббиёт соҳаси – трихология бошнинг сочли қисми ва сочларнинг нормал ҳолатда тузилиши, ўсиши ҳамда соч касалликларининг олдини олиш ва даволаш усулларини ўрганади. Соч тўкилиши билан боғлиқ ҳолатлар тиббиётда алопеция деб юритилади.
Соч толаси ўзак ва илдиз қисмларидан иборат. Унинг таркиби пигмент ва кератин моддаларидан ташкил топган.
Инсоннинг бошида ўртача тахминан 100 000 соч фолликулалари мавжуд. Қизиғи, соч рангига қараб, фолликулалар сони ва қалинлиги фарқ қилиши мумкин. Соч толаси малла сочлиларда 150 000 та, қизғиш сочлиларда эса 50 000 та бўлиши мумкин.
Ҳаёт давомида ҳар бир фолликуладан 20-30 та соч толаси ўсиши мумкин. Ҳар бир янги соч толаси 2-7 йил давомида ўсиши мумкин ва унинг узунлиги бир метрдан ошади.
Соч ўсиши уч босқичда бўлади:
– Анаген босқичи – ўсиш даври. Бошдаги 85 фоиз соч толаси ушбу босқичда ўсади. Бу давр 2-5 йилгача давом этади.
– Катаген босқичи – регресс даври ҳисоб­ланиб, 1 фоиз сочлар ушбу босқичда пайдо бўлиб, 3-6 ҳафта давом этади.
– Телоген босқичи – тинчланиш даври. Бу давр 1-3 ой давом этиб, бу босқичда 14 фоиз сочлар ўсиши кузатилади.
Соч толалари бутун ҳаёт давомида 25 маротаба ушбу циклни ўтайди.

– Соч тўкилишига сабаб бўлувчи омиллар нималардан иборат?

– Соч тўкилишига бир неча омиллар сабаб бўлади. Масалан:
– стресс;
– наслий мойиллик;
– модда алмашинувининг бузилиши;
– сурункали ички аъзолар касалликлари;
– эндокрин касалликлар;
– дори-дармонларнинг салбий таъсири;
– инфекцион касалликлар;
– норационал овқатланиш.
Соч тўкилиши бир неча турларга бўлинади:
Физиологик ёки қарилик сабаб соч тўкилиши. Вақт ўтиши билан инсон организмида тўкилган сочларни қайта тўлиқ тиклаш қобилияти камайиши натижасида каллик пайдо бўлади. Аёлларда физиологик соч тўкилиши диффузион характерда бўлиб, каллик кузатилмаслиги мумкин. 55-65 ёш нормал физиологик соч тўкилиши кузатиладиган ёш, деб ҳисобланади.
Патологик соч тўкилишининг ўзи ҳам бир неча турга бўлинади: чандиқли ва чандиқсиз соч тўкилиши.
Чандиқли соч тўкилиши турли хил касалликлар, жароҳатлар ва рентген нурларидан юз беради.
Чандиқсиз соч тўкилишининг ўчоқли, субтотал, тотал, универсал, лентасимон, андроген соч тўкилиши каби турлари бор.

– Патологик, яъни бирор касаллик ёки салбий асоратлар сабаб пайдо бўладиган соч тўкилишига олиб келадиган омиллар ҳақида сўзлаб берсангиз.


– Патологик соч тўкилишининг чандиқсиз шакли учоқсиз, субтотал, тотал, универсал, лентасимон, андроген соч тўкилиши каби турларга бўлинади.
– Ўчоқли соч тўкилиши – ёш болаларда ва катталарда учровчи соч касаллиги бўлиб, бошнинг сочли қисмида ёки соқол соҳасида чегараланган, думалоқ, овал шаклдаги соч тўкилиши ўчоқлари пайдо бўлади. Касалликнинг бу турида соч териси деярли ўзгармайди.
– Субтотал соч тўкилиши – майда ўчоқларга яна бошқа соч тўкилиши ўчоқлари қўшилиши натижасида пайдо бўлади. Касалликнинг бу турида бош терисида узун сочлар сақланади.
– Тотал соч тўкилиши – бошда соч толалари кузатилмайди, аммо тананинг бошқа соҳаларида соч ва туклар сақланади.
– Универсал соч тўкилиши – бутун бош терисида сочлар, қош, киприк, соқол ва танада тукларнинг кузатилмаслиги ушбу касаллик белгисидир.
– Лентасимон соч тўкилиши – касаллик энса соҳасида соч тўкилиши билан бошланиб, узун лента шаклида қулоқ супралари ёки чакка соҳаси томон ривожланади.
– Андроген соч тўкилиши – бошнинг сочли қисмида андрогенлар метоболизмининг бузилиши натижасида ва бунинг соч фолликулаларига таъсири оқибатида ушбу касалликка ирсий мойиллиги бўлган инсонларда кузатилади.

– Андроген соч тўкилиши эркаклар ва аёлларда бир хил кечадими?


– Аксинча, алопеция икки жинс вакилларида ўзаро фарқли кечади. Эркакларда касаллик, одатда 20-22 ёшда бошланиб пешона устки қисмида ва тепа қисмларда кузатилади. Соч тўкилиши аксарият ҳолларда бош соҳасида ёғ безлари фаолиятининг бузилиши (себорея) ва себореяли дерматит билан бирга кечади. Аёлларда эса соч тўкилиши ўчоқлари тепа ва чакка соҳаларида учрайди, аммо тўлиқ соч тўкилиши билан кечмайди.
Алопецияни келтириб чиқарувчи сабаб­лар қуйидагилар:
– андроген ёки анаболик стероид гармонлар қабул қилиш;
– сочларга турли хил ташқи таъсирларнинг кўплиги;
– ирсий мойиллик ва бошқалар.
Соч тўкилиши касалликлари анамнез, тиббий кўриклар, инструментал текширувлар (дерматоскопия, трихограмма), лаборатор текширувлар, гистологик текширувлар натижасида ташхисланади ва шунга кўра даво муолажалари олиб борилади.

– Соч тўкилишига қарши қандай даво чоралари қўлланилади?


– Алопецияни тўхтатишнинг бир неча принциплари мавжуд бўлиб, шу асосда даволаш олиб борилади. Масалан:
– соч фолликулаларида микроциркуляцияни ва васкуляризацияни яхшилаш;
– анаген фазани индуцирлаш;
– соч фолликулаларида 5 альфаредуктаза ферментини ва андрогенга боғлиқ рецепторларни блоклаш;
– касаллик ривожланишига олиб келувчи ички аъзолар касалликларини даволаш.
Соч тўкилишини даволаш усуллари касалликнинг келиб чиқишига қараб турланиб боради.
Анъанавий даво усулида В гуруҳ витаминлари, иммун тизимининг фаолиятини оширувчи, қон томирларини мустаҳкамловчи, антиоксидант дори воситалари қўлланилади.
Плазмолифтинг технологияси ҳам бу борада ўз самарасини бермоқда. Бу беморнинг қонидан ажратилган, тромбоцитларга бой бўлган плазмани тери ичига юбориш бўлиб, плазмолифтинг натижасида тромоцитларда сақланувчи ўсиш фактори фибробластларни стимуляция қилиб, зарур моддалар ишлаб чиқарилишини кўпайтиради.
Бу жараён, ўз навбатида, янги ҳужайраларнинг пайдо бўлиши ва майда қон томирлари ўсишини ривожлантиради, натижада модда алмашинуви тикланади, тери ҳужайраларида микроциркуляция ва метоболизм жараёни яхшиланади.

Яна ўқинг:  Буқоқ наслдан наслга ўтадими?

– Ҳозир соч трансплантациясига мурожаат қилувчилар сони ҳам ортиб бормоқда…


– Сочларни тиклаш бўйича халқаро ташкилот (ISHRS) берган маълумотга кўра, ҳозирги кунда соч трансплантациясининг икки тури расман рўйхатга олинган:
– чок қўйиш орқали (FUT);
– чоксиз усул (FUE).
Бу усуллар хирургик жараён бўлиб, ўзига яраша мураккабликлари бор.
FUT усулида фолликулаларни кўчириб ўтқазиш натижасида юқори косметик натижага эришиш мумкин. Қисқа вақт ичида (яъни 4-6 соатда) кўп миқдорда (5000) графтларни кўчириб ўтқазиш имкони бўлади. Донор ўчоқдан олинган материалларнинг кам миқдорда зарар кўриши ҳисобига 92 фоиз экилган графтларнинг яшаб кетишига кафолат берилади.
– FUT усулининг камчилиги эса лоскут (кесим) олинган энса қисмида чизиқли чок ҳосил бўлишидир.
– FUE усули эса кам инвазив соч трансплантацияси усули бўлиб, алоҳида фолликулалар донор соҳадан махсус панчлар ёрдамида олинади.
Соч кўчириб ўтқазилгандан сўнг ҳеч қандай чандиқ ва чок қолмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: