Говмижжа пайдо бўлишининг асосий сабаби бу…
Бу хасталик кўпчилик учун кутилмаганда бошлангандек таассурот уйғотади. Қолаверса, аксарият беморлар унинг келиб чиқиш сабабларидан ҳам яхши хабардор эмас. Чунки бу дард безовталик ва маълум оғриқларни келтириб чиқарса-да, аломатлар йўқолгач, тезда унутилади. Аммо…
Бу офтальмологияда энг кенг тарқалган касаллик ҳисобланади. У халқ орасида говмижжа, ниналоғич деган номлар билан ҳам маълум. Хасталик қовоқ четидаги ёғ безлари ёки киприк тук пиёзчасининг яллиғланиши билан кечади. Бунда қовоқ териси ва шиллиқ қавати шишади. Дастлаб дард ўчоғи кўзга бирон нарса тушганга ўхшаб санчиб оғрийди, қизаради, қовоқ шишади. 3-4 кундан кейин эса говмижжа учи сарғайиб йиринг боғлайди. Ёрилганда, йиринг ва некрозланган тўқима бўлакчалари ажралиб чиқади.
Говмижжа узоқ давом этган оғир, юқумли касалликлар, организмнинг ҳимоя функцияси сусайиши, дармонсизлик, моддалар алмашинуви бузилиши, авитаминоз, камқонлик, қандли диабет каби омиллар оқибатида юзага келади.
Қолаверса, гипотермия, гигиена қоидаларига риоя этмаслик, конъюнктивит, кўз қовоқлари шикастланиши, аллергия ҳам касалликни келтириб чиқариши мумкин.
Таҳлилларга кўра, ҳар 10 ҳолатдан 9 тасида кўзда ниналоғич пайдо бўлишининг сабаби стафилококк инфекциясидир. Улар тери, соч, бурун, ичак, томоқда яшайди.
Бактериялар узоқ вақт давомида ўзини намоён қилмаслиги мумкин, аммо маълум шароитлар, масалан, организмнинг умумий толиқиши, кўз касалликлари ва бошқаларда киприкнинг соч соҳасига ёки ёғ безига кириб, яллиғланишга олиб келади.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг тахминан 20 фоизи организмида ушбу инфекция учрайди.
Говмижжани сиқиб, йирингини чиқариш асло мумкин эмас. Бундай ҳолатда инфекция атрофдаги тўқима қон томирларига тушиб, кўз флегмониясига сабаб бўлиши, кўз вена томири тиқилиб қолиши кузатилади. Инфекция қон оқими билан мияга тарқалиши ва менингит, сепсис каби оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Касалликни даволаш усуллари унинг босқичига қараб фарқланади. Дастлаб яллиғланиш ва бактерияга қарши муолажалар буюрилса, кейинги босқичларда, капсула очилгандан кейин қайта касалланишнинг олдини олиш учун антисептик даво чоралари қўлланилади.
Говмижжага чалинмаслик учун гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, организм қуввати сусайишига сабаб бўладиган касалликларни ўз вақтида даволаш, зарарли одатларга ружу қўймаслик керак. Шунингдек, говмижжа чиққан заҳоти шифокорга мурожаат этиш лозим.
Отабек ИКРОМОВ,
Республика кўз касалликлари
клиник шифохонаси бош шифокори