Фарзандимиз қандай таомлангани маъқул?

Бугун кўпчилик болалар кичкиналигидан фаст-фудлар билан таомланишга ўрганиб қоляпти, ширинликларга ружу қўймоқда. Кўпчилик ота-оналар «Боламга уйда пишган овқатни едиролмаяпман, нуқул хот-дог олиб беринг, деб хархаша қилади» дейди. Оқибатда семизлик, анемия, бўқоқ, аллергия, меъда-ичак тизими билан боғлиқ касалликлар кўпайиб бормоқда. Аслида болалар қандай овқатланиши керак? Уларни тўғри овқатланишга қандай ўргатамиз?

Келинг, ушбу саволлар атрофида ­фикр юритсак. «Сен нима тановул қилсанг, шунинг ўзисан» деган экан донишмандлардан бири. Дарҳақиқат, киши тановул қилган таом унинг ҳаёт тарзига, саломатлигига, жисмоний кўринишига, ўз-ўзидан руҳиятига ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис фарзандларимизни кичиклигидан соғлом овқатланишга ўргатишимиз керак. Таомномасида сутли маҳсулотларнинг бўлиши муҳим. Сут ичишни хушламаса, мева, пьюре ва печень­елар, бўтқалар билан ичириш мумкин. Асосийси, унга таомни чиройли кўринишда тақдим қилиш керак. Масалан, ширинликларни яхши кўрувчи болаларга шоколад ўрнига чиройли гулқоғозларда қуруқ мевалардан тайёрланган ширинлик бериш мумкин. Бола сиз таклиф қилаётган таомни рад қилмаслиги учун чиройли қилиб безатиш керак бўлади. Асосийси, таом витаминларга бой бўлиши керак. Оқсилларга бой пишлоқ, творог, тухум, А ва Д витаминларига бой сариёғдан тортиб мевалар, гўшт, сабзавотлар ҳамма ҳаммаси кунлик таомномадан жой олиши лозим.

Таомноманинг хилма хиллиги жуда муҳим. Шунда бола организмида витамин, кальций ёки бошқа фойдали моддалар етишмовчилиги кузатилмайди. Шунингдек, болада муайян таъмга, яъни шўр, аччиқ ёки ширин овқатга майл пайдо бўлишининг ҳам олдини олиш керак.

Болани овқатланиш одобига ҳам ўргатиб бориш керак. Овқатланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш, дастурхон атрофида чиройли ўтириш, катталардан олдин таом­га қўл узатмаслик, овқатни тўкмасдан ейиш, қошиқни тўғри ушлашни кичиклигидан ўргатиб борган маъқул.
Болалар кўп суюқлик ичишади. Кўчада ўйнаб юриб, чанқаса уйга югуриб кириб катта миқдорда сув ичишади. Улар учун ошхонада ҳар доим ҳаво ҳароратидаги қайнатилган сув бўлиши керак. Югуриб, юриб келиб, тик турган ҳолда, бирдан ичиш зарарлигини кичкиналигидан уқтириш керак.
Бола мактаб ёшида бўлса, унинг овқатига янада жиддий ёндашиш керак. Чунки тўғри овқатланмаса, фанларни ўзлаштириши қийин кечади. Айрим ота-оналар болалари яхши ўқимаса, унинг саломатлигига эътибор қаратиш ўрнига ноўрин койиб юрадилар. Мактабга борадиган бола (аслида ҳамма) эрталабки нонуштани тановул қилиши шарт. Эрталаб қайнатилган тухум, творог, сметана ейишга, шарбат ичишга одатланиш керак. Ҳозирда Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондаги мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига бепул нонушта берилади. Нонушта берилмайдиган мактабларда болалар кўча-кўйда овқат сотиб олмаслиги учун папкасига нон ёки булочка, сув, олма солиб юбориш мақсадга мувофиқ. Бола мактаб ошхонасидан бирон нарса сотиб олиб ейиши мумкин. Бироқ ён-атрофлардан синалмаган таомлар емаслигини назорат қилган маъқул.
Болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида тана шаклланиши кузатилади. Бунда мураккаб жараёнлар меъёрда кечиши учун таомномада оқсил, углевод, минерал моддалар ва витаминлар етарли бўлишига ­эътибор қаратиш зарур. Шифокорлар мактаб ўқувчилари кунига 100 граммгача гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 400-800 грамм сут ва сут маҳсулотлари, шу миқдорда мева ва сабзавотлар, қуруқ мева, шунингдек, маълум миқдорда асал ва қора шоколад тановул қилишини тавсия этадилар.
Бугун дўконларимиз турли пишириқлар, пирожнийларга тўла. Яхшиси, оналаримиз фарзандларига уларни уйда ўз қўллари билан тайёрлаб берсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Бу жараёнга болаларнинг ўзларини ҳам жалб қилиш янада фойдали.

Унутманг, болалар – келажагимиз. Уларга ҳар доим эътиборли бўлишимиз шарт.

Шоҳсанам НИЁЗМЕТОВА,
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Урганч филиали ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Магнит бўрони кузатилганда қандай йўл тутиш лозим?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: