Мустақил юрт аскарлари
Ассалому алайкум, отажон!
Уйдагилар саломатми, онам яхши юрибдиларми? Укаларим ўрнимни билдирмаётгандир. Ҳар куни сизларни ўйлайман. Болалик чоғларимни эслайман. Ёдингиздами, болалигимда ҳарбий техника ўйинчоқларига қизиқар эдим. Ўша дамлардан ҳарбий бўлишни, аскар кийимини кийишни жуда истардим. Мана, орзуим ҳам амалга ошди. Йигитлик бурчимни шараф билан ўташ, жонажон Ватанимга муносиб фарзанд бўлиш бахтига эришдим. Ўз юртинг тинчлигини асрашга, унинг ҳар қаричини кўз қорачиғидек авайлашга нима етсин?! Эр йигит учун бундан ортиқ саодат борми?!
Мен Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Бу ердаги шарт-шароит, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган имкониятларни кўриб, кўнглингиз қувнайди. Бугунги армия аскарларни нафақат, жасур ва мард балки соғлом ва маънан етук этиб тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу ерда замонавий спорт инвентарлари билан жиҳозланган заллар, маънавият хоналари ташкил этилган. Шахмат, шашка ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар уюштириб турилади. Айниқса, ҳарбий қисмимиздаги кутубхонадан турли фанларга оид китобларни топишингиз мумкин. Қолаверса, тез-тез тиббий кўрикдан ўтиб турамиз. Бу ўзимиз учун жуда фойдали, албатта. Командирларимизнинг таъкидлашича, аскар доимо тоза ва озода бўлиб юриши лозим. Бунинг учун шахсий гигиенага амал қилиш керак. Шундагина ҳарбийлар соғлом ва бақувват бўлади. Шунингдек, ўз вақтида овқатланиш ҳам инсоннинг кўркам бўлишига хизмат қилармиш. Дарвоқе, ошхонамиз шинам кафе ёки ресторанларни ёдга солади. Бу ерда уч маҳал қувватбахш моддалар билан тўйинтирилган овқатлар бизга мунтазир. Фитобар ишлаб турибди. Бундай шарт-шароитдан дўстларим ҳам мамнун. Ватанингга керак эканингни билиш, унинг корига яраш учун яшаш нақадар саодат эканини улар яхши англайди. Шунинг учунми, ҳаммаси муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, бир касбнинг бошини тутишга қатъий аҳд қилган. Бири шартнома асосида хизмат вазифасини давом эттиришни истаса, бошқаси олий ўқув юртига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Яна бирови яхшигина ҳунарманд. Келажакда хусусий корхона очмоқчи. Қишлоқдошлари, тенгдошларини иш билан таъминламоқчи. Ҳа, мустақил юрт аскарлари ана шундай соғлом фикр ва эзгу интилишлар оғушида камолга етмоқда. Зеро, бугун Ватанимизда “Бир ишнинг ёқасини тутаман, юртимга, элимга нафим тегсин”, деб яшайдиган кишилар учун ҳамма имкониятлар муҳайё. “Болам бунча нарсани қаердан била қолди”, деяётгандирсиз. Ахир, бизда маънавият дарслари ўтилади. У орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, Ватанимиз ўтмиши ва бугуни, халқимиз бошидан ўтган оғир кунлар, уларнинг матонати ва жасорати ҳақида чуқур билимга эга бўлдик. Жалолиддин Мангубердининг Она юрт озодлигини таъминлаш йўлидаги мардонавор ҳаракатлари, Амир Темурнинг ўлкамизни мўғуллар зулмидан ҳалос этгани, кейинчалик улкан давлат барпо этгани, улардаги Ватанпарварлик ва жасурлик нафақат қонимизга, балки руҳимизга сингиб улгурди. Аждодларимизга муносиб авлод бўлиш, доимо яратувчанлик ва бунёдкорлик ғояси билан яшаш, Юртбошимизнинг биз ёшларга билдирган ишончларини тўла оқлаш мен, қолаверса, ўзбек ўғлонлари учун юксак шараф.
Шулар ҳақида ўйларканман, беихтиёр кўзимда севинч ёшлари қалқийди. Шундай Ватанда туғилганимдан чексиз ғурур туяман. Айни пайтда олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳам тайёрланяпман. Хабарингиз бўлса керак, давлатимиз томонидан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганларга кўпгина имтиёз ва имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай имтиёзлардан бири олий ўқув юртига кириш учун белгиланган энг юқори баллнинг 27 фоизини қўшиб беришдир. Мен ҳам шу имтиёзни қўлга киритиш учун ҳаракат қиляпман. Қолаверса, “Камолот” ЁИҲ томонидан шартнома асосида ўқишга қабул қилинганларнинг шартнома пулининг 35 фоизи тўлаб берилмоқда.
Ҳа, айтмоқчи тўлов миқдорлари ошганидан мамнунмиз. Ўзимдан орттириб жамғариб қўйганларимни хатга қўшиб жўнатяпман. Борсам аскар тўйга харж қиларсиз. Қолаверса, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, бевосита Президентимиз ташаббуси билан мукофот пули ҳам берилади. Унга қишлоқ шароитидан келиб чиқиб бемалол бирор тадбиркорликни йўлга қўйиш мумкин.
Қадрли отажон!
Келаётган 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни байрами билан барчангизни табриклайман. Бу байрам нафақат бизники, балки эл корига ярайдиган фарзандларни вояга етказаётган сиздек ота-оналарнинг ҳам байрамидир. Онажоним ва барча яқинларимга саломимни етказинг.
Сизларни соғиниб, аскар ўғлингиз
Илҳомжон Қобилов