Дорихона ходими беморга дори воситасини тавсия қилиши тўғрими?
Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги
185-сон қарори билан тасдиқлаган низомга асосан амалга оширилади.
Унга мувофиқ, дори воситаси ва тиббий буюмни бериш пайтида дорихонанинг фармацевтик маълумотга эга бўлган ходими харидорга қуйидагилар ҳақида маълумот бериши лозим:
– дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби,
– қўллаш даврийлиги, бир маротабалик ва суткалик дозалари,
– қўллаш усули,
– сақлаш тартиби,
– яроқлилик муддати ва бошқалар.
Шунингдек, дорихона ходими харидор эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмнинг қўллаш йўриқномаси билан танишиб чиқишга қаратиши керак.
Дорихона ходими истеъмолчи (ёки бемор) ҳолатига кўра дори тавсия қилиши, шунингдек, даволовчи шифокор кўрсатмасига биноан рецепт билан бериладиган дори воситасини рецептсиз беришини, албатта, нотўғри деб биламан.
Чунки беморнинг касаллик тарихи, ундаги физиологик ҳолат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай туриб, ўзбошимчалик билан дори тавсия қилиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Қонунчиликка мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларида беморга мажбурий тартибда халқаро патентланмаган номбўйича рецепт ёзилиши белгиланган.
Бунда беморга тайинланган дори воситалари (ҳалқаро патентланмаган номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳисоб ҳужжатларида (касаллик тарихи, амбулатория картаси) қайд қилинади ва даволовчи шифокор томонидан имзоланади.
Афсуски, шунга қарамай, айрим дорихоналарда рецепт билан берилиши лозим бўлган дори воситаларини рецептсиз бериш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ўзбошимчалик билан даволаниш ҳамда дори воситаларининг тартибсиз истеъмоли натижасида турли ножўя таъсирларни келтириб чиқармоқда.
Шу ўринда, юртдошларимиздан дори воситаларини шифокор кўрсатмасига биноан харид қилишлари ва уларни истеъмол қилишда, албатта, қўллаш йўриқномасига қатъий амал қилишларини сўраймиз.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дори воситаларини сотган тадбиркорларга жавобгарлик белгиланган.
Қонунчиликка кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар, гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлмаган, рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз сотиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларни рецептсиз сотиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида жарима, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлади.
Дорихоналар мунтазам равишда бундай қонунбузарликни содир этиб келган тақдирда, бу ҳолат лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Дорихоналарга тадбиркорлик субъекти деб қаралади. Ҳолбуки, у ерда оқ халат кийган мутахассислар ишлайди. Бу – улар барча фармацевтик талабларга тўлиқ жавоб бериши керак дегани.
Шунинг учун мамлакатимиздаги барча дорихоналар томонидан зарур дорихона амалиёти талаблари бажарилишини таъминлаш лозим.
Муҳаббат ИБРАГИМОВА,
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси