Исм ҳам ҳусн

фарзандларингизга келгусида ўзлари фахрланадиган исмлар қўйинг

Қўл телефонимга хабар келди. Қарасам, мобиль компаниясидан. Хўш, нима гап, яна қандай викторина ўтказилаяпти экан? Бироз адашибман.

Бу сафарги SMS мазмуни қуйидагича: “Исм маъносини билинг. Исм сўзидан кейин исмингизни ёзиб … рақамига юборинг. Мисол: ИСМ Асмира. 1 SMS – … $”.

Бундай мазмундаги хабарлар деярли барча уяли алоқа воситалари эгаларига тез-тез келиб туради. Аксарият одамлар бу каби мурожаатларга бефарқлик билан қарайди. Аммо абонентлар орасида қизиқувчилари ҳам топилади. Улар сафига қўшиламан-да, исмим маъносини билиш учун тегишли рақамга хабар жўнатаман. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, “Моҳигул – ойдек сулув ва гул каби кўркам қиз” жавобини олдим. Қизиқ, исмимга бунчалик тез, қисқа ва лўнда қилиб таъриф беришларини кутмаган эдим. Ахир ҳар бир исмнинг келиб чиқиш тарихи, қайси сўздан олинганлиги, қайси замонларда кимларга қўйилган ёки қайси даврда оммалашгани ҳақида изоҳ бўлиши керак-ку!

* * *

Исм ҳам ҳусн. У инсон келажагига таъсир этувчи, ўтмишини ифодаловчи, улкан зафарларга чорловчи куч, назаримда. Психологлар қулоққа ёқимли эшитилувчи сўз, дея унинг исмини таъкидлашади. Шу боис руҳиятга таъсир қилиш, бирон-бир ютуққа эришиш ёхуд ўз карьерангизни яратишда, аввало, сиз суҳбатдошингиз ёки ҳамкорингизга нима деб ва қандай оҳангда мурожаат қилишингиз муҳим аҳамият касб этади. Танимаган, аммо қайсар ёки нозиктаъб деб эшитган одамингиз билан алоқа ўрнатишингизда ҳам сизнинг ва унинг исми муносабатларингизнинг бир марталик ёки давомий бўлишини белгилаши мумкин.

Оддий бир мисол. Йигит қизга совчи қўйди. Телефон рақами берилди (яширишнинг кераги йўқ, ҳозир аксарият ҳолларда шундай бўлаяпти). Аммо қиз учрашувга рози бўлмади. Ёки йигит фикридан қайтиб қолди. Бунга сабаб эса уларнинг гапи қовушмаганлиги. Қиз суҳбатдошининг, яъни бир умр яшаши мумкин бўлган орзусидаги шаҳзоданинг ўзига “Нилу” ёки бўлмаса, “Муни” дея мурожаат қилиши унга нисбатан фикрини салбий томонга ўзгартирди. Бироз жаҳл ва хафа бўлганнамо “Исмим Нилуфар ёки Мунира. Исмимни қисқартириб айтишлари менга ёқмайди”, дея жавоб қайтарди. Бу эса табиийки, йигитга ҳам хуш келмади. Бир кўришда ёқтириб қолган маликаси энди унинг хаёлида каландимоғ, худбин, ақл ўргатадиган, ўзини бошқалардан устун қўядиган қиз сифатида гавдаланди.

Яна ўқинг:  Баҳора – кумуш медаль совриндори

* * *

Ҳар бир инсонга исм қўйиш – бу уни шарафлашдир. Лекин айримлар Фароғатни “Пора”, Наргизни “Наги”, Шаҳодатни “Шаҳот”, Севарани “Сева ёки Севка”, Санобарни “Санка ёки Санов” тарзида айтишаяпти. Исм қўйишдан мақсад инсонни улуғлаш, дедик. Аммо биз келтирган мисолларда унинг акси эмасми? Айрим исмлар баъзан шундай қўпол тарзда талаффуз қилинадики, ҳатто уялиб кетасан киши. Шундай пайтларда аввало, исм эгасининг, сўнг унга мурожаат этувчи, ота-она, бобо-бувининг жимгина қараб туришидан, аниқроғи, бепарволигидан ҳайрон қолади, киши.

Баъзилар чақалоқ туғилгач, унга қандай исм қўйишни ўйлаб ҳам кўришмайди. Ҳужжат (туғилганлик ҳақида гувоҳнома) олиш учун кетаётган одамга “Ўзинг бир нима деб ёздириб кел” қабилида иш тутишади.

Назаримда, мактабда ўқитувчилар ҳам бунга эътибор қаратишлари ва ўқувчиларнинг исмларини тўлиқ талаффуз этишлари керак. Ахир ўқитувчи кўплаб ўқувчилар диққатидаги шахс. Унинг айтган ҳар гапи ўғил-қизлар учун сабоқ, бир умрлик мактаб бўлиб хизмат қилади. Худди тили эндигина чиққан болага қайси сўзни қандай талаффуз қилишни ўргатсангиз, шунга одатланганидек.

* * *

Замон ўзгаргани сари исмлар ҳам ўзгариб, яъни баъзилари йўқолиб, айримлари оммалашиб боради. Бу жараённи ҳам ижобий баҳолаш мумкиндир, эҳтимол. Аммо ҳозирда кўп қўйилаётган исмлар вақт ўтиб аҳамияти ва жозибасини (шундай ҳисобласангиз)йўқотмайди, деб айта олмаймиз.

Бир пайтлар (ҳали узоқ вақт бўлгани йўқ) хориж сериалларидаги қаҳрамонлар ёки бугун кун сайин кўпайиб бораётган “юлдуз”лар исмлари билан аталган чақалоқ бугун катта ёшли кишига айланди. Ёш авлод вакиллари эса улар исмининг нега Клара, Камилла ёки Гилейра эканлигини тушунишмайди. Демак, мавсумий исм танлаш ҳам нотўғри. Аммо, исм қўйишда машҳур адабий асарлардаги бош ижобий қаҳрамонлар ҳам муайян даражада аҳамият касб этишини-да инкор этиб бўлмайди.

Мисол тариқасида публицист Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Ёруғлуғ” адабий-фалсафий китобидаги қуйидаги фикрларни келтириш ўринли. “Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асари тарқалиши билан Рустам, Суҳроб исмлари халқимиз орасида кенг ёйилди. XX асрнинг йигирманчи ва ўттизинчи йилларининг биринчи ярмида ўғил болаларга Отабек, Анвар ҳамда қиз болаларга Кумуш, Кумушбиби, Раъно исмларини қўйиш кенг расм бўлган эди.” Бу ҳолни муаллиф Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари сабабли дея изоҳлайди.

Яна ўқинг:  Beshik yonidagi mutolaa

* * *

Таҳририятимизга мактуб йўлловчи айрим муштарийлар ҳамда мақолага киритилаётган кишиларнинг исми-шарифида кўп ҳолларда хатоликлар борлигига дуч келамиз. Исм-фамилиялардаги “о”нинг “а”, “ў”нинг “у”, “ҳ”нинг “х” тарзида ёзилганлигига фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ҳамда ички ишлар бошқармаларидаги хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимларининг “ҳисса”си борлигини инкор этиб бўлмайди. Кўпни кўрган ёши улуғ зиёлиларнинг фикрича, чоризм асоратида ва айниқса, шўролар замонида ўзбекча, умуман туркийча исм-шарифлар славянча талаффуз билан бузиб айтилди ва шунга кўра, бузиб ёзилди Афсуски, замона зайлига кўра бу ҳолатга кўпчилик бефарқ қаради. “Ёруғлуғ”да берилган қуйидаги фикрларни мисол тариқасида келтириб ўтаман. “Диёримизда кенг тарқалган Муҳаммад исми “Маҳамат”, “Мамат” деб ёзилган. Бу исм қўшма отлар таркибида “Мат”, “Мама”, “Ма”гача қисқартирилган ҳолатлар ҳам бор: Муҳаммад Қобил – Матқобил, Муҳаммад Юсуф – Мамаюсуф, Муҳаммад Раҳим – Мараим деб ёзилган ва шундай ёзув таъсирида оғзаки нутқда бу исмларни қисқартириб айтиш русум бўлиб қолган. Шунингдек, кўп исмларимиз русчага мослаштириб нотўғри ёзиларди: Аҳмад – Аҳмед (Аҳмедов), Иброҳим – Ибрагим, Ёқуб – Якуб, Хўжа – Ходжа (Ходжаев) кабилар”.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи билан “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларининг янги шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари” тасдиқланган. Унга кўра, бундан буён туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик, ўлим ҳақидаги фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари икки тилда ўзбек (лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида) ва рус тилларида расмийлаштирилади. Бунгача ушбу ҳужжатлар ўзбек тилида (кирилл алифбосида) ёзиб келинган эди.

* * *

Умид қиламанки, ҳурматли муштарий, юқоридаги фикрларим сизга эриш туюлмайди. Аксинча, бироз мушоҳада юритишга чорлайди. Ахир исмни қисқартириб, чала эмас, тўлиқ айтиш нафақат тил софлигига хизмат қилади, балки ўзгаларга нисбатан ҳурмат белгиси ҳамдир.

Моҳигул ҚОСИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: