Кўзимнинг гавҳари, алла…

Абу Али ибн Сино ўзининг машҳур “Тиб қонунлари” китобида бола тарбиясида алланинг аҳамияти тўғрисида шундай ёзади: “Боланинг мижозини кучайтирмоқ учун, унга икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси уни ухлатиш учун одат бўлиб қолган мусиқа ва аллалашдир. Шу иккисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадантарбияга ва руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди ҳосил бўлади”. Алла – бешик қўшиғи, у халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам кенг куйланган. Болани йўргаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғонган болани йўргакдан ечиб олиш сингари машғулотлар куйлар, чиройли оҳангдор сўзлар билан безалган бўлади… Бундай дилни эркаловчи қўшиқлар болага ҳам хуш ёққан.

Алла айтишни ўргатувчи, бадиҳагўй аёллар бўлган. Бундай аёллар қаторига энагалар ҳам киради. Алла бола туғилгандан то бешикдан чиққунча айтилган.

…Қўли арслон билаклигим, алла,

Ботир, қоплон юраклигим, алла.

Яхши-ёмон кунимда, алла.

Менга жуда кераклигим, алла.

Бешик қўшиқлари оналарнинг орзу ва армонлари билан биргаликда турли тарихий воқеалар, ижтимоий ҳаётга муносабат ҳам баён этилади. Оналар ҳеч кимга айтолмаган юрак дардларини чақалоғига, боласига алла орқали айтган ва бундан маълум даражада енгил тортган.

Алла ўз даврининг лирик кайфиятдаги руҳий кўзгусидир. Бу ёқимли оҳангларда давр муҳити, кишилар тирикчилиги, ижтимоий-маиший ҳаёт, инсонлар ўртасидаги муносабатлар, қарама-қаршиликлар оддий сўзларнинг гўзал ва бадиий, руҳий қудрати ўз ифодасини топган.

…Гули савсарни кўринг, алла,

Сувга қараб қайриладир, алла.

Бевафо ёрни кўринг, алла.

Ўлмай туриб айриладир, алла…

Алла – умуминсоний қўшиқдир. У турли тилларда айтилиши мумкин, аммо унинг замирида бир нарса онанинг фарзандига чексиз меҳру муҳаббати ётади…

Ривоят қилишларича, қадимда савдо иши билан узоқ юртларга борган йигит, ўша ёқлик бир қизни яхши кўриб қолибди. Қиз ҳам унга майл билдирибди. Қизнинг ота-онаси “Узоқ юртларга берадиган қизимиз йўқ” деб совчиларни қайтарибди.

Йигит барибир аҳдидан қайтмабди. Қизнинг ота-онаси ҳам рози бўлибди.

Қирқ туяга қизнинг сепини ортиб, оқ йўл тилаётган ота қизига шундай дебди. “Борган жойингда тошдай қотгин, лекин икки нарсада сўзларимни унутма, биринчиси мана бу тумордаги Ватан тупроғини ҳар замон ҳидлаб қўй, у уйинг тўрида осиғлиқ турсин. Иккинчиси, фарзанд кўрсанг, алла айтма!”

Яна ўқинг:  Тупроқдан зар топган олим

…Ой кун ўтиб келинчак фарзанд кўрибди, аммо бола номаълум касалга чалиниб нобуд бўлибди. Иккинчи фарзанди ҳам шундай бўлибди. Учинчи фарзандда ҳам аввалгиларидек касаллик белгилари сезилавергач, йигит хотинига қараб, “Сен қандай онасан, бирор марта алла айтганингни эшитмадим. Алла айтиб кўр-чи, зора боламиз омон қолса”, – дебди. Аёл ноилож отасига берган ваъдасини бузиб, алла айта бошлабди. Худонинг хоҳишини қаранг, чақалоқ инграб-инграб уйқуга кетибди. Аммо онанинг ороми йўқолибди. Алла айтиб сел бўлган кўнгли алғов-далғов бўлиб, юртини, ота-онасини, қавми-қариндошларини қўмсай бошлабди. Фарзанди-ку дарддан фориғ бўлибди. Аммо унинг кўнглида давосиз дард – соғинч исён бошлабди… Шундагина отасининг ҳикмати маъносини тушунибди…

…Алла – ҳаётнинг муқаддас қўшиғидир. Унинг майин, оромбахш оҳанги она сути билан жон-жонимизга сингади. У қайси тилда, қандай оҳангда айтилмасин юракларни жунбушга келтиради. Кўнгилларда эзгулик, меҳр туйғуларини жўштиради…

Суянган тоғим, алла

Бошимда тожим, алла…

…Алла айтаётган она энг гўзал тилакларни энг нодир сўзлар орқали фарзандига бағишлайди.

“Қўзи боққан қўй этсин-о, алла,

Топганига тўй этсин-о, алла.

Тўй-тўйларга улансин-о, алла,

Давлат бошига ўралсин-о, алла.

Аллаё алла…

Алла эшитиб ўсган бола кўнгли тоза, дунёқараши гўзал, инсонларга муҳаббатли бўлади. Чунки, болаликдан унинг қалбида эзгулик куртак очади.

Инсон умрининг давомчиси, кўзларимизнинг нури бўлган фарзандларимизни орзулари осмондай юксак, элпарвар, ватанпарвар инсонлар бўлиб етишиши учун онажонларимиз меҳру муҳаббатларига йўғрилган аллалар айтишдан чарчамасинлар.

Бўстон РАҲМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: