Чақалоқни тунда эмизишнинг фойдаси

Аввало, тунда эмизиш туфайли она сутининг керакли миқдорини сақлашга ва сутнинг бир маромда юриб туриши ҳамда кўкракда сут йиғилиб қолмаслигига ёрдам беради. Агар бола тунда уч марта тўлақонли эммаса, сут керагидан камроқ ишлаб чиқарила бошлайди. Мабодо она тунда болани эмизишни буткул тўхтатса, тез орада сут келиши мутлақо йўқолади.

Она сути бола организмининг ўсиб ривожланиши учун зарур бўлган озиқ моддалар билан таъминлашга ёрдам беради. Катталардан фарқли равишда гўдаклар организми жадал ривожланишини унутмаслик зарур. Масалан, чақалоқнинг бош мияси ҳар икки соатда она сутидан олинадиган фойдали дармондориларга жуда муҳтож бўлади.

Шунингдек, она сути гўдакнинг меъда-ичак тизими фаолиятига ёрдам беради. Сут таркибида ичакни дисбактериоздан ҳимоя қилувчи моддалар ҳамда озуқа ҳазми учун зарур ёғлар ва овқатнинг ўз вақтида ҳазм бўлиши ва организмдан чиқарилишига ёрдам берадиган бошқа моддалар мавжуд.

Она сути боланинг тўйиб ухлашига ёрдам беради. Чақалоқни тунда эндигина чиқаётган тишларининг оғриши, ҳўл таглик ва ноқулай кийим безовта қилиши мумкин. Баланд ҳарорат билан кечадиган бошқа жиддий муаммолар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ташқи вазият туфайли юзага келадиган барча салбий омилларни бартараф этиш шарт. Тунги уйғонишлар сабабларининг барчасини кўкрак сути билан эмизиш ёрдамида муваффақиятли ҳал этиш мумкин.

Таглиги алмаштирилган гўдак бироз вақт кўкракни эмиб ётганидан кейин ухлаб қолади. Кийимининг ноқулайлигини она эмизиш пайтида сезиши мумкин, шу билан бирга сутдаги оғриқни қолдирувчи гормонлар тиш оғриғини сусайтиради. Сут таркибига кирувчи иммун омиллари ва табиий антибиотиклар ҳар қандай инфекцион касалликнинг кечишини енгиллаштиради.

Тунда болани ётган ҳолда эмизган маъқул. Бу ҳолатда бола кўкракни яхши эмади, онанинг танаси эса бўшашган ҳолатда бўлиб, у онага дам олиш ёки бироз мудраш имконини беради. Эмизиш учун ётган ҳолатдаги энг хавфсиз вариант – она ҳам, бола ҳам ёнбошда бир-бирига қараган ҳолда ётиши.

Кўкрак сутидаги қанд моддаси тишларни парчалайдиган қанд моддасига ўхшамайди. Бунинг устига кўкрак сути таркибида боланинг оғиз бўшлиғини кариес ва зарарли бактерияларнинг кўпайишидан ҳимоя қилувчи моддалар мавжуд.

Кўкракни эмиш бола тишларининг бир-бирига тегиб туриш ҳолатини бузмайди. Аксинча, ҳеч қачон шиша идишдан сут ичмаган, сўрғич эммасдан, фақат кўкрак эмган болалар, статистика маълумотларига кўра оғиз-жағ соҳасининг яхши ривожланиши бўйича энг юқори кўрсаткичларга эга бўлишар экан.

Яна ўқинг:  ҚОН БОСИМИ НЕГА ПАСАЯДИ?

Кўкрак сути боланинг меъдасига оғирлик қилмайди.

Эмизиш бола учун зарарли бўлган тунги уйғонишларнинг олдини олувчи энг яхши профилактика ҳисобланади. Она эмизиш туфайли гўдагининг меъёрда ривожланишини ва фойдали бўлган тунги уйқусини давом эттиришини таъминлайди.

Неонатолог Феруза Жабборова тавсиялари асосида Наргиза Угламова тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: