Инсон нега ўз жонига қасд қилади?

Суициднинг кўпайиб бораётганлиги ҳар биримизни хавотирга солади. Ушбу долзарб ижтимоий-психологик муаммони фақат суицидологларга юклаб қўйиш билан унинг ечимини топиш анча мушкул. Ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Социологлар, умумий психологлар, тиббий психологлар ва психотерапевтлар бир ёқадан бош чиқариб суицидга олиб келувчи сабабларни бартараф этишлари лозим. Бироқ суицид илдизлари қаёққа бориб тақалишини бир таҳлил қилиб чиқсак дегандим. Бироз бўлса-да, бу материал суицидни бартараф этишга ёрдам берса деган умиддаман.

Савол: Суицид ўзи нима? Бу касалликми ёки бир ёмон одат? Нима учун одам ўз жонига қасд қилади?

Жавоб: Савол ичида жавоби ҳам бор. Демоқчиманки, билиб туриб ўз жонига қасд қилишга суицид деб айтилади. Ўз жонига қасд қилиш «соғлом» одамларда ҳам, руҳий беморларда ҳам рўй бериб туради. Бироқ «соғлом» одамларда кузатиладиган суицидга ҳам нимадир сабабчи бўлади, масалан, қаттиқ руҳий зарба. Кўп ҳолларда ўз жонига қасд қилувчи шахс узоқ вақт, баъзан йиллаб бу ишни амалга ошириш учун режа тузиб юради. У ўз жонига қасд қилиш учун бир неча бор уйидан чиқиб, турли жойларга боради ёки оила аъзолари ишга кетгач, уйда ёлғиз қолиб, ўша ёмон ниятни амалга оширмоқчи бўлади. Бундай пайтларда ҳаттоки уйда телефон жиринглаб қолиши, эшик тақиллаши ёки қўшнининг девор орқалаб: «Ҳе қўшни, ким бор уйда, сигирим бўшалиб кетиб экинларни пайҳон қилаяпти! Илтимос, арқон бўлса олиб келинг! Уни боғлашиб юборинг!» деб бақириши ҳозиргина ўз жонига қасд қилиш учун арқонни ўз бўйнига осишга тайёргарлик кўраётган одам арқонни олиб, қўшнининг сигирини боғлаш учун девордан ошиб ўтиши мумкин.

Савол: Демоқчисизки, бир неча ойлаб режалаштириб юрилган ният бир фурсатда пучга чиқиши ва битта одамнинг ҳаёти сақланиб қолиши мумкин экан-да?

Жавоб: Худди шундай! Бироқ бу вақтинча бўлиб, у яна суиқасд режасини тузиб юраверади. Бу фикр унинг миясига шу қадар жойлашиб оладики, у охир-оқибат ўз жонига қасд қилади. Одатда, иродасиз, кучсиз ва таъсирчан одам ўз жонига қасд қилади. «Ҳаётдан ютқазган одам ўз жонига қасд қилади» дейишади. Бу нотўғри фикр! Чунки ҳаёт бу лотерея эмас, у ютиш учун чиқарилмаган. Ҳаёт Оллоҳ томондан берилган неъмат! Умуман олганда, ўз жонига қасд қилишни дин ҳам қоралайди.

Савол: Ўсмирлар орасида ҳам суиқасд кўп учрайди. Ахир ўсмир ёшдагилар ҳали ҳаёт нималигини яхши билишмайди-ку!? Улар нега ўз жонига қасд қилишади?

Жавоб: Умуман олганда, ўз жонига қасд қилувчиларнинг барчаси ҳаёт нималигини билишмайди. Билишганида ўз жонига қасд қилмаган бўлишарди…

Савол: Агар одам умуман кетма-кет дардли воқеаларга учрайверса-чи? Унинг бошқаларга ўхшаб яхши яшаши амалга ошмаса-чи? Уйдагилар ҳам, ишда ҳам уни қийнайверишса-чи? Унда нима қилиш керак? Балким мана шу азоблардан қутулиш учун одам ўз жонига қасд қилар?

Жавоб: Мана, дард ҳақида гапирдингиз! Дард нима ўзи? Келинг, шу саволга бир аниқлик киритайлик. Дард – ким учундир ушалмаган орзу ёки етилмаган севги, ким учундир ота-онаси ёки суйган ёрининг вафот этиши, суюкли фарзандидан жудо бўлиш, кимгадир оғир касалликка учраш, кимгадир катта миқдорда пул йўқотиш, кимгадир мансабдан кетиш ва ҳоказо. Ахир булар барчамизда рўй бериб турадиган воқеалар-ку?! Бунинг учун ўз жонига қасд қилиш шартми? Ўз жонига қасд қилишни режалаштириб юрган одам бир нарсани яхшилаб ўйлаб кўриши керак. Ахир бахтсиз воқеалар фақат у билан рўй бермаётгандир! Ундан бошқа ҳамма бахтиёр-у, фақат унинг иши юришмаяптими? Ҳеч қачон бундай бўлмайди! Ҳаёт учун курашиш керак! Ҳеч бўлмаганда воқеа ва ҳодисалар қандай рўй бераётган бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш ёки бироз кутиш ва кузатиш керак. Вақти келиб ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Чунки ҳамма вақт ҳам қор ёғиб турмайди ёки ҳар доим қуёш чарақлаб турмайди. Бу дунёда ҳамма нарса вақтинча ва ўзгарувчандир.

Савол: Суицид бойларда кўп учрайдими ёки камбағалларда?

Жавоб: Суицид бой ва камбағални танламайди! Кўриб турганингиздек, биз ҳавас қиладиган ривожланган давлатларда суиқасд жуда кўп учрайди. Хабарингиз бор, 2009 йилда барча давлатларда иқтисодий-молиявий инқироз кузатилган. Германияда 1 млрд. еврога зарар кўрган ишбилармон ўзини поезд тагига ташлаб жон берди. Бироқ бундан 10 баробар кўп зарар кўрган миллиардерлар ҳам кўп бор эди-ку?! Нега улар ҳам ўз жонига қасд қилишмади? Демак, суицид – атроф-муҳитда рўй бераётган фалокатли воқеаларга шахсий реакция. Сиз 2 хоналик тор жойда оила аъзоларингиз билан карам шўрва ичиб бахтли ҳаёт кечиришингиз ва китоб мутолаа қилиб завқланишингиз мумкин. Бироқ бошқа биров 2 қаватли данғиллама иморатда яшаб, энг қиммат машиналар миниб, ҳаётдан қониқмай яшаши мумкин. Сизни фарзандингизнинг мактабдан 5 баҳо олиб қувониб келгани хурсанд қилса, бошқа биров дунёни кемирса ҳам қониқмайди. Демак, ҳамма нарса шахснинг ўзига ва уни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Қандай яшаш Сизнинг ўзингизга боғлиқ! Биров билан ишингиз бўлмасин, уларнинг хатосини қайтармасликка ҳаракат қилинг. Демак, ҳар бир инсон ҳаётдан қониқиб яшаши керак! Ҳаётдан қониқмаган одамнинг миясига турли ёмон фикрлар келаверади.

Савол: Депрессия билан суицид орасида қандай боғлиқлик бор? Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Депрессия – узоқ вақт мобайнида ўта тушкун кайфият, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай онгли фаолиятга бўлган интилишнинг сўниши билан кечувчи касаллик. Аёллар эркакларга қараганда 2 баробар кўпроқ депрессияга тушишади. Афсуски, депрессияда ўз жонига қасд қилиш бошқа касалликларга қараганда ҳақиқатан ҳам кўпроқ. Айниқса, руҳий касалликлар негизида ривожланган депрессияда суицид кўп учрайди. Маълумотларга кўра, депрессияга чалинганларнинг 50 фоизи врачга умуман мурожаат қилишмайди ва ўз билганича дори ичиб юришади. Депрессияга учраган бемор нима учун ўзини-ўзи жуда ёмон кўради, фақат ўз жонига қасд қилишни хаёлига келтираверади? Бу оғир саволга фан тўла жавоб топганича йўқ. Масалан, шизофренияга чалинган бемор биров билан жанжаллашса, ўша одамни ўлдиришга интилса, депрессияда худди шундай жанжалли вазият рўй берса, у ўзини ўлдиришга интилади. Демак, депрессияга чалинган бемор бировни ўлдира олмайди. Ривожланган давлатларда депрессия − суициднинг асосий сабабларидан бири. Ҳар беш беморнинг бирида депрессия сурункали тус олади ва оғир кечади, йиллаб давом этади. Ўз жонига қасд қилувчилар ичида депрессия энг олдинги ўринлардан бирини эгаллаган. Бу касалликда ҳар йили 20 млн. киши ўз жонига қасд қилишга уринади ва шулардан 1 миллиони ўз ниятига эришади. Яна шуни айтиш лозимки, турли ташхислар билан шифохоналарда даволанаётган беморларнинг 30 фоиз, онкологик касалликларнинг 40 фоиз, инсульт ва инфаркт ўтказганларнинг 45 фоиз, паркинсонизм касаллиги аниқланганларнинг 35 фоизида депрессия аниқланади.

Савол: Суициднинг олдини олишда тиббий психологнинг ўрни нимадан иборат?

Жавоб: Суициднинг олдини олиш билан, асосан, тиббий психологлар шуғулланишади. Бироқ бу муаммо билан умумий психологлар, социологлар ва психиатрлар ҳам шуғулланишади. Суицидологлар эса, асосан, суицидга уринишлар рўй бериб тирик қолганлар билан ишлашади. Суицидологнинг ўзи ҳам кучли психолог бўлиши керак. Психиатрлар руҳий касалликларни (12-18 фоиз) даволаб суициднинг олдини олса, тиббий психологлар невроз, депрессия ва фобияни (72-80 фоиз) даволаб суициднинг олдини олади.
Кўриб турганингиздек, депрессия жуда кенг тарқалган касаллик бўлиб, ҳар бир шифокор ундан воқиф бўлиши керак. Демак, ҳар бир шифохонага тиббий психолог-психотерапевт керак. Ҳозирда Ўзбекистонда суицидология хизмати ҳам йўлга қўйилган. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, суициднинг олдини оладиган мутахассис – бу тиббий психологдир. У ҳам депрессияни даволаб, ҳам характер ўзгаришларини коррекция қилиб, суицидга олиб келувчи касалликларни фаол бартараф этади. Ҳеч қачон бемор «Мен ўз жонимга қасд қилмоқчи эдим» деб суицидологга бормайди, бироқ бошқа касалликларни рўкач қилиб, тиббий психологга келади. Масалан, психиатрга беморни зўрлаб олиб борасиз, психологга эса ҳар бир инсон ўз хоҳиши билан боради, ҳеч бўлмаганда ўзини-ўзи англаши учун.

Савол: Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб юрган одамни олдиндан билиб олиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, унинг йўллари қандай?

Жавоб: Суицидни шартли равишда 2 гуруҳга ажратиш мумкин: биринчиси − тантановор суицид, яъни ўз жонига қасд қилишни ошкор қилиб юрадиганлар; иккинчиси − яширин суицид, яъни ҳеч кимга билдирмасдан ўз жонига қасд қилувчилар. Тантанавор суицид кўпинча ўсмирларда кузатилади, агар улар ота-онаси билан уришиб қолса, «Мана кўрасизлар, ўзимни ўлдираман-у, мендан қутуласизлар» деб юришади. Одатда, ўсмирнинг бу гапига эътибор қилишмайди ёки кулиб қўйишади. Ўз жонига қасд қилувчи ўсмир гўёки шу йўл билан ота-онасидан аламини олмоқчи бўлади. Агар у бирор-бир одамнинг жанозасига бориб қолса, «Мен ўлсам ҳам ота-онам ва қариндош-туққанлар шунақа аюҳаннос солиб йиғлашади, мени қийнаганларини эслаб боламга эътибор қилсам бўларкан, нега айтганларини қилмадим» деб куйиб-ёнишади деган фикрга қилади ва тезроқ ўз жонига қасд қилишга интилади. Шунинг учун ҳам баъзан ўз жонига қасд қилишлар кетма-кет рўй беради.
Ўз жонига қасд қилишга жазм қилган одам одамови бўлиб қолади, кам гапиради, ёлғизликка интилади, хулқ-атвори ҳам ўзгариб бораверади. У тўй ва туғилган кун каби ўйин-кулгили жойларга бормай қўяди, бироқ жаноза ва маракаларга, албатта, боришга ҳаракат қилади. Чунки у ерда одам ўлгандан кейин бўладиган воқеалар акс этади-да. У ўзини шу ўлган одам ўрнида тасаввур қилиб кўради. Ҳали айтганимдек, бу ҳолат ўз жонига қасд қилишни янада тезлаштиради.
Яширин суицид, кўпинча, ёши катталар учун хос. Баъзан бола-чақали, невара-эварали бўлиб кетган ёши улуғлар ҳам ўз жонига қасд қилишади. Бу, айниқса, қариганида доимо унинг ёнида бўлгувчи умр йўлдоши вафот этгандан кейин рўй беради. Фарзандлари ишга, неваралари мактабга кетгандан кейин энг яқин сирдошидан айрилган кекса доимо уйда ёлғиз яшай олмайди. Унинг миясига «Фарзандларим менга эътибор қилмай қўйишди, ҳаммаси ўзи билан ўзи овора, менга бу ҳаётда яшашнинг не кераги бор, мен ҳам ўлсам бўлмасмиди» деган фикрлар келаверади. Уйда ёлғиз қолиб, йиғлаб ҳам олади. Албатта, ёлғиз қолган кексаларга эътибор зарур, улар билан суҳбатлашиб туриш керак. Уларни дам олиш сиҳатгоҳларига юбориш, ҳолидан хабар олиб туриш, ҳеч бўлмаганда невараларнинг биттасини доимо бувиси ёки буваси ёнида ётиб-туришга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Боз устига, буви ёки бувадек тарбиячи кам ҳолларда топилади. Кексаларни ёлғиз қолдириб, кўнглини ўкситиш яхши эмас. Албатта, катта ёшга етган фарзандлар уларни шу даражага етказган ота-онасини хафа қилишни хоҳлашмайди, отам ёки онам уйда мазза қилиб дам олиб ётибдилар-ку деб ўйлаб, уларни эътиборсиз қолдиришади. Бироқ нохуш воқеалар доимо эътиборсизлик сабабли рўй беришини ҳам унутмайлик.

Ҳурматли кексалар! Фарзандларингиз муваффақиятларидан қувониб яшанг! Улардан хафа бўлманг. Сиз фарзандларингизни қандай яхши кўрсангиз, билингки, улар ҳам Сизни шундай ҳурмат қилишади, эъзозлашади, уларнинг Сизларга бўлган ҳурмати қалбининг тўрида жойлашган.

(Давоми бор)

Яна ўқинг:  Аллергия фақат мавсумий касаллик эмас

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,
тиббиёт фанлари доктори,
профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: