Сув таъминотини яхшилаш ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошланди
“Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган тадбир ва кўргазма Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланди.
Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирган Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакат аҳолиси ва қишлоқ хўжалиги ходимларини қизғин табриклаб, тадбирни очди.
Қутловда бозор ва дўконлардаги тўкинлик ва арзончилик, шаҳар ва қишлоқлар, хонадонлар ободлигида қишлоқ хўжалиги ходимларининг улкан ҳиссаси борлиги алоҳида қайд этилди. Шунингдек, аграр тармоқда олиб борилаётган ислоҳотлар, сув таъминотини яхшилаш ва сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошлангани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ўз нутқида шундай деди:
- Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегияси доирасида бугунги кунда туб ислоҳотлар амалга оширилиб, қатор ижобий натижаларга эришилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори ўсиш кўрсаткичларига эришган ўнта давлат ичида 1-ўринни эгаллади. Келгусида соҳани янада ривожлантириш бўйича янада муҳим вазифалар ва лойиҳалар амалга оширилади…
Тадбир доирасида панель сессиялар дастури 4 блокдан иборат бўлди.
Панель сессияларидаги муҳокамалар мавзулари қишлоқ хўжалиги корхоналари ва молия институтлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни ўзлаштириш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, ер ажратиш орқали аҳоли бандлигини ва яхши даромад олишларини таъминлаш, озиқ-овқат саноатида юқори қиймат занжирини яратиш тенденцияларига бағишланди.
Марям АҲМЕДОВА