Яқин қариндошларнинг болани боғчадан олиб кетиши тақиқланди
Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишни ташкил этиш тўғрисидаги низом эълон қилинди.
Унга кўра эндиликда яқин қариндошларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этгани билан болани боғчасидан олиб кетиш имкониятига эга эмас. Болани фақат ота-онаси ёки васий бўлган шахс олиб кетиши бўйича битта қоида қолди.
Бундан ташқари ҳар куни эрталаб тарбиячилар ҳамшира назорати остида болаларнинг тиббий ҳолатини текширувдан ўтказишга мажбур бўлади (амалда бу анчадан бери кузатилаётганди). Шунингдек, ота-оналар кечқурун болани олиб кетмаган ҳолатларда тарбиячи уни уйигача олиб бориб қўйишга мажбур эмас.
Белгиланишича, болалар боғчасидан ташқаридаги барча сайр ва экскурсиялар ички ишлар органлари билан келишув асосида амалга оширилади (илгари, бу фақат ташкиллаштирилган сафар учун талаб этиларди).