МЕНИНГИТ НИМА?

Менингит – мия пардаларининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик. Менингитнинг оғир турлари болалик даврида кўп кузатилади. Катта ёшдагиларда менингит кам учрайди ва бироз енгил кечади.

Сабаблари. Менингит юқумли касаллик бўлиб, у турли вируслар ва бактериялар сабабли ривожланади.
Белгилари. Боланинг тана ҳарорати тўсатдан 40 градусгача ошади, боши оғрийди, кетма-кет қусади ва боши орқага қайрилиб ётиб қолади. Бир оз вақт ўтмай бола ҳушини йўқота бошлайди, баъзида танага тошмалар тошади, тутқаноқ хуружлари кузатилади.
Ёрдам қандай кўрсатилади? Зудлик билан «Тез ёрдам» чақирилади ва бола шифохонага олиб борилади. Беморни уйда қолдириш мутлақо мумкин эмас. Бемор ётган уй дезинфекция қилиниши ва оила аъзолари врач назоратига олиниши керак.

Даволаш қандай олиб борилади? Менингитни даволаш юқумли касалликлар шифохонасида олиб борилади. Агар бемор ўз вақтида шифохонага олиб борилса, у 10 кун ичида тузалиб кетади. Бемор комага тушган ҳолатларда даволаш муддати чўзилиб кетиши ва асоратлар қолиши мумкин.
Шу ерда битта муаммони айтиб ўтмоқчи эдик. Баъзи ота-оналар орқа мияни пункция қилиб, мия суюқлигини текширишга тўсқинлик қилишади. Врач бу текширувни боланинг ота-онаси рухсатисиз тиббий кўрсатмаларга биноан бемалол ўтказиши лозим. Чунки менингитда мия суюқлигини олиб текшириш миянинг ички босими ошиб кетишининг олдини олади ва бемор комага тушмайди. Ҳатто комада ётган бемор ҳушига келади, мия ортиқча йирингли суюқликдан озод бўлади ва унинг ўрнига тоза суюқлик ишлаб чиқарилади.

Менингит асорати қандай? Аксарият ҳолларда ҳеч қандай асорат қолмайди. Бироқ даволаш кеч бошланган ҳолатлар ёки менингитнинг оғир турларида турли асоратлар қолиши мумкин. Бундай болаларда сурункали бош оғриқлар, ўта инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг сурункали тарзда ошиб бориши, хотира бузилишлари, паришонхотирлик каби асоратлар вужудга келиш хавфи бор. Жуда кам ҳолатларда эшитиш пасайиши, тутқаноқ хуружлари ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш ривожланади. Бундай болалар невропатолог назоратида бўлишлари лозим. Даволаш қай тартибда олиб борилишини невропатолог индивидуал тарзда ҳал қилади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Яна ўқинг:  Умуртқа касаллиги қон босимига таъсир қиладими?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: