Озиқ-овқат аллергиясидан кўпроқ кичкинтойлар азият чекади(ми?)
Сут, тухум, балиқ, парранда гўшти, цитрус мевалар…. Буларнинг барчаси — минг дардга даво неъматлар. Таркибда ҳаёт учун зарур кўплаб витаминлар мавжуд.
Шунга қарамай, баъзи инсонлар бу шифобахш маҳсулотларни истеъмол қилса, ҳаёти ва саломатлиги хавф остида қолиши мумкин. Хўш, нега?
Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова билан шу мавзу, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари аллергияси хусусида суҳбатлашдик.
– Озиқ-овқат аллергияси маҳсулотлар таркибидаги оқсиллар, баъзан оқсилсимон моддалар таъсирида вужудга келади, – дейди И.Разикова. – Уни маълум бир таом, егулик ёки ноз-неъмат истеъмолидан сўнг дарҳол пайдо бўладиган иммунитет тизими реакцияси сифатида баҳолаш мумкин.
Одатда аллергиянинг ушбу туридан кўпроқ болалар, хусусан эмизикли гўдаклар азият чекади. Катталарда эса хасталик нисбатан кам учрайди. Аллергиянинг асл сабаби иммунитетнинг генетик даражада бузилиши ҳисобланиб, у насл суради ёки фавқулодда пайдо бўлади.
Болалардаги касаллик ривожланишига кўпинча онанинг ҳомиладорлик ёки эмизикли даврида нотўғри овқатланиши сабаб бўлади. Айтайлик, аёл ҳомиладорлик пайтида ҳаддан зиёд кўп тухум истеъмол қилса, орадан маълум вақт ўтиб болада айнан шу маҳсулотга нисбатан аллергия пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, чақалоқнинг кўкрак сути ўрнига, сунъий аралашмалар билан озиқлантирилиши ёки чала туғилиши, ошқозон-ичак тизими, ўт йўллари ёки жигар хасталиклари озиқ-овқат аллергиясини келтириб чиқарувчи омиллар сирасидан.
Қолаверса, сигир сути – аллерген маҳсулот. Таркибида 40 дан ортиқ оқсил гуруҳлари бўлиб, асосий қисми казеинлар ва зардоб оқсилларидан иборат. Унда аллергияга сабабчи бўлиши мумкин бўлган f2, Bos d 4, Bos d 5, Bos d 6, Bos d 8, Bos d 9, Bos d 10, Bos d 11, Bos d 12 аллергенлари мавжуд.
Уларга 2-3 фоиз эмизикли болаларда аллергия учрайди. Ўғил-қизлар 5 ёшга киргач, 80 фоизида мазкур ҳолат йўқолади. Олти ёшга келиб эса 100 нафар боладан 1 нафаридагина сигир сутига нисбатан аллергия кузатилиши мумкин.
Катталар ҳам баъзан бу турдаги аллергиядан азият чекади. Мисол учун, айрим кишиларда таомларга ҳид, ранг ва таъм бағишлаш мақсадида солинадиган қўшимчалар, хусусан, сариқ-тилларанг кўриниш берадиган тартразин аллергик реакция пайдо қилади. Натрий нитрат, натрий глютамат ва салицилатларни ҳам шулар сирасига киритиш мумкин.
Озиқ-овқат аллергиясининг хатарли томони, аллергеннинг оз миқдори ҳам инсон ҳаётига хавф туғдириши, анафилактик шок ҳолатини келтириб чиқариши мумкин.
– Қандай озиқ-овқат маҳсулотлари кучли аллергик реакцияга сабаб бўлади?
– Маълумотларга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари орасида фақат туз ва шакаргина аллерген ҳисобланмайди. Қолган ҳар қандай ноз-неъмат қайсидир ўринда ёки даражада аллергияга сабаб бўлиши мумкин.
Товуқ тухуми кенг тарқалган аллергенлар жумласидан. У болаларда учрайдиган озиқ-овқат аллергиясининг сабабчиларидан бири ҳисобланади. Таркибида протеинлар, сув, ёғ ва оқсиллар мавжуд.
Оқсиллар гуруҳлари овальбумин, овомуеоид, овотрансферрин ва овомуцинларни ўз ичига олади. Улар молекуляр даражада ўрганилганда, Gal d1, Gal d2, овомукоид, Gal d3, Gal d4 аллергенлари аллергик реакцияларга сабаб бўлиши ўрганилди.
Баъзилар тухум оқини бемалол истеъмол қилади-ю, сариғини кўтара олмайди ёки аксинча. Тухум қайнатилган ёки қовурилганда, оқининг антиген хусусияти камаяди.
Бундай кишиларда бошқа парранда тухумлари ҳам бир хил реакция пайдо қилади. Тухумга аллергияси бор кишиларнинг аксариятида товуқ катаги ёки парранда фермаси ҳидига аллергия ҳолати кузатилади.
Балиқ – кучли антиген. Бу маҳсулотга аллергияси бор кишилар ҳаётига уни тайёрлаш жараёнида тараладиган ҳид ҳам хавф туғдириши эҳтимоли бор.
Балиқ гўштида парваальбумин ва тропомиозин оқсил гуруҳлари мавжуд. Молекуляр даражадаги ўрганишлар унинг таркибида аллергияга сабабчи бўлиши мумкин Cyp c1, Gad c 1, Gad m 1 аллергенлари борлигини тасдиқлади.
Буғдой ва соя ҳам баъзида аллергик реакцияларни келтириб чиқаради. Масалан, дуккакли ўсимликлардан олинадиган соя маҳсулотига аллергияси бор беморларда кўпинча сигир сутига ҳам аллергик реакция кузатилади.
Соя таркибини молекуляр даражада ўрганиш натижасида унинг таркибида аллергияга сабабчи бўлиши мумкин бўлган Gly m 1, Gly m 5, Gly m 6 аллергенлари мавжудлиги маълум бўлди. Гўшт маҳсулотлари орасида эса парранда гўшти бошқаларига нисбатан кўпроқ антиген хусусиятга эга.
Мева-сабзавотлар ўртасида цитрус мевалар, қулупнай ва ертут кўпроқ аллергия қўзғайди. Ёнғоққа аллергияси бўлганларнинг аксарияти эса ушбу мева дарахти чангига ҳам таъсирчан бўлади.
Айниқса, ерёнғоқ кучли аллерген ҳисобланади. Бу маҳсулот кўп ҳолларда анафилактик реакцияга сабаб бўлади.
Шоколад, какао, жавдар, жўхори, гуруч, арпа каби маҳсулотлар эса кучсиз антиген хусусиятга эга бўлиб, жиддий асоратларни келтириб чиқармайди.
– Озиқ-овқат аллергияси қандай белгилар билан намоён бўлади?
– Озиқ-овқат аллергияси белгилари одатда таомлангандан бир неча дақиқадан икки соатгача ривожланади. Симптомлар беморнинг ёши ва иммунитети ҳолатига боғлиқ. Асосий аломатлар эса терида тошма, қичишиш, шиш ёки ачишиш билан намоён бўлади.
Оғиз бўшлиғида эса шиллиқ парданинг шишиши, аллергик ринит, яъни бурун битиши, аксириш ва бурундан сув келиши, йўтал, нафас қисиши, кўзларнинг ёшланиши ва қизариши, кўнгил айниши кузатилиши мумкин. Баъзан бу турдаги аллергия белгиларига кўнгил айниши ва қайт қилиш, ич кетиши, қорин соҳасидаги оғриқлар ҳам хос.
Аллергия маҳали одатда тошма – эшакеми кўринишида пайдо бўлиб, қаттиқ ўзакли қизил тусли тошма, шиш ва қичишиш билан кечади.
Эмизикли болаларда овқат аллергияси атопик дерматит сабаб қатор қўшимча аломатларга эга. Масалан, тери қуришқоқлиги, боланинг анал соҳасида эмизгандан кейин кучаядиган қизариш шулар сирасидан.
Баъзи одамларда озиқ-овқат аллергияси жиддий аломатлар – бронхиал обструкция, кўкрак қафасидаги сиқилиш, нафас олишнинг қийинлашиши, қон босимининг кескин пасайиши, бош айланиши ёки хушни йўқотиш каби ҳаёт учун хавфли аломатлар билан кечиши мумкин.
Шу сабабли озиқ-овқат аллергиясидан азият чекадиган ёки бунга мойил кишилар мутахассислар кўригидан ўтиб, уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига қатъий амал қилишлари шарт.
Умуман, аллергиянинг табиий даво усули, аввало, тўғри овқатланишдир. Бемор аллерген чақирувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан тийилиши ва воз кечиши лозим.
Парҳез орқали секин-аста, аммо ишончли равишда аллергияни енгиш мумкин. Қолаверса, аллергия профилактикасининг ягона йўли – тўғри овқатланиш. Бунга катталар ҳам, болалар ҳам амал қилиши зарур.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати