Жигарни ёғ босса…

Жигар – тана саломатлигидир. У қонни тозалайди, сафро ишлаб чиқаради, зарарли микроорганизмларга қарши курашади, гормонларни синтез йўли билан ҳосил қилади. Жигар айнан кечаси яхшироқ ишлайди, шу боис бу вақтдан оқилона фойдаланиш лозим..

Мутахассисларнинг фикрига кўра, антибиотикларни узоқ вақт, тартибсиз ичиш ёки қабул қилиш, семизлик, ёғли, шўр,аччиқ овқтларни меъёридан ортиқ ейиш жигарда ёғли гепатоз касаллигини келтириб чиқаради.

Биз шу ҳақда газетхонларни тиббий маълумотга эга қилиш мақсадида Тошкент Тиббиёт Академияси кўптармоқли клиникаси “Гепатобилиар  тизими касалликлари” бўлимининг мудири, олий тоифали шифокор гепатолог  Жамшид Нормуродов билан суҳбатлашдик:

– Негадир ҳозирги пайтда камҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш, бетартиб равишда дори маҳсулотларини қабул қилиш, семизлик оқибатида сезиларли даражада гиар гипатози касаллиги ортаётгани кузатилмоқда. Бунинг сабаби нимада?


– Жигарни ёғ босиши тиббиётда «Ёғли гепатоз» дейилади. Ёғли гепатоз – жигар ҳужайраларида ёғ тўпланиши бўлиб, бу касаллик охир-оқибатда вирусли гепатитни келтириб чиқариши ва жигар циррозига олиб келиши исботланган. Касаллик нотўғри овқатланишдан семириш, ёғли овқатларга ружу қўйиш, кам ҳаракатлилик кабилар туфайли юзага келган семизлик натижасида юзага келади. Шунингдек, у қандли диабет, гормонал алмашинувлар бузилишидан ҳам юзага келиши мумкин. Агар бундай пайтда шифокор маслаҳатига амал қилинмай текширувдан ўтиб турилмаса, ёғли гепатоз ривожланиб, жигарни яллиғлантириши мумкин. Касалликдан тузалиш учун биринчи навбатда турмуш тарзини ўзгартириш, ёғли таомлардан воз кечиш, микронутриентлар ва фойдали моддаларга бой озуқалар, мева-сабзавотлар, шунингдек, сувни кўпроқ истеъмол қилиш жуда муҳим.

– Айтинг-чи, ультратовуш аппарати текшируви ёрдамида (УТТ) жигар касалликларини аниқлаш мумкинми?


– Йўқ, УТТ тиббий аппарати орқали жигар касалликларини чақирувчи омилларни билиб олиш мушкул. Чунки жигар касалликлари асосан вируслар туфайли келиб чиқади. Вирусларни аниқлаш учун эса беморда аввало тиббий лаборатория текширувларини ўтказиш, уни ИФА усулида, мусбат натижа аниқланганда, қайта текширув – полимер занжирли реакция усулида қонни таҳлил этиш орқалигина жигарда бу касалликнинг бор ёки йўқлиги аниқланади.

– Сиз тажрибали мутахассис сифатида инсон учун муҳим аъзо – жигарда муаммо келиб чиқмаслиги, хасталикнинг олдини олиш учун нималарга риоя қилишни тавсия қиласиз?


– Аввало шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш, кун тартибини тўғри ташкил этиш, ўз вақтида дам олиш, мева ва сабзавотларни кўп истеъмол қилиш, ёғли озуқалардан тийилиш, парҳез ва шифобахш таомларни истеъмол қилиш, шунингдек доимо меъёрий жисмоний ҳаракатда бўлиш, кўпроқ пиёда юриш, шифокор кўригидан ўтиб туриш ва албатта «Гепатит В»га эмланиш касалликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

– Касалланган беморларда касаллик белгилари қандай кечади?


– Бунда беморнинг ўнг томонидаги қовурға остида сим-сим оғриқ, ошқозонда оғирлик ҳисси, кўнгил айниши ва қайд қилиш, бош оғриғи, чарчоқ, ҳолсизлик, кўз оқининг сарғайиши каби ҳолатлар кузатилади.
Жигарнинг ёғ босишини қон текшируви ёки биопсиясиз аниқлашга ёрдам берадиган жисмоний аломатлар йўқ. Аммо доимий чарчоқ ва заифлик ҳисси энг яққол белги бўлиб, бундан сўнг албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Қорин бўшлиғининг ўнг томонида оғриқ аломати ўзини жуда кеч намоён қилиб, одатда касалликнинг аллақачон ривожланиб бораётган асоратлари ҳақида белги беради. Қориннинг ўнг томонидаги оғриқлар вақти-вақти билан ва тартибсиз равишда пайдо бўлиши ҳам унинг белгиларидан биридир.
Бундай беморларга УЗИ (ультра товуш таҳлили) ёрдамида ишончли диаг­ноз қўйиш мумкин. Ва биринчи нав­батда аппарат ёрдамида шифокор жигар ўлчамларининг катталашганлигига эътибор қаратиши лозим.

– Ёғли гепатоз қандай оқибатларга олиб келади?


– Ёғли гепатоз билан касалланган одамнинг келажаги – фақат жигар циррози. Чунки жигар хужайралари ёғ билан тўлади ва охир-оқибатда у ўз фаолиятини тўхтатади. Натижада жигар тамом бўлиб, ёғ бўлагига айланади.

– Касалликни даволашда парҳезга амал қилиш ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз.


– Жигар ўзини-ўзи қайта тиклайдиган аъзо бўлгани боис ёғли гепатоз касаллигини даволаш учун биринчи навбатда уни келтириб чиқарадиган сабабларни бартараф этиш лозим. Бунинг учун беморларга алоҳида парҳез тавсия этилади. Касаллик билан оғриганлар спиртли ичимликни мутлақо ичмаслиги, шўр, аччиқ, қовурилган ва ёғли таомларни истеъмол қилмасликлари талаб этилади. Таркибида углевод, витаминлар, клечатка, пектинга бой маҳсулотлар, ёғсиз гўшт, қайнатилган ёки буғда пиширилган балиқ кабиларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Бундай пайтда овқатланиш сонини кўпайтириб, миқдорини камайтириш жуда муҳим ҳисобланади.

ҚЎШИМЧА ТАВСИЯЛАР:

— уйқуга ётишдан олдин мойчечакли чой ичиш нафақат жигарни тозалайди, балки тинчлантиради ҳам. Бунинг учун 1 ош қошиқ қуритилган мойчечак гули бир стакан сувда чой каби дамланиб, 10 дақиқа дам едирилади;

— занжабил ва лимонли ичимлик ҳам жигар фаолиятини яхшилайди, токсинларни чиқариб, тозалайди. Бунда 3 сантиметр занжабил илдизи, икки бўлак лимон 2 стакан сувда 8-10 дақиқа қайнатилиб, совутилиб, ичилади;

— сули қайнатмаси ҳам жигарни тозалаб, модда алмашинувини яхшилайди. Бунда 2 стакан қипиқли сули ювилиб, термосда 10-12 соат дамланиб, асал билан ичилади;

— куркума ва олма сиркаси ҳазмни, жигар ва ўт пуфаги фаолиятини яхшилайди. Бунда 1 ош қошиқ олма сиркаси ярим чой қошиқ куркума 1 стакан сувда дамланиб, 1 чой қошиқ асал қўшиб ичилади.

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди

Яна ўқинг:  Қони таҳлилида холестерин миқдори ошганлигини кўрсатса...

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: