Қувватбахш озиқ-овқат маҳсулотлари
уларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида
Кабачка – бир йиллик ўтсимон ўсимлик бўлиб, қовоқдошлар оиласига мансуб. Бу шифобахш табиат неъматининг асл ватани Америкадир. Дастлаб таомларга унинг уруғи ишлатилган.
Европага океан ортидан XVI асрда турли ажойиб сабзавот ва мевалар қатори келтирилган қовоқча дастлаб ботаника боғларида етиштирилган. Бу полиз маҳсулотларидан эндиликда уй бекалари турли хил таомлар тайёрлашни ўрганиб олишди.
Ҳар бир бека қўл остидаги барча таомлардан енгил ҳазм бўладиган ва кўп вақт олмайдиган, парҳезбоп таом “Рагу”ни тайёрлаши мумкин. Бунинг учун қизил лавлагидан бошқа ҳамма сабзавотларни димлаб пишириш даркор. Лавлагини алоҳида идишда қайнатиб ёки мантиқасқонда пўсти билан буғлаб пиширилади. Шундан сўнггина сабзавотли димламанинг пишишига яқин уст қисмига солинади ва таом аралаштирилмайди. Чунки, лавлагининг қизил ранги овқатингизнинг кўринишини бузиши мумкин.
Дастлаб “Рагу” тайёрлашда узоқ пишадиган ва қаттиқ маҳсулотлар қозонга ёғ солингач устма-уст териб чиқилади. Яъни, картошка, сабзи, карам, булғор қалампири, 1 дона аччиқ қалампир, пиёз, помидор, таъбга қараб туз, лавр япроғи ва зираворлар, янчилмаган қора мурч, зира, саримсоқпиёз бўлаклари, кўкатлар, шунингдек, таомга кабачка, турп ва ошқовоқ ҳам солинади. Ошқовоқ тез пишгани учун бу сабзавот ва турпни қозондан аввалроқ олишингиз мумкин. Усти ёпиқ чинни идишга ушбу сабзавотларни солиб қўйсангиз, таомингиз пишгунича совумайди. Шунингдек, “Рагу”ни совутилган ҳолда гўштли ва балиқли овқатларга гарнир сифатида дастурхонга тортишимиз мумкин.
Иссиқ ҳолида ўзини алоҳида таом сифатида истеъмол қилса ҳам бўлади. Яна ўсимлик ёғи ўрнида таомга сарёғ ёки қаймоқ ишлатсангиз овқатингиз жуда хушхўр бўлади. Аммо тери касалликлари, чилла яра (диатез), озиқ-овқат маҳсулотларига аллергияси мавжуд беморларга сабзавотли “Рагу”ни қизил лавлаги, зираворлар ҳамда лавр япроғи солмасдан тайёрлаб бериш керак. Яна сабзавотли “Рагу”га гўшт солиб ҳам тайёрлаш мумкин. Бунда аввал қозонга гўшт солинади ва бошқа сабзавотлар тартиб билан териб чиқилади. Фақатгина сабзавотларнинг ўзини димласангиз таом 40-45 дақиқада тайёр бўлади. Гўшт солсангиз 1,5-2 соат давомида димлама пишади. Умуман ҳар икки ҳолатда ҳам таом қопқоғи зич ёпиқ қозонда паст оловда димлаб пиширилади. Совутилган “Рагу”га суюқ қаймоқ аралаштириб яхна овқат сифатида ҳам байрам дастурхонига тортиш мумкин. Ҳар бир миллатнинг ушбу таомни тайёрлашда ўзига хос усули мавжуд ва шунингдек, улар турлича номланади. Францияда “Рататуй”, Италия (Сицилия)да капоната ёки чанфотта, Молдавияда гювеч, Македонияда зарзавот, Арманистонда айлазан ва Ҳиндистонда сабжи дея номланади.
Гўштсиз тайёрланган сабзавотли димлама меъда-ичак тизимига ижобий таъсир этади. Қабзият(ич қотиш)да ични юмшатади. Организмни ортиқча хилтлардан тозалайди. Ортиқча вазнли беморлар бу таомни тез-тез истеъмол қилиб туришлари керак. Қандли диабет хасталиги мавжуд беморларга қизил лавлаги ва аччиқ ҳамда терини таъсирлантирувчи зираворлар (мурч, қалампир, лавр япроғи тавсия этилмайди).
Хушхўр беҳили таомлар
Беҳининг ичи ўйилиб, унинг ичига ярим чой қошиқ асал ёки кичикроқ думба ёғи солиб мантиқасқонда димлаб ёҳуд газ печида паст оловда 40-45 дақиқа пиширилади. Шифобахш беҳили бу таом азобли ва қуруқ йўтални камайтиради. Балғам кўчиради. Шунингдек, ярим кило думба ёғини ярим кило, уруғидан тозаланиб, тўрт бўлак қилинган беҳи билан аралаштириб таом ҳам тайёрлаш мумкин. Бунинг учун қиздирилган қозонга аввал думба ёғини ўртача катталикда 2-3 смда бўлаклаб соласиз ва дарҳол унинг устига беҳи бўлакларини соласиз сўнгра ҳар иккала маҳсулотни 2-3 марта капкир билан арлаштирасиз. Беҳи бўлаклари ёғли бўлганига ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг оловни пастлайсиз. 40-45 дақиқа паст оловда димланган беҳи ва думбани ликобчаларга солиб, дастурхонга тортасиз. Таом иссиқ ҳолида тановвул қилинади. Устидан чой ўрнига асал аралаштирилган қайноқ сув ёки сут ичсангиз грипп, ЎРВИ (ўткир респираторли вирусли инфекциялар), бронхитни даволашда ёрдам беради.
Озуқалик қиймати
Узунчоқ, оқиш оч яшил тусли қовоқчанинг 100 грамм маҳсулотдаги энергетик қиймати 113 кж(киложоул)ни ташкил этади. Озиқ-овқатларга пўстлари юпқа, сархил ва ёш ҳосили ишлатилади. Етилиб, пишиб кетган кабачканинг пўстлоғи қалин ва таъми бемаза бўлади. Ёш ва янги узилган қовоқча бебаҳо парҳез маҳсулот ҳисобланади. Унинг таркибида (100 грамм маҳсулотга нисбатан олинганда) калий 170-238мг, натрий 2-14мг, кальций 15-40мг, фосфор 12-25мг, темир моддаси 0,4-0,8мг, шунингдек, мис, кобальт, магний каби элементлар мавжуд. Кабачка таркибини 92-96 фоиз сув ташкил этади. Дағал толали тўқима 0,3 фоиз, пектин моддаси 1,7-2 фоизгача етади. Оқ бошли карамда эса бу модда камроқ, яъни, 0,6 фоизни ташкил этса, сабзида 0,5 фоиз бўлади.
Яшил ва сархил, ёш кабачка таркибида крахмал моддаси кўп бўлади. Аммо бу модда етилиб пишган қовоқчада бўлмайди.
“Цуккини” навли қовоқча оддий оқиш тусли кабачкага нисбатан мағзи нозик ва юмшоқ бўлади. Унинг таркибидаги аскорбин кислотаси(С витамини) ва каротин оддийсига нисбатан кўпроқ. Шунингдек, кабачканинг бу навининг таъми ҳам мазали бўлади. Айниқса, қовоқчанинг бу турини қишда ва баҳорда кўпроқ истеъмол қилиш зарур. Уни хом ҳолича салатларга солиш мумкин. Шунингдек, қовоқчадан парҳез таомлар тайёрласа бўлади. Маринадлаш учун ва тузламаларга 130-150 грамм оғирликдаги сархил ва пўстлоғи юпқа гули тўкилгандан кейин ҳосилга кирганига 5-7 кун бўлган кабачкалар ишлатилади.
Каттароқлари бўлакларга бўлинади. Қовоқчаларнинг оғирлиги 150-400 грамм ва ҳосилга кирганда 8-12 кун ўтгач терилгани сабзавотли “Рагу”лар ҳамда димлаб пишириш учун ва тез муддатда истеъмол қилишга тайёрланган тузламалар, маринадлашда қўлланилади. Бунда кабачкалар ҳалқасимон кесилади ёки кичикроқ маҳсулотдан мураббо, павидло тайёрлаш мумкин. Уруғли ва юмшоқ мағзидан пишириқлар тайёрланади. Шунингдек, унинг уруғи ҳам таомларга ишлатилади.
Шифобахш хусусиятлари
Кабачка оқсиллари таомларни яхши ҳазм қилишга ёрдам беради. Ичаклар яллиғланганда қовоқчадан тайёрланган, енгил ҳазм бўладиган парҳезбоп таомлар тавсия этилади. Чунки, унинг таркибида дағал толали ўсимлик клечаткаси кам учрайди.
Калорияси пастлиги сабабли қовоқчани ортиқча вазнда парҳезбоп таом сифатида тавсия этиш мумкин. Кабачка тарикибидаги пектин моддаси ичаклар микрофлорасини мўътадиллаштиради. Бу модда меъда ва ичакларнинг шиллиқ қаватини асрайди, улардаги яллиғланиш жараёнларининг тез битишига ёрдам беради. Ичаклар перистальтикаси (ҳаракати)ни яхшилайди. Шифокор тавсияси билан қайнатилган ва қирғичдан ўтказилган кабачкани меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси касалликларида хасталикнинг қўзғалиши босилгандан кейин 15-20 кун ўтгач истеъмол қилиш мумкин. Чунки, қовоқча меъда-ичак тизимини кам таъсирлантиради ва организмдаги ортиқча сувни чиқариб ташлайди. Танадаги яширин ва яққол шишларда ҳам қовоқча пешоб ҳайдовчи хусусияти билан кўмаклашади.
Шунингдек, кабачка ўт ҳайдашга ёрдам беради. Ҳамда гликогеннинг жигарда тикланишида муҳим аҳамиятга эга. Юрак қон томир тизими касалликлари мавжуд беморлар ҳам ушбу сабзавотни истеъмол қилишга эътибор беришлари керак. Сабаби кабачка калий минерал моддасига бой. Шунингдек, у организмда холестерин йиғилишини олдини олади. Ортиқча ва зарарли хилтларни пайдо бўлишига йўл қўймайди. Яна танадаги ортиқча суюқлик ва натрий тузини ҳам ҳайдаб чиқаради.
Шифобахш хусусияти туфайли қовоқчани кексалар таомномасига қўшиш фойдали. Таркибида мис моддаси мавжудлиги сабабли кабачка ҳомиладор аёллар ва болаларга тавсия этилади. Аллергияга мойиллиги бор беморлар учун ҳам қовоқчадан парҳезбоп таомлар тайёрлаш мумкин.
Қовоқча таркибида оқсил камлиги туфайли бу маҳсулотни буйрак касалликларида оқсилли таомларни чеклаш зарур бўлганда тавсия этиш мумкин.
Диққат! Бироқ, буйрак етишмовчилигида калий алмашинуви жараёни бузилганда ушбу сабзавотни истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки, унинг таркибида калий мўл. Кабачка уруғида ёғ кўп. Унинг мағзининг 50 фоизини мой ташкил этади. Яна уруғ таркибида сантонин моддаси оқсил, Е витамини ҳам мавжуд. Қуритилган “Цуккини” уруғлари қовоқ уруғлари каби гижжа ҳайдаш хусусиятига эга.
Қовоқчани сақлаш усуллари
Кабачкани узоқ сақлаб бўлмайди. Қисқа муддатда сақлаш учун уларни салқин жойда асраш керак. Ҳаво ҳарорати ОО С даражали муҳитда ва нисбий намлик 85-90 фоиз бўлганда қовоқча 10-12 кун давомида сўлимай туради. Янги узилган, ёш ва сархил қовоқчалар узоқ сақланмайди.
Тайёрлаш усули
Юқорида таъкидлангандек, кабачкадан тузламалар тайёрласа бўлади. Уни маринадлаб, шунингдек, димлаб, қовуриб, қайнатиб ва хомлигича бошқа сабзавотлар билан аралаштириб салатлар ҳамда ундан мураббо тайёрлаш мумкин.
Роҳатижон-”Полвонжон”
100 грамм ёнғоқ мағзи, ҳар қайсиси 100 граммдан ювиб қуритилган туршак ва майизни гўштқиймалагичдан ўтказасиз. Ҳосил бўлган қуюқ аралашмага 100 грамм табиий асал аралаштирасиз. Айниқса, май ойида йиғиб олинган тоғ асали жуда фойдали бўлади. Бир-икки соат тиндирилган шифобахш аралашмадан катталиги кичикроқ ёнғоқдек шакллар ясайсиз, сўнгра уларни чинни идишга солиб, усти ёпиқ ҳолда музлатгичнинг пастки қисмида сақлайсиз. Эрталаб хона ҳароратида бир оз исиган зўлдирчани оч қоринга қайнаган илиқ сув ёки газсиз булоқ суви билан истеъмол қиласиз. Даволаш муддати беморнинг умумий аҳволи яхшилангунча давом этади. Бу шифобахш табиий дори воситаси камқонликда гемоглабинни тиклашда, шунингдек, спортчилар учун тавсия этилади. Аммо хафақон хасталиги мавжуд беморлар, иссиқ мижозли инсонлар ҳамда турли тери касалликлари, қандли диабет, аллергияга мойил, гепатит(сариқ касаллиги) холангит (ўт йўллари), холецистит (ўт пуфаги), меъда ва ўн икки бармоқ ичак яра касалликларида тавсия этилмайди. Яна беморнинг организмида хилтлар мавжуд бўлса ҳам ёнғоқ ейиш мумкин эмас.
Организмдаги хилтларни тозалаш учун кўпроқ сархил мева-сабзавотлар истеъмол қилиш керак. Ёки уларнинг шарбатсиққичидан чиқарилган шарбатини ичиш зарур.
Саҳифани Гулчеҳра Ширинова тайёрлади.