Yil quvonchlari

Кимё – турли формулаларга бой, мураккаб ва қизиқарли фан. У сабабли танловларда иштирок этиб, кўплаб дўстлар орттирдим ва ютуқларни қўлга киритдим. Ўтаётган йил мен учун омадли келди. Юртимиздаги кўплаб иқтидорли тенгдошларим эришаётган ютуқлар моҳиятини англаб етгандек бўлдим. Доимий эътибор ва ғамхўрлик, қунт, билим ва меҳнат, истеъдод ва қобилият, буюк аждодларимизга муносиблик масъулияти – муваффақиятнинг асосий калити, деб ўйлайман.

Ўтаётган йил мен учун чинакам изланиш, билимлар чўққиси сари интилишнинг янги муваффақият ва зафарлар йили бўлди. Март ойида кимё фани бўйича фан олимпиадасининг Тошкент шаҳар босқичида муваффақият қозондим. Сўнгра Тошкентда 24 апрелдан 1 майга қадар бўлиб ўтган ўқувчилар ўртасидаги кимё фанидан 47-халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этиб, ушбу билимлар беллашувида 17 мамлакатдан 118 нафар йигит-қиз сафида иккинчи ўринга муносиб деб топилдим. Ўша лаҳзалар ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Айниқса, ота-онам ва устозимнинг юзидаги қувончни кўриб, уларнинг ишончини оқлаганимдан фахрландим.

Ўтган йилнинг энг қувонарли янгилиги бу – 15-24 июль кунлари Москвада бўлиб ўтган кимё фани бўйича 45-халқаро олимпиадасида иштирок этишимдир. Унда 77 та давлатдан 300 нафарга яқин 20 ёшгача бўлган тенгдошларим қатнашишди. Талаб ҳам, рақобат ҳам жуда кучли бўлган беллашувда биринчи ўринга муносиб топилдим. Олтин медални қабул қилиб олаётганимда қувончимнинг чеки йўқ эди.

Президентимизнинг жорий йилнинг 3 декабрида қабул қилинган фармонига мувофиқ турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ ёшларнинг Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши уларнинг камолотига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди. Ана шундай бахтиёр ёшлар қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимдан бошим осмонга етди. Юртбошимизнинг биз – ёш авлодга кўрсатаётган бундай улкан ғамхўрлиги кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади. Айни пайтда зиммамизга юксак масъулият ҳам юклайди.

Менинг барча ютуқларим мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаши, ўз қобилият ва имкониятларини тўла рўёбга чиқариши учун яратилган барча шароит ва имкониятлар самарасидир.

Кириб келаётган Янги йилда Тошкент Тиббиёт Академиясининг талабаси бўлиш ва навбатдаги халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, юртимиз байроғини юқорига кўтариш ниятим бор. Шу жумладан, барча тенгдошларимга янги йилда ўқиш ва ишларида омадлар ёр бўлишини, “муваффақиятлар формуласи” уларга ҳамроҳ бўлишини тилайман.

Яна ўқинг:  Яшаш завқи ободликда кўринади

Беҳзод БОЛТАЕВ,

“Шуҳрат” медали соҳиби

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: