Тишларга хос ташвишлар

Тишни қандай оқартираман?


– Мана бир ярим йилдирки тиш оқартирувчи пасталардан фойдаланаяпман, аммо тишимнинг сарғайгани кетмаяпти. Балки пасталардан нотўғри фойдаланаётгандирман?
А. ҚОБИЛОВ,
Қашқадарё вилояти

– Агар тиш эмалидаги сарғиш ранг табиий бўлса, оқартирувчи тиш пасталари самарадор бўлмаслиги мумкин. Кўпинча тишлар пигментланган зич караш натижасида қорая­ди. Бундай ҳолат чекувчи кишиларда кўпроқ учрайди. Бундай карашни ўзингиз тозалай олмайсиз, сизга фақат тиш шифокори ёрдам бериши мумкин. Тишнинг эмал қатлами тоза бўлса-ю, тишнинг табиий ранги сизни қониқтирмаса, уларни сунъий оқартириш учун стоматологга мурожаат қилишингиз лозим. Тишларни оқартиришнинг замонавий усули анча хавфсиз ва самаралидир. ­Аммо унутмангки, мутахассислар билан олдиндан маслаҳатлашмай туриб, бундай ишга қўл урманг. Чунки ҳар қандай малакасиз, ўз билганича қилинган тадбирларнинг ўзига хос хатарлари ва хавфли жиҳатлари мавжуд.

Имплантат қўйиш услуби


– Мен олинган тиш ўрнига протез тиш қўйдиришим керак. Бироқ тишларим жуда майда, шунинг учун шифокор тиш қопламасини тўғри, чиройли, хавфсиз ва қулай ўрнатиш жуда қийин кечишини айтди. Нима қилсам бўлади?
М.ХОЛИҚОВА,
Наманган вилояти

– Бундай ҳолатларда тишни имп­лантат қўйдириш усулидан фойдаланиб даволаш мумкин. Протезлаштиришнинг бундай усулида жағ суяк тўқимасига тиш илдизи вазифасини бажарувчи имплантат қўйилади, сўнг тиш қопламаси ўрнини босадиган мосламага бириктирилади. Даволаш якунида метало керамик қоплама ёрдамида тишнинг анатомик шакли тикланади.
Бундай усулнинг афзаллиги шундаки, бунда тиш арраланмайди ёхуд текисланмайди. Бу усулда даволашга монелик қилувчи кўрсатма унинг узоқ вақт давом этиши билан боғлиқ. (Имплантатнинг суяк тўқимасига бирикиб кетиши учун ярим йил муддат керак бўлади, шундан сўнггина даволашнинг бошқа босқичлари бажарилади). Шунингдек, бундай хизмат тури анча молиявий жиҳатдан қиммат туришини ҳам унутмаслик жоиз.

Даволатилган тиш оғриганда


– Тишларимни шифокорда даволатганман. Аммо айнан даволатган тишларим оғриб безовта қилмоқда. Мен нима қилмоғим керак?
К. ТУРҒУНОВ,
Самарқанд вилояти

– Совуқ ҳарорат таъсирида тиш оғриса, демак тиш илдизи, милклар, тишни ўраб турувчи тўқималарда сурункали яллиғланиш жараёни кечаётган бўлади. Вазиятга рентген текширув аниқлик киритади. Тишда ҳосил бўлган бўшлиқ сифатсиз тўлдирилганда, суяк тўқимаси ва илдизларда яллиғланиш ўчоғи пайдо бўлганда тишларни қайтадан даволаш лозим. Тишларни даволашнинг шундай усуллари ҳам борки, унда тишларга зарар етказилмаган ҳолда асоратлар даволанади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам даволанган тишлар мижозни безовта қилмаслиги зарур.

Яна ўқинг:  Татуировка саратон ривожланишига сабаб бўлади

Милкларни даволаш


– Менинг милкларим қонаб, оғзимдан нохуш ҳид келади. Бу ҳол менга ноқулайликлар келтиряпти. Бундан қутулишга имкониятим борми?
Ё. МАМАТҚУЛОВ,
Хоразм вилояти

– Сизда албатта имконият бор. Муаммони ҳал қилиш учун сизга шифокор-парадонтологнинг ёрдами зарур. Сҳифокор сизни тўлиқ текширувдан ўтказиб, даво режасини тузади. Режага оғиз бўшлиғини малакали тарзда тозалаш (тиш тошларини йўқотиш), милк яллиғланишини даволаш ва умуммустаҳкамловчи даво муолажаси ҳамда витаминли терапия кабилар киритилади. Милк касаллигини албатта даволаш лозим, акс ҳолда, соғлом тишлар ҳам қимирлаб қолиб, аста-секин тўкилиб кетиши мумкин.

Ҳомила ва тиш дардлари


– Ҳомиладор аёл учун тиш оғриғини қолдирадиган қандайдир махсус воситалар борми?
Р. ИНОМОВА,
Сирдарё вилояти

– Энг аввало, бўлажак она оғриқ пайдо бўлишини кутмасдан тишларининг саломатлиги тўғрисида олдиндан қайғуриши керак. Ҳомиладор аёлларда тишларни даволаш, олиш ва муолажалар ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд. Дастлаб ҳомила муддати ҳисобга олиниши лозим. Аёл оғиз бўшлиғидаги сурункали микроблар ўчоғи, ­яъни кариесга дучор бўлган тишлар тўғридан-тўғри ҳомила ривожига ва бола саломатлигига акс таъсир кўрсатади.
Агар аёл тиш оғриғини сезса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиши лозим. Дори воситасини бир марта қабул қилиш ҳамиша ҳам салбий таъсир кўрсатавермайди. Бироқ тиш оғриганда оғриқ қолдирувчи дориворларнинг хусусиятларидан бехабар ҳолатда, ўз билганича қабул қилиш қатъиян маън этилади. Оғриқни қолдиришнинг самарали услубларини мутахассис шифокоргина барча жиҳатларни ҳисобга олиб қўллаши мумкин. Зеро, бугунги кунда ҳомиладор аёлларга зарарли таъсир этмайдиган махсус дори-дармонлар ҳам талайгина.

Саволларга шифокор-стоматолог

Қуролбек МАМАРАҲИМОВ жавоб берди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: