Билим ва салоҳият танлови
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, ҳар бир ташкилотнинг жон томирлари – унинг қуйи тизими, яъни бошланғич ташкилотлари эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Зеро, ислоҳотларни аҳолига етказиш, жойларда жамоатчилик ролини кенгайтириш учун ҳам қуйи тизимлар билан бирга бошланғич ташкилотлар бирдек масъулдир.
2011 йилдан бери Хотин-қизлар қўмитаси тизимида “Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Мазкур танлов қўмита тизимининг янада такомиллашуви ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган жонкуяр бошланғич ташкилотлар фаолияти қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда республика бўйича ўзини-ўзини бошқариш органлари, корхона, идора ва муассасалардаги бошланғич хотин-қизлар қўмиталари сони 40 миндан зиёддир. Бу йил ўтказилган танловнинг туман-шаҳар босқичларида 20 мингга яқин, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичида 2000 га яқин бошланғич ташкилот раислари иштирок этди. Уларнинг 84 нафари “Энг намунали маҳалла хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти”, “Энг намунали касб-ҳунар коллежи ёки академик лицей хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти”, “Энг намунали умумтаълим мактаби хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти”, “Энг намунали тиббиёт муассасаси хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти”, “Энг намунали корхона хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” каби олтита номинация бўйича республика босқичида баҳслашдилар.
Ўзининг зукколиги, билим даражаси ҳамда ўз ишига меҳри ва садоқати боис ғолибликни қўлга киритган хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилотлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА