Устозлар ибрати
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган Республика дизайн коллежида Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзолари билан талабалар ўртасида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув маънавият кунлари доирасида ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, рассом Темур Саъдуллаев ва замонавий бадиий жараёнда самарали ижод қилаётган мусаввир Зебунисо Шарипова йиғилганлар билан тасвирий санъатнинг сир-синоатлари ҳақида ўзаро фикр алмашди. Табиийки, бундай тадбирлар коллеж ўқувчиларининг ижодга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилиб, тажриба алмашиш имконини беради.
– Бугунги кунда коллежимизда 900 нафардан ортиқ ўқувчилар либос, компьютер графикаси, наққошлик, ўймакорлик, лойиҳаловчи дизайнер, рассомлик, кулолчилик каби йўналишларда таҳсил олмоқда, – дейди “Тасвирий санъат” кафедраси катта ўқитувчиси Адолат Имомова. – Маънавият кунлари доирасида ташкиллаштириб келинаётган мазкур тадбирга талабаларимизнинг қизиқиши юқори, бунга уларнинг фаоллиги мисолдир. Бундай мулоқотлар орқали ўқувчилар малакали рассомлар ижоди билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар.
Тадбирда таниқли рассомлар ижоди акс этган слайдлар намойиши ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жонли мулоқотдан сўнг ўқувчилар учун махсус маҳорат дарслари ўтказилди.
Д. МАЛИКОВА