“Тойчоқ” салати
Келаётган янги 2014 йил мучал бўйича От йили бўлганлиги боис, дастурхонимизда қуйидаги салатларни қўйишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳурматли уй бекалари, мазали таомлар ёнига мана шундай салатларни ҳам тайёрлаб қўйсангиз сиз оилангиз аъзоларини ҳайратлантиришни уддалаган бўласиз.
Керакли масаллиқлар:
2 дона қайнатиб пиширилган картошка ва 2 дона сабзи, 1 дона бодринг, 1 дона маринадланган бодринг, 300 гр. қайнатиб пиширилган товуқ гўшти (филс), 100 гр. ярим қуритилган колбаса, 4 дона қайнатилган тухум, 1 дона олма, 1 банка консерваланган кўк нўхат, майонез, таъбга кўра туз ҳамда мурч, безак учун эса зайтун меваларидан фойдаланасиз.
Уни тайёрлаш жараёни қуйидагича:
Тухумларни пўстидан тозалайсиз ва сариғини қирғичдан ўтказасиз. Оқини безак учун олиб қўясиз. Картошка, сабзи, бодринглар, колбаса ҳамда олмаларни тўртбурчак шаклида тўғраб, унга нўхатни қўшиб аралаштирасиз. Таъбга қараб туз, мурч ва керагича майонез солиб масаллиқларни обдон аралаштирасиз. Тайёр бўлган салатни ичи чуқур бўлмаган катта ликопчага жойлаштириб, рассомлик маҳоратингизни ишга соласиз. Яъни, тойчоқнинг бош қисмини ясайсиз, унинг устига тухум оқини қирғичдан ўтказиб сепиб чиқасиз. Кейин зайтун меваларини узунчоқ шаклда кесиб жонзотнинг бош шаклини безайсиз. Оғиз қисмига бироз кўкатдан жойлаштирасиз.
МЕҲРИБОНУ